Амир Маҳмуд Барлос (ХВ аср) – самарқандлик форсийнавис шоир. Номи “Мажолис ун-нафоис”нинг олтинчи мажлисида тилга олинади. Навоий унинг дарвештабиат, фониймашраб ва бетакаллуф киши эканлигини айтиб, яхши табъга эгалиги ва нома битганлиги ҳақида маълумот беради. Амир Маҳмуд Барлос Кирвон вилоятида бек бўлиб, бир муддат подшоҳ девонида муҳрдорлик ҳам қилган. Бобурнинг ёзишича, у Абусаид Мирзо даврида ҳам, кейинчалик унинг учинчи ўғли Султон Маҳмуд Мирзонинг ҳам бекларидан бўлиб, ҳарбий салоҳият соҳиби, шеърият билан ҳам шуғулланган, девон тартиб қилган. “Мажолис ун-нафоис”да унинг қуйидаги байти келтирилган:

Магўки, ҳаст рухи ман зи об равшантар,

Ки ҳаст пеши ман аз офтоб равшантар.

(Мазмуни: Менинг юзим сувдан ҳам тиниқ дема. Менинг назаримда, у офтобдан ҳам равшанроқдир)[1].

Манбалар

  1. ↑ "Алишер Навоий: Қомусий луғат".