Алмин бобо[1] — (ХИВ аcп) яссавия тариқатининг мўтабар шайхларидан. Ҳазрати Садр ота (1300-йилларда яшаган)нинг халифаси. Пири вафотидан кейин тариқат раҳнамолигини давом эттирган. Тақво бобида намуна мактаби бўлган. Шайх Алмин бобо (Бу зот Элмин бобо ёки Эламон бобо деб аталадиган ўринлар ҳам бор) иршод хатини Мавлоно Ахмад Шайхдан олганлар. Шайх Алишайх (У тасаввуф тариқатининг жахрия (зохирий зикр) сулуқига мансуб бўлиб, маънавий-руҳий силсиласи Хўжа Аҳмад Яссавийга боғланади. Шайх Алишайх Хўжа Аҳмад Яссавийдан бошланадиган жахрия силсиласида тўққизинчи ҳалқада туради[2])га рухсати куллий берганлар.


Шайх Алмин бобо „Рашаҳот“ китобида Аламин бобо сифатида талқин этилган. „Ламахот“да ҳаётлари ва ҳолларига доир нисбатан мукаммалроқ маълумотлар берилган. Бу зотда жазбанинг кучли бўлганлиги бир нақл орқали баён этилган: "Садр ота Мавлоно Ахмад Шошийга дебдилар: „Алмин бобонинг аҳволидан хабардор бўлиб туринг!“. (83-бет) Ҳазрати Ахмад Шоший бу гапни васият ва ҳукм билиб, пирлари — ҳазрати Садр ота дунёдан ўтгач, Алмин бобони чорлайди. Аммо у киши хизматларига бормагач, Мавлоно Аҳмаднинг ўзлари Алмин бобо ҳузурига келади ва илтифот эца-да, рад жавобини олади, тўғридан-тўғри „Менинг сизга ҳожатим йўқ“ деб баёнот беради. Шунда Ҳазрати Мавлоно Аҳмад шижоат билан кўнгилларига таважжух қилибдилар. Алмин бобо юз тубан йиқилиб, ҳушидан кетади ва ўзига келгач, Мавлоно Аҳмадга инобат қиладилар. Шундан кейин у кишига тариқат сулуки иршоди берилади.


Ҳазрати Шайх Алмин бобо Оқдарё туманидаги Кумушкент қишлоғида вафот этганлар. Қабри шу қишлоқдаги қадимий қабристонда, Шайх Алишайх[3], Шайх Мавдуд билан бирга Ҳазрат Имом Али Суғдий мозоридаги алоҳида супада бўлган. Ватанимиз мустақиллиги шарофати билан ушбу маскандаги қабристонни ободонлаштириш ишларига жиддий киришилиб, 2000-йилдан эътиборан сезиларли ўзгаришлар амалга оширила бошланди.

Манбалар

  1. ↑ С. Мустафоев., М. Аблаев. „Туронзамин азиз авлиёлари ва уламолари тазкираси“ -  „Сано-стандарт“ : 2015. 
  2. ↑ Қаранг: Ўзбекистон Марказий давлат архиви ф.и — 323, оп.2, инв. 90.
  3. ↑ „Қосим Шайх Азизон“.