Алоуддин Самарқандий (арабча: علاء الدين سمرقندي — Алоуддин Самарқандий — Тўлиқ исми: Шамсулислом Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад Самарқандий (вафоти 1144-йил)) — фақиҳ ва муҳаддис.

Алоуддин Самарқанди
Шахсий маълумотлар
Дини Ислом
Танилган соҳаси фақиҳ, муҳаддис

Алоуддин Самарқандий — фақиҳ олим. Аллома мусулмон дунёси тарихида ўз ўрнига эга бўлиб, Шамсулислом - ислом қуёши деб аталган.

Ҳаёти

Самарқандда таваллуд топган. Кейинчалик Бухорога кўчиб борган ва ҳаётининг аксар қисмини у жойда ўтказган. Бир мунча вақт Балхда яшаб, яна Бухорога қайтган. Фиқҳ илмини Абулмути’ Макҳул­нинг набираси Абулму’ин Маймун Макҳулий (вафоти 508/1114-йил) ва Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Мусо Садру-л-ислом Абулюср Паздавий (вафоти 493/1099-йил)лардан ўрганиб, ўша даврининг буюк алломаси сифатида тан олинган ва ҳанафий ҳуқуқшунослиги тараққиётига муҳим ҳисса қўшган. Ҳанафий мазҳаби вакили, Имом Мотуридий издоши, мотуридийлик таълимотининг тарқатувчиси. Асарлари асосан фиқҳ, тафсир, ҳадис, усул, ақоид, калом илмига бағишланган. Алоуддин Самарқандий номини машҳур қилган фақат шу асарлар эмас, балки, унинг фиқҳ илмини билишда отасига тенг кела оладиган, фатволарга отаси билан бирга муҳр қўйиш ҳуқуқига эга Фотима бинт Муҳаммад исмли соҳибжамол қизи ҳам бўлган. Алоуддин Самарқандий қизи Фотимани ёшлигиданоқ тарбиялаб, истеъдодли фақиҳ ва олим даражасига етказган. Фотима фатво бериш ваколатига эга бўлиб, ушбу соҳада отаси билан ҳамкорлик қилиб келган. Алоуддин Самарқандийнинг шогирди қорахонийлар даврининг буюк фақиҳи имом Абу Бакр ибн Мас’уд Косоний устозининг „Туҳфату-л-фуқаҳо“ („Фақиҳлар туҳфаси“) номли асарига „Бадойи’у -с-санои’ фи тартиби-ш-шарои’“ („Шариат қоидалари бўйича нодир манба“) номли уч жилдлик шарҳ ёзиб, ўз устозига тақдим этган. Алоуддин Самарқандий шарҳдан шунчалик мамнун бўлганки, қизини ушбу шогирдига никоҳлаб берган. Келиннинг маҳрига отаси китобига ёзилган беназир шарҳ кифоя қилган. Шундай қилиб, одамлар орасида „Туҳфа“сини шарҳ этиб, қизини олди", деган гап машҳур бўлиб кетган. Алоуддин Самарқандийнинг шогирдларидан яна бири, илм аҳли орасида эътиборли бўлган Зиёуддин Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Наср ибн Абдулазиз Навсухийдир. Муҳаммад Навсухий қорахонийлар даврида Мовароуннаҳр илм соҳиблари­нинг энг буюкларидан „Ал-ҳидоя“ асари муаллифи Бурҳониддин Марғинонийга фиқҳ ва ҳадис илмларидан сабо қ берган устозидир.[1]

Илмий мероси

Алоуддин Самарқандий фиқҳий масалаларни ҳал этишда ўтмиш ва замондош фақиҳларнинг фатволарини туркумларга ажратган, жамлаган. „Шарҳ ал-Жоми’ ас-сағир“ („Кичик тўплам шарҳи“), „Шарҳ ал-Жоми’ ал-кабир“ („Катта тўплаш шарҳи“), „Шарҳ Мухтасар ат-Таҳовий“ („Мухтасар Таҳовий шарҳи“) каби фиқҳий асарларга шарҳлар ёзган. Усул фиқҳ бўйича „Мизан ал-усул фи натоиж ал-уcул“ („Ақллар ўлчамида асослар тарозуси“) ҳамда „Лубоб фи усул ал-фиқҳ“ („Фиқҳ асосларининг юраги“) каби асарлар. Фуру’ фиқҳ бўйича „Туҳфат ал-фуқаҳо“ („Фақиҳлар туҳфаси“), „Мабсут“ ва „аз-Зиёдот“ („Қўшимчалар“). Тафсир илмига оид асари „Шарҳ ат-таъвилот ал-матуридия фи баян ал-усул аҳл сунна ва усул ат-тавҳид“ ("Мотуридийнинг тавҳид ва аҳли сунна асослари борасидаги „Таъвилот“ асари шарҳи") деб номланади. Бу асар „Шарҳ ат-Таъвилот“ („Қур’он таъвиллари шарҳи“) номи билан ҳам машҳур.

Фаолияти

Алоуддин Самарқандий ўз давридаги Қур’он шарҳи ва калом илми бўйича вужудга келган муаммоларни Имом Мотуридий услуби асосида ҳал этишга ҳаракат қилган. Мотуридийнинг тафсирини янги шарҳлар билан бойитиб, шу йўл билан ҳанафий мазҳабини ҳимоя этишга ҳаракат қилган. Алоуддин Самарқандий тафсирларида ўз давридаги мавжуд оқимларга илмий раддиялар берилган, ақидавий масалаларга доир оятларга эса, суннийлик йўналишига мос тарзда ечимлар келтирилган. Шу жиҳатдан олиб қараганда Алоуддин Самарқандий асарлари тафсиршуносликнинг ҳанафийлик йўналиши бўйича нодир манбалардан ҳисобланади. Асар Х-ХИИ асрларда ва ундан кейинги даврлардаги тафсир илми хусусиятларини ўрганиш ҳамда бу борада янги маълумотларни тақдим этишда муҳим аҳамият касб этади[2].

Манбалар

  1. ↑ Ўрта аср шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий-фалсафий мероси энсиклопедияси. — Самарқанд. Имом Бухорий халқаро маркази, 2016. — Б. 545.
  2. ↑ Махсудов, Абдуллаев, Чўтматов 2022, с. 24.



Адабиётлар

  • Махсудов Д, Абдуллаев А, Чўтматов Ж.. Мовароуннаҳрлик ўн муфассир. Янги аср авлоди, 2022 — 64-бет. ИСБН 978-9943-8593-0-2.