Алотхона — Бухоро вилояти, Бухоро тумани Лоша фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли пукти номи. Алотхона „арлот уруғи вакиллари яшайдиган маскан“ деган маънони англатади. Алотхона топоними икки қисмдан иборат: алот+хона. „Арлот“ сўзи эса арлот/олот/аллот шаклига эгадир. "Арлот қабила номидан келиб чиққан бўлиб, диалектиал талаффузга эга. Хона сўзи эса изоҳли луғатда "уй ёки бинонинг девор билан ажратилган қисми, бўлма деб таъриф берилади. Аслини олганда форсча-тожикча бўлган хона сўзидан „бирор буюм турадиган, сақланадиган жой“, „иш жойи“ маъносидаги кўплаб сўзлар ясалган. Масалан тўпхона, отхона, молхона, нонхона ва бошқалар. Тадқиқотчи Х.Дониёров ўз монографиясида арлот этнонимини олот шаклида берган. С.Қориев эса арлот қабиласи „92 бовли ўзбек қавмлари“ қаторида „Жоме ат-таворих“, „Равзат ус-сафо“, „Шайбонийнома“да, „Абдулланома“, „Шажарайи турк“ асарларида, Навоий асарларида учратганини ёзган. Заҳириддин Муҳамад Бобур „Бобурнома“ асарида „Олот“ атамаси туркий сўз бўлиб, у қимматбаҳо бир ашё, буюм сифатида тилга олинган. Олот атамаси туркий арлот (орлот) уруғидан келиб чиққанлиги тахмин қилинади[1]. Тарихчи ва ҳукмдор Абулг’ози Баҳодирхон ўз асарида арлот сўзини „ўз онасининг севган ўғли“ деб ёзади. Арлотлар ўзбек қавмларининг энг кўп тарқалганлардан биридир. Ушбу қавм Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм ва шунингдек Авғонистоннинг шимолида кенг тарқалган. Бухоро вилоятининг Олот тумани, Пешку туманидаги Алот аҳоли пункти номи арлот билан алоқадор. Олот туманида Юқори Олот ва Эски Олот топонимлари ҳам мавжуд[2].

Манбалар

  1. ↑ Ражабов Қ, Ҳайдаров Й. Олот туман тарихи (қисқача ма’лумотнома). Тошкент: Тафаккур, 2015 — 48-бет. 
  2. ↑ Адизова Н. Бухоро тумани топонимлари. Тошкент: Навро’з, 2020 — 115-бет.