Ҳайдар (Саййид Ҳайдар, Ҳайдар тўра, Амир Ҳайдар, Амир Саййид Ҳайдар, Абул Фатҳ Саид Амир Ҳайдар Баҳодур подшоҳ, Амири Саййид) (1778-йил, Бухоро, Бухоро хонлиги — 1826-йил 6-октябр, Бухоро, Бухоро амирлиги) — Бухоро амирлиги ҳукмдори (1800—1826). Манғитлар ўзбек сулоласининг 4-ҳукмдори ва ушбу сулоланинг 2-амири. Давлат арбоби ва саркарда. Қарши вилоятининг ҳокими бўлган (1800-йил 2-декабргача).

Ҳайдар
(Ҳайдар тўра, Амир Ҳайдар, Амир Саййид Ҳайдар, Абул Фатҳ Саид Амир Ҳайдар Баҳодур подшоҳ, Амири Саййид)
Ҳайдар
 Бухоро амирлиги ҳукмдори
Мансаб даври
1800-йил 2-декабр – 1826-йил 6-октябр
Ўтмишдоши Амир Шоҳмурод
Вориси Амир Ҳусайн
 Қарши вилояти ҳокими
Мансаб даври
? – 1800-йил 2-декабр
Монарх Амир Шоҳмурод
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1778-йил
Бухоро, Бухоро хонлиги
Вафоти 6-октябр 1826-йил(1826-10-06)
(48 ёшда)
Бухоро, Бухоро амирлиги
Фуқаролиги Бухоро хонлиги →
Бухоро амирлиги
Болалари Амир Ҳусайн
Амир Насруллоҳ
Амир Умар
Абдуллоҳ
Забир
Жаҳонгир
Онаси Шамсиябону
Отаси Амир Шоҳмурод

Амир Ҳайдар замондошлари томонидан Амири Саййид — Саййидлар амири номи билан улуғланган.

Келиб чиқиши

Ҳайдар Муҳаммад Шоҳмурод хонадонида 1778-йили Бухорода туғилган. Манғитлар ўзбек сулоласининг машҳур вакилларидан бири. Бу даврда унинг бобоси Муҳаммад Дониёлбий оталиқ унвонида Бухоро хонлигининг амалий ҳукмдори эди. Оилада тўнғич фарзанд эди. Унинг ота томонидан шажараси қуйидагича эди: Амир Ҳайдар — Амир Муҳаммад Шоҳмурод — Муҳаммад Дониёлбий оталиқ — Худоёрбий оталиқ — Худойқулибий — Келдиёрбий — Човушбой. Унинг бобокалони Човушбой ўз даврида ўзбек қавмлари орасида манғит уруғининг жуда бой-бадавлат кишиси бўлган[1].

Ҳайдарнинг онаси Аштархонийлар ўзбек сулоласининг вакили ва Бухоро хонлиги ҳукмдори Абулфайзхоннинг (1711—1747) қизи Юлдуз бегим (Шамсиябону ёки Бону Шамс деб ҳам номланган) эди. Унинг она томонидан насаби 2 тармоқ бўйлаб Чингизхонга ва бошқа 2 тармоқ бўйлаб Муҳаммад пайғамбарнинг авлодлари саййидларга етади. Унинг қиёфасида Аштархонийлар ва Манғитлар ўзбек сулолалари ўзаро мужассамлашган.

Чингизхонга етадиган биринчи тармоғи қуйидагича: Амир Ҳайдар — Шамсиябону — Абулфайзхон — Субҳонқулихон — Надр Муҳаммадхон — Дин Муҳаммадхон — Жонибекхон — Ёрмуҳаммадхон — Манғишлоқхон — Чавоқ — Муҳаммадхон — Темур султон — Темур Қутлуғ — Али Темур — Қутлуғ Темур — Тумаған — Абай — Ўзтемур — Тўқай Темур — Жўжихон — Чингизхон.

Иккинчи тармоғи: Амир Ҳайдар — Шамсиябону — Абулфайзхон — Субҳонқулихон — Надр Муҳаммадхон — Дин Муҳаммадхон — Зуҳра биби — Искандархон — Жонибек султон — Ёрмуҳаммадхон — Хожа Муҳаммад султон — Абулхайрхон — Давлацҳайх ўғлон — Иброҳимхон — Пўладхон — Суранижхон —Маҳмудхожахон — Қаанбой султон — Алпан султон — Мунка Темурхон — Бадақул султон — Жўжи Буқа — Баҳодирхон — Шайбонхон — Жўжихон — Чингизхон.

Саййидларга етадиган биринчи тармоғи қуйидагича: Амир Ҳайдар — Шамсиябону — Абулфайзхон — Субҳонқулихон — Надр Муҳаммадхон — Шамсиябону — Мирзо Бадиуззамон — Мирзо Муҳаммад Амин Машҳадий — Мирзо Муҳаммад Сафар — Мирзо Муҳаммад Муҳсин — Мирзо Али Ризо — Мирзо Муҳаммад Тақи — Мирзо Саййид Абу Солиҳ — Мир Саййид Муҳаммад Муъин — Мирзо Ҳидоятуллоҳ — Мирзо Саййид Нуриддин Муҳаммад — Мир Жалолиддин Муҳаммад — Мир Саййид Абу Муҳаммад — Имом Муҳаммад Аскарий — Имом Али Нақи — Имом Муҳаммад Тақи — Имом Мусо Али ибн Ризо — Имом Муҳаммад Козим — Имом Муҳаммад Жаъфар Содиқ — Имом Муҳаммад Боқир — Имом Зайнулобидин — Имом Муҳаммад Ҳусайн — амир ал-мўминин Али ибн Абу Толиб[2].

Иккинчи тармоғи: Амир Ҳайдар — Шамсиябону — Абулфайзхон — Субҳонқулихон — Подшоҳ ойим — Жўйбор шайхлари — … — амир ал-мўминин Али ибн Абу Толиб.

Ёшлик йиллари

Ҳайдар Бухоро мадрасаларида 10 йил таҳсил олиб, Қур’они Карим шарҳи ва ҳадис илмларини пухта эгаллаган. Амир Шоҳмурод ўғлининг мукаммал маълумот оилишига катта эътибор қаратган. Ҳайдар нақшбандия тариқати шайхларидан ҳам дарс олган. У илмий мажлислар ва мунозаралар пайтида кўпчилик диний илмларда бошқа уламолар устидан ғолиб чиққан.

Сиёсий фаолиятининг бошланиши

Амир Шоҳмурод ўғли Ҳайдарни амирликда катта нуфуз касб этиб бораётган Насаф (Қарши) вилоятига ҳоким қилиб тайинлаган. Шундан сўнг Бухоро амирлиги тахтининг валиахдининг (ворисининг) Қаршида ҳокимлик қилиши ХИХ аср ўрталаригача анъана тусини олган (ХИХ аср ўрталаридан бошлаб валиаҳд Кармана вилоятига ҳокимлик қилган).

Бухоро амирлиги ҳукмдори

Ҳайдарнинг отаси Амир Шоҳмурод 1800-йил 30-ноябрда вафот этгач, унинг вориси сифатида 1800-йил 2-декабрда 22 ёшида Қарши вилоятидан Бухорога келиб, Бухоро амирлиги тахтига ўтирган ва „амир ал-мўминин“ унвонини олган. У 26 йил давомида амирликни бошқарган. Амир Ҳайдардан бошлаб давлат ҳукмдорлари исмларидан олдин саййид (ёки саид) унвонини ҳам қўшиб олишган. Амир Ҳайдар фармонлари остига Абул Фатҳ Саид Амир Ҳайдар Баҳодур подшоҳ деб муҳр босган ва имзо чеккан. Амир Ҳайдар отаси Амир Шоҳмуроднинг диний сиёсатига қатъий амал қилган.

Хуллас, Амир Ҳайдар отаси сиёсатини, айниқса, уламо ва олимларга муносабат ва ташқи сиёсат борасида изчиллик билан давом эттирган. У Бухоро амирлигида вужудга келган кескин сиёсий вазиятни юмшатишга ҳаракат қилган. Шу билан бирга Амир Ҳайдар Бухоро амирлигидаги марказий ҳокимиятга бўйсунишдан бош тортиб, айирмачилик (сепаратистик) кайфиятларни намоён қилаётган Шаҳрисабз, Китоб, Ургут, Миёнқол ва Самарқанд ҳокимларига қарши жанглар олиб боришга мажбур бўлган. Маҳаллий ҳокимларнинг сиёсий ҳокимият учун курашда у оддий аҳолининг ортиқча қон тўкилмаслиги учун кўпинча муроса ва келишув йўлини танлаган. Масалан, Амир Ҳайдар ўз ҳукмронлигининг дастлабки йилларида Қўқон хонлиги билан бўлган урушда кўрсатган ёрдами учун Шаҳрисабзнинг маҳаллий ҳокими Дониёр валлома Ниёзали ўғлига Шаҳрисабз вилоятини мулк сифатида тақдим этган. Натижада, Шаҳрисабз воҳаси 1858-йилгача ярим мустақил бошқарувни ўз қўлида сақлаб қолган.

Амир Ҳайдар бошқа Манғитлар ўзбек сулоласи ҳукмдорларидан фарқли равишда ўз қўшинидаги аскарларга мунтазам равишда маош тўлаган. Бундан ташқари у давлатдаги бир неча минг солиққа тортувчи амалдорларга йиллик маош тўлаган ва уларга ҳар йили 2-марта сарпо улашган. Амир Ҳайдар 12 минг камбағал, етим-есир, қашшоқ, дарвеш, муҳожир ва бошқакарга ҳамда муллаларга ҳар йили нафақа бериш учун катта ниқдорда маблағ ажратган. Хусусан, у шайхларга катта эҳтиром кўрсатган. Нақшбандия-мужаддадия таиқатининг Даҳбеддаги пешвоси Муҳаммад Амин Даҳбедий Амир Ҳайдарнинг иккинчи муршиди бўлган.

Амир Ҳайдар ҳукмронлиги даврида тобора кучайиб бораётган Қўқон хонлиги ва Хоразм билан муносабатлар анча ёмонлашган. Бухоро давлатига азалдан тобе ҳисобланган Тошкент, Туркистон, Ўратепа, Хўжанд ва бошқа шаҳарларга Қўқон хонлигининг тажовузи авж олган. 1810-йилларда Амир Ҳайдар Қўқон хонлиги ҳукмдори Олимхон (1801—1810) билан Тошкент, Ўратепа, Жиззах, Зомин ва бошқа вилоятлар учун жанг олиб боришга мажбур бўлган ва бу ҳудудлар бир неча марта қўлдан-қўлга ўтиб турган. Ниҳоят, у бу вилоятларнинг аксариятини Бухоро ихтиёрига қайтариб, илгари қўлдан чиқарилган мамлакат ҳудудларини асл ҳолига келтирган. Ўратепа ҳокими Бобобек парвоначи ўз қизини Бухоро амирлиги ҳукмдорига узатиб, ўртада сулҳ тузилган. Бу байтда душманлар қутқуси билан Амир Ҳайдарга қарши чиққан амакилари Умарбий ва Фозилбийлар Насафни (Қаршини) эгаллашган, Самарқандда ҳам исён кўтарилган. Амир Ҳайдар улар устига катта қўшин билан келиб, бошвоқсиз беклар ва исёнкор амакиларини мағлубиятга учратган ҳамда Умарбий ва Фозилбий, уларнинг 2 ўғли ва кенагаслардан 200 кишини қатл қилдирган. Амир Ҳайдар марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун Самарқандга Давлат қўшбегини, Жиззахга Афлотун тўқсабони, Ўратепага Мулло Эрназарбийни, кейинчалик Марвга Ёрлақаббийни ҳоким қилиб тайинлаган.

Ташқи сиёсати

Ҳайдар Хуросонга ҳам ҳарбий юришлар қилиб, Балх (1817), Бадахшон, Қундуз ва Майманани Бухоро амирлигига қайтарган. Хусусан, Балх мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга бўлган стратегик шаҳар эди. У афғон шоҳи Шужо ул-Мулк (1803—1809) билан дўстона муносабатлар ўрнатишга интилган.

Амирликка қўшни давлатларнинг ҳукмдорлари Амир Ҳайдар ҳукмронлигини заифлаштириш мақсадида унинг сарой аёнлари ва вилоят ҳокимлари, қариндош-уруғлари ва яқин кишиларига турли ваъдалар бериб, уларнинг ўзаро тотувлигига путур етказишга интилганлар. Масалан, Марв вилояти ҳокими ва Амир Ҳайдарнинг укаси Динносирбек (Дин Носирбек, Носириддин) Хоразм хони Элтузархон (1804—1806) қутқусига учиб, 1804-йили акасига қарши бош кўтаради. Марказий ҳокимиятга қарши исён кўтарган Динносирбек 4 минг аскар билан Марвдан чиқиб, Чоржўйга келганида Амир Ҳайдар унга қарши Ниёзбек парвоначини 10 минг кишилик қўшинга қўмондон қилиб жўнатган. Динносирбек мағлубиятга учраб, аҳли аёли билан аввал Марвга, сўнгра Машҳадга (Эронга) — Фатҳ Алишоҳ (1797-1834) ҳузурига қочган. Ниёзбек парвоначи Марвни эгаллаб, Банди Султон тўғонини буздириб, 1806-йили Бухорога қайтган.

Амир Ҳайдар туркманлардан 200 оилани Марвга кўчириб, уларнинг йўлбошчиси Ёркақаббийни Марвга ҳоким қилиб тайинлаган. Шу аснода Хоразм хони қўшинларининг Бухоро амирли сарҳадларига, ҳатто, мамалакат ичкарисига уюштирган талончилик ҳужумлари кучайган. Хоразм хони Элтузархон бир неча марта Бухорога ҳарбий босқинлар уюштирган. Ана шундай юришларнинг бирида Ниёзбек парвоначи бошчилигида 20 минг кишилик Бухоро қўшинидан Хоразм қўшини мағлубиятга учратган. Элтузархон мағлубиятдан кейин Амударёдан қочиб ўтаётганда дарёга ғарқ бўлиб ўлган. Элтузархоннинг 3 биродари ва кўплаб хоразмликлар асир тушишган. Амир Ҳайдар мурувват кўрсатиб, марҳум Элтузархоннинг кичик биродари Қутлуғмуродхонни 400 асир билан биргаликда озод қилиб, Урганчга жўнатган. Бироқ кейинчалик Хоразмнинг янги хони ва Элтузархоннинг укаси Муҳаммад Раҳимхон И (1806—1825) 1826—1824-йилларда Бухоро амирлигига тегишли Фороб, Чоржўй, Пойкендга талончилик юришлар қилган. Бир қатор жанглардан сўнг Амир Ҳайдар 1825-йили у билан сулҳ тузган.

Шунингдек, қўшни давлатлар Бухоро амирлиги ичида кўтарилган турли ғалаёнлардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга уринишган. 1821—1825-йилларда Амир Ҳайдарнинг солиқ сиёсатига қарши хитой-қипчоқлар кўтарган Миёнқол қўзғолони ҳам катта қийинчилик билан бостирилган. Тарихий манбаларга кўра, бу қўзғолон авж олишига Қўқон хонлиги ва Хоразм хонлари ўз таъсирларини кўрсатиб, Бухоро амирлигини заифлаштирмоқчи бўлишган.

Дипломатик муносабатлар

Амир Ҳайдар Россия империяси ва Усмонли империяси билан дипломатик алоқаларни давом эттирди. 1801-йилда унинг элчиси Мирзо Хожа Собир Истанбулга келади[3].

1803-йилда Бухоро элчиси Ишмуҳаммад Байкишиэв Петербургда Россия императори Александр И томонидан қабул қилинди[4].

1815-йилда Бухоро элчиси Муҳаммад Юсуф девонбеги Россия императорини Наполеон устидан қозонилган ғалаба билан табриклаш учун Петербургга келди[5]..

Маданият соҳасидаги сиёсати

Амир Ҳайдар ҳукмронлик қилган даврда амирликда илм-фан, хусусан, тарихшунослик ва ислом илмлари гуллаб-яшнаган. У Константинопол, Кобул ва бошқа шаҳарлардан мадрасаларда дарс беришда фойдаланиладиган кўплаб қўлёзма китобларни олиб келтиртириб, улардан нусха кўчиртирган. Унинг ўзи мунтазам равишда 400—500 талабаларга сабоқ берган, мадрасаларда отаси каби дарс ўтган. Амир Ҳайдарнинг ўзи фиқҳга оид „Ал-фавоид ал-алфия“ номли асар ҳам ёзган.

Амир Ҳайдар давлат ҳужжатларини системалаштиришга алоҳида эътибор қаратган Манғитлар ўзбек сулоласининг дастлабки ҳукмдорларидан бири эканлиги билан ҳам диққатга сазовор.

Амир Ҳайдар саройида шоир Ҳозиқ, шоир ва тарихчи Мирзо Содиқ Жондорий, тарихчи олимлардан Мулла Ибодуллоҳ ва Мулло Муҳаммад Шариф, Муҳаммад Шариқ ибн Муҳаммад Нақий, Мир Зоҳид Хўжа Садр ул-Ҳаттоб, Абдулкарим Бухорий, Мирий (Амир Ҳайдарнинг укаси Мир Ҳусайн), Муъин, Муҳаммад Яқуб Бухорий (Амир Ҳайдарнинг амакиси), сўфий ва қози Ҳумулий, Мирзо Шамс Бухорий каби олимлар ва шоирлар яшаб, ижод этганлар.

Чор Минор

Амир Ҳайдар ҳукмронлиги даврида Бухорода Халифа Ниёзқули мадрасаси (1807; Чор Минор), масжидлар, хонақоҳлар, ҳаммомлар қурилган, Халифа Худойдод мажмуаси қурилиши давом эттирилган. У Бухорода онасига атаб махсус мадраса, Қаршида Олий мадраса ва Мир Муҳаммад мадрасасини ҳам шу даврда қурдирган.

Оиласи

Амир Ҳайдардан 7 ўғил ва 8 қиз қолган.

Ўлими

Ҳайдар 1826-йил 6-октябрда Бухоро шаҳрида вафот этган ва Жўйбор мавзеидаги Эшони Имло қабристонида (Ҳазрати Имло қабристонида) отаси Муҳаммад Шоҳмурод ёнида дафн этилган. Совет даврида қабристон йўқ қилиниб, қабрлар йўқотилган[1]. Унинг ўрнида мактаб ва болалар боғчаси қурилган[6].

У вафот этган пайтда катта ўғиллари Насруллоҳ Қарши, Умар Кармана ҳокими эди. Амир Ҳайдар вафотидан кейин Бухоро амирлиги тахтига дастлаб кичик ўғли Амир Ҳусайн, сўнгра катта ўғли Амир Умар ўтирган.

Ҳусайн амирликда 78 кун ҳукмронлик қилгач, 1826-йил 22-декабрда тўсатдан вафот этган. Бу пайт Кармана ҳокими бўлган Умар баъзи сарой аъёнлари ва қўшин қўмондонларининг ёрдамида амирлик тахтига ўтирган. Унинг ҳукмронлиги 4 ой давом этган. 1827-йил апрелда амирлик тахтига ҳар иккала амирнинг биродарлари Насруллоҳ ўтирган. Муҳаммад Мир Олим Бухорийда таъкидланишича Амир Ҳайдар тириклик пайтида тахтни ўғли Насруллоҳга васият қилиб қолдирган экан[7].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 Жуманазар 2017, с. 256—264.
  2. ↑ Жуманазар 2017.
  3. ↑ Васильев 2014, с. 112.
  4. ↑ Василев А. Д. Знамя и меч от падишакҳа. Политические и културнйе контактй кҳанств Централной Азии и Османской империи (середина ХВИ — начало ХХ вв.). Мосcоw, 2014, п.113
  5. ↑ Васильев 2014, с. 123.
  6. ↑ Бухорий 2012, с. 274—276.
  7. ↑ Жуманазар 2017, с. 183.

Адабиёт

  • Ўзбекистон тарихи: давлат ва жамият тараққиёти, 1-қисм, Т., 2000.
  • Мирза Абдалазим Сами. Тарикҳ-и салатин-и мангития" дар ас-салтана-и Букҳараи шариф. / Перевод Л. М. Епифановой. — М., 1962.
  • О некоторйкҳ собйтиякҳ в Букҳаре, Кҳоканде и Кашгаре. Записки Мирзй-Шемса Букҳари, изданнйй в тексте, с переводом и примечаниями, В. В. Григор’евйм. — Каз., 1861.
  • Трактат Акҳмада Дониша „История мангйцкой династии“. / Перевод, предисловие и примечания И. А. Надзҳафовой. — Душ., 1967.
  • Абдураимов М. А. Очерки аграрнйкҳ отношений в Букҳарском кҳанстве в 16 — первой половине 19 века. — Т. 1. — Таш., 1966.
  • Андреев М. С. К прошлому Букҳарй. // Айни С. Воспоминания. — М.—Л., 1960.
  • Қаҳрамон Ражабов. ЎзМЕ. 2006-2007.