Алтернариозлар — ўсимликларнинг замбуруғли касалликлари. Экинларда Алтернариозларни Алтернариа туркумига мансуб замбуруғлар қўзғатади. Касалланган ўсимлик тўқималари устида сапрофит замбуруғ — алтернария тўқ жигарранг духобасимон доғ ғубор ҳосил қилиб ривожланади. Доғлар доирасида тўқималар аста-секин ўлади. Дон экинлари, картошка, олма, карам, нок, резаворлар ва бошқаларга катта зарар етказади. Ғўзада учрайдиган Алтернариозлар чаноқлардаги пахтани бузади. Тола технологик хусусиятларини, чигит мойдорлик ва унувчанлигини йўқотади. Ўта намгарчилик, кузнинг эрта бошланиши, ҳашаротлар (ўсимлик битлари, ўргимчаккана, кўсак қурти) касалликнинг тарқалиши ва ривожланишига сабаб бўлади. Кураш чоралари: ўсимлик қолдиқларини йиғиштириб олиш, кузги шудгорлаш, уруғликни дорилаш, вегетасия даврида ўсимликка фунгицидлардан синебнинг 1,5%ли суспензиясини пуркаш (яна қаранг Замбуруғли касалликлар).

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил