Амин Турдиев (1910-йил 10-август, Тошкент – 1978-йил 13-март) – актёр, режиссёр Ўзбекистон халқ артисти (1955). Тошкент педагогика билим юртини тугатган (1927). Москва Бадиий театри қошидаги режиссёрлик курсида ўқиган (1947). Интернатда, сўнг „Урфон“ мактаби қошидаги драма тўгарагида қатнашиб, „Бахциз куёв“ спектаклида куёв ролини ўйнаган. Актёрлик фаолиятини Ҳамза театри кршидаги Ишчисайёр театрида бошлаган (1929—1932), сўнг асосий труппага (1932—1933) ўтган. „Ҳужум“ (Ян, Чўлпон)да Сартарош (Эшон), „Ҳалима“ (Ғ.Зафарий)да Ҳаммол ва Бибинисо кампир, „Арслон“ (Фитрат)да деҳқон йигит ролларида чиққан. Самарқанд, Наманган вилоят театрларида бадиий раҳбар (1934—1937), Андижон театрида бош режиссёр (1951—1952), Ёш томошабинлар театрида бадиий раҳбар (1963—1967). Турдиевнинг ҳаёти ва ижоди Ҳамза театри билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, 1939—1951, 1952—1963 ва 1967—1978-йиллар шу театрда актёр, режиссёр сифатида фаолият кўрсатган. Иккинчи жаҳон уруши даврида „Жалолиддин“ (М. Шайхзода) спектаклида Чингизхон образини яратган. Умуман, актёр сифатида Турдиевнинг маҳорати салбий ва характерли образлар талқинида ёрқин намоён бўлган. Заргаров (А.Қаҳҳор, „Оғриқ тишлар“), Ҳусайн Бойқаро (Уйғун, И.Султан, „Алишер Навоий“), Кассио (У.Шекспир, „Ҳамлет“), Жон Роберцон (Ю. Кроткое, „Жон – тинчлик аскари“), Абдусалом (Э.Воҳидов, „Олтин девор“) каби яратган образларида ташқи қиёфасига, қаҳрамонларнинг хаттиҳаракати, юриштуришига, нутк, ига катта эътибор берган. Саҳна нутқидаги маҳорати туфайли у кўп йиллар Н.Раҳимов билан „Табассум“ радиожурналини олиб борган. Режиссёр сифатида миллий театрда „Бургутнинг парвози“ (И.Султон; И.Берсенев билан ҳамкорликда), „Кечирилмас гунохлар“ (И. Ўктамов), „Шамсиқамар“ (М. Аблиев), „Туркия ҳақида ҳикоя“ (Н.Ҳикмат; А.Гинзбург билан ҳамкорликда) спектаклларини сақналаштирган. Турдиев кинода ҳам эсда қоларли образлар яратди (Раис, „Стадионда учрашамиз“; Қодирқул мингбоши, „Бой ила хизматчи“; Бекларбеги, „Фурқат“ ва бошқалар)[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар