Allyuviy



Аллювий (лотинча: аллувио – оқизиқ), шунингдек, аллювиал ётқизиқлар, оқар сувлар (дарё, ирмоқ ва бошқалар) билан оқиб келиб тўпланган ётқизиқлар. Аллювий дарёларнинг ўзани, қайир қисми ва водийдаги террасаларни ҳосил қилади. Кўпгина континентал чўқинди формацияларнинг шаклланишида муҳим рол ўйнайди. Аллювиал ётқизиқлар қалинлиги сув оқимининг катта-кичиклигига боғлиқ. Катта текисликлардаги аллювийнинг қалинлиги 10–20 метрга, кенглиги эса бир неча ўн км гача боради. Бу ётқизиқлар юқори унумдор ҳар хил тупроқлар (ўтлоқлар, ўтлоқ-ботқоқ ва ботқоқ) учун она жинс бўлиб хизмат қилади. Аллювиал ётқизиқлардан ташкил топган ҳудудлардан қишлоқ хўжалиги да кенг фойдаланилади. Қумқумоқли ва шағалли аллювийдаги тупроқларда ўрмон дарахтлари ўстириш ва боғдорчиликни ривожлантириш, қумоқ чўқиндили қайир ва аллювиал террасаларда эса ғўза, сабзавот ҳамда ем-хашак экинларини етиштириш мумкин. Аллювиал ётқизиқлардаги тупроқлар унумдор бўлишига қарамай ўғитларга, айниқса, калийли ўғитларга жуда талабчан.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
Ҳаволалар
| Викиомборда „Аллювий“ мавзуси бўйича медиафайллар бор. |