Абу Усмон Амр ибн Усмон ибн Аффон ал-Умавий (арабча: أَبُو عُثْمَانُ عَمْرِو بْنُ عُثْمَانُ بْنُ عَفَّان الأُمَوِيّ‎‎) – халифа Усмоннинг ўғли, Муовия И (ҳ. 661–680), Язид И (ҳ. 680–683) ва Марвон И (ҳ. 684–685) ҳукмронлиги даврида муҳим сиёсий ва ҳарбий рол ўйнаган.

Амр ибн Усмон
Таваллуди тах. 630
Вафоти Мина, Макка, Ҳижоз
Турмуш ўртоғи
  • Рамла бинти Муовия ибн Абу Суфён
  • Ҳафса бинти Абдуллоҳ ибн Умар ибн ал-Хаттоб
Болалари
  • Усмон ал-Акбар
  • Холид
  • Абдуллоҳ ал-Аржий
  • Умар
  • Усмон ал-Асғар
  • Ал-Муғийра
  • Абу Бакр
  • Ал-Волид
  • Абдуллоҳ
  • Умм Айюб
  • Умм Саъид
  • Аъиша
Отаси Усмон
Онаси Умму Амр бинти Жундаб ибн Амр ал-Давсийя

Ҳаёти

Амр ибн Усмон Қурайш қабиласининг Бану Умайя уруғидан бўлган халифа Усмон (ҳ. 644–656) ва унинг Азд қабиласи Давс уруғидан бўлган[1] хотини Умму Амр бинти Жундаб ибн Амрнинг ўғли бўлган. Амр ибн Усмон халифа Умар (ҳ. 634–644) ҳукмронлиги даврида туғилган[2]. Исломий манбаларда кўпинча Амр укаси Умар билан адаштирилади[1]. Тарихчи ал-Балозурий (вафоти: 892) Амр Усмоннинг 656-йилда ўлдирилган тўнғич ўғли эканлигини таъкидласа, тарихчи Мус’аб аз-Зубайрий (вафоти: 851) Амр Усмоннинг ўзидан авлод қолдирган тўнғич ўғли эканлигини айтиб ўтган[1]. Бироқ тарихчилар Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (вафоти: 1492) ва ал-Қалқашандий (вафоти: 1418) иккала маълумотни ҳам Умарга нисбат беришади[1]. Ал-Зубайрий томонидан келтирилган маълумотларга кўра, Усмон ўзидан кейин халифа бўлиш учун Амрни Муҳаммаднинг етакчи саҳобаси аз-Зубайр ибн ал-Аввомдан кейин иккинчи энг яхши номзод деб ўтган. Амр ўша вақтда ҳали ёш бўлганлиги боис халифаликка номзодликда иккинчи ўринда турган. Замонавий тарихчи Wилферд Маделунгнинг сўзларига кўра, Усмон 644–645-йилларда касалликка чалинган пайтида шундай васият қилган ва бу нарса унинг соғлиги тикланиши биланоқ бекор қилинган[2].

Умавийлар халифалиги ҳукмронлиги даврида Амр халифалик асосчиси Муовия И нинг (ҳ. 661–680) қизи Рамлага уйланган ва улар Мадинада яшашган[1]. Муовия И ҳукмронлигининг кўп даврида Амр билан дўстона алоқаларни сақлаб қолган, бироқ Амрнинг халифаликка бўлган интилишларига шубҳа қилган. Умавийлардан бўлган Марвон ибн ал-Ҳакамнинг Амрга халифаликка эришишида таъсири туфайли улар ўртасида яширин таранглик юзага келган бўлиши мумкин[1]. Замонавий тарихчи Асад Қ. Аҳмед ушбу даъволарни тасдиқлаш ёки инкор этиш қийин деб ҳисоблайди[1]. Муовиянинг ўғли ва вориси Язид И (ҳукмронлиги: 680–683) Сурия қўшини ва халифага қарши қўзғолон эълон қилган Мадина аҳолиси ўртасида 683-йилда кечган Ҳарра жангидаги Амрнинг роли тўғрисида анъанавий манбаларда номувофиқ маълумотлар келтирилган. Ал-Балозурийнинг фикрича, Амр мадиналиклар билан бирга жанг қилган ва натижада, Суриянинг ғолиб қўмондони Муслим ибн Уқба томонидан қораланган ва калтакланган. Авона ибн ал-Ҳакамнинг фикрича, Амр бошқа умавийлар билан Мадинадан ҳайдаб юборилмаган, аксинча, шаҳарда қолган ва Ибн Уқба томонидан жазоланган. Абу Михнаф эса Амр Умавийлар билан бирга ҳайдалганини даъво қилади. Бироқ Амр Ибн Уқбага Мадина мудофааси ҳақидаги маълумотларни ошкор этишдан бош тортган[2].

683-йилда Марвон Мадинадан қувилган. 684-йилда Суриядаги Умавийларнинг содиқ тарафдорлари томонидан халифа этиб тайинланган, бироқ Амр унинг халифалигини тан олишдан бош тортган[1]. Шунга қарамай, Амр ва Марвоннинг хонадони ўртасидаги алоқалар яқин бўлган. Амр ёки Умар Марвоннинг жияни Умму Кулсум бинти ал-Ҳорис ибн ал-Ҳакамга[1] уйланган, ўз қизи Умму Айюбни эса Марвоннинг ўғли ва ўринбосари халифа Абдулмаликка (ҳ. 685–705) турмушга берган[1]. Амр ибн Усмон Ҳижозда яшашни давом эттирган ва кейинчалик Минада вафот этган[1].

Авлодлари

Амр ибн Усмоннинг Рамла билан никоҳидан Усмон ва Холид исмли икки ўғли бўлган. Ўғли Усмон фарзанд кўрмай вафот этган, Холид Мадинада ҳурматга сазовор шахслардан бирига айланган, унинг авлодлари Сурия ва Мадинадаги Умавийлар уруғи вакиллари билан никоҳ, сиёсий ва иқтисодий алоқаларни ўрнатган[1]. Амр ибн Усмоннинг чўри аёлдан Умар исмли ўғли бўлган. Тарихий манбаларда Умар ҳақида кам эслаб ўтилган бўлса-да, унинг ўғли Абдуллоҳ ал-Аржий Мадинада машҳур умавий шоир бўлгани, Умавийлар генерали Маслама ибн Абдулмаликнинг Византияга қарши юришларида иштирок этгани, шароб истеъмол қилгани учун қамоққа олиниб, халифа Ҳишом даврида Мадина қамоқхонасида вафот этгани ҳақида маълумотлар келтирилган[1].

Манбалар

  1. ↑ 1,00 1,01 1,02 1,03 1,04 1,05 1,06 1,07 1,08 1,09 1,10 1,11 1,12 Аҳмед 2010.
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 Маделунг 1997.

Адабиётлар