Амин Умарий (1913-йил 20-май, Қўқон −1942-йил 14-ноябр, Тошкент) – ўзбек шоири, драматург, таржимон. Самарқанд педакадемиясида ўқиди. Ишчи факултети, ЎзДУ ва Тошкент давлат педагогика институтида дарс берди (1935 – 36). „Гулистон“, „Ўзбекистон адабиёти ва санъати“ журналлари ҳамда „Қизил Ўзбекистон“ газетасида ишлади (1937 −1941).

Амин Умарийнинг „Янгроқ садолар“ (1932), „Давр тантанаси“ (1933), „Ёшлик“ (1935), „Фарзанд“, „Садоқат“, „Шеърлар“, „Болалик қўшиқлари“, „Овозим“ (1937-1939), „Қасамёд“ (194?) каби шеърий тўпламлари, „Тошотар“, (1939) каби ҳикоя ва очерклари босилиб чиқди. Амин Умарийнинг 1938-йиллардаги шеърларида ёшлик туйғулари, қайноқ қалб орзулари, яратди ва юксалиш иштиёқида меҳнат қилаётган кишиларнинг кечинмалари акс эттирилган бўлиб, улар чуқур лиризм, образлар, тасвир воситаларнинг жозибадорлиги, тилининг содда ва ёрқинлиги билан ажралиб туради.

Амин Умарийнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги шеърларида кишиларимизнинг жасорати, матонати куйланган. Амин Умарий Яшин билан ҳамкорликда „Ҳамза“ (1940), Туйғун билан биргаликда „Қасос“ (1941) драмаларини яратган. У Г. Гейне, Т. Шевченко, М. Ю. Лермонтов асарларидан айримларини ўзбек тилига таржима қилди. Ас: Танланган асарлар, Т.: 1951; Шеърлар, Т.: 1973. Ад:. Олимжон А., Амин Умарий, Т.: 1954; Икромов О., Амин Умарий, Т.: 1964[1].

Манбалар

  1. ↑ "Амин Умарий" ЎзМЕ. А-ҳарфи[сайт ишламайди] Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар