Aminjon Ziyovuddinov
Аминжон Зиёвуддинов (1890-йил Бухоро — ?) — „Ёш бухороликлар“ партияси аъзоси, китобчилик палатасида илмий ходим. Ялтадаги „Ўзбекистон“ санаториясида шифокор бўлиб ишлаган Баҳовуддин Аминжоновнинг отаси.
| Аминжон Зиёвуддинов | |
|---|---|
| Таваллуди |
1890-йил |
| Фуқаролиги | Бухоро амирлиги, Бухоро Халқ Совет Республикаси, СССР |
| Касби | Мударрис |
| Болалари | Баҳовуддин Аминжонов |
Фаолияти
1890-йили Бухоро шаҳрида туғилган. Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Ёшликдаги дўсти Азимжон Шарипов билан бирга таълим олган. Талабалик йилларида бошқа тараққийпарварлар қатори Бухоро жадидлари қаторига қўшилишган. Аминжон Зиёвуддинов „Ёш бухороликлар“ ташкилотининг фаол аъзоларидан бўлиб, Бухоро тарихига оид китоблар билимдони эди. Улар Бухоро амирлигининг эски бошқарув тизимини ислоҳ қилиш ва уни замонавий бошқарувга ўзгартиришга ҳаракат қилган. Бухоро жадидларининг бу интилишлари Бухоро амири Саид Олимхон ва унинг тарафдорлари томонидан жиддий қаршиликка учрайди. Бунинг натижасида кўплаб „Ёш бухороликлар“ ташкилоти аъзолари амирликдан бадарға қилинади. Шундан кейин тараққийпарварлар Совет давлати билан ҳамкорлик йўлига ўтган.
1914-йил ёш тарихчи олим Аҳмад Закий Валидий Тўғон Бухоро шаҳрига биринчи марта келганида Аминжон Зиёвуддиновнинг уйида яшаб, маслаҳатлар олган[1]. Аминжон Зиёвуддинов 1920-йил амирликнинг ағдарилиши натижасида вужудга келган Бухоро Халқ Совет Республикасида қатор нуфузли вазифаларда ишлаган. 1921-йилда бу сафар сиёсий мақсадни кўзлаб Бухоро заминига келган Заки Валидий яна Аминжон Зиёвуддинов хонадонида меҳмон бўлган. Бу эса унинг Бухоро сиёсий ҳаётидаги ўрни юқорилигидан дарак беради[2].. Ўғли Баҳовуддин дастлаб жадид мактабида савод чиқарган, сўнг мадраса таълимини олиб форс, араб тилларини мукаммал ўрганган. Аминжон Зиёвуддинов 1922-йилнинг кузида ўғлини Германияга ўқишга жўнатади. 1938-йил қатағонлари Баҳовуддин Аминжоновни ҳам четлаб ўтмаган. 1938-йил 8-октябрда отишга ҳукм қилинган[3].
Қатағон қилиниши
Аминжон Зиёвуддинов ЎзССР НКВД ҳузуридаги „учлик“нинг 1937-йилнинг 5-ноябридаги қарори билан аксилинқилобий „Миллий Иттиҳод“ ташкилотининг азоси, миллатчи, Файзулла Хўжаев билан яқин алоқада деган айблар билан 10 йил муддатга меҳнат лагерига ишлаш учун ҳукм қилинган, жазо муддати 1937-йилнинг 21-августидан бошлаб ҳисобланган. Кейинги тақдири номаълум.
Манбалар
- ↑ „15 дақиқалик суд ва ўлим жазоси — шифокор Баҳовуддин Аминжоновнинг айблов баённомаси ҳақида“. ҳудуд.уз (2022-йил 28-сентябр). 2023-йил 23-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 23-июл 2023-йил.
- ↑ „15 дақиқалик суд ва ўлим жазоси – Баҳовуддин Аминжоновнинг айблов баённомасида нималар кўрсатилган эди?“. ойина.уз (2022-йил 30-август). Қаралди: 22-июл 2023-йил.
- ↑ М.Каримова „Катта қирғин:Германиядан қайтгач отилган ўзбеклар ёхуд дунёга танилган Туркистон ёшлари тақдири“ (2021-йил 8-январ). Қаралди: 23-июл 2023-йил.