Андҳра-прадеш — Ҳиндистон штати. Ҳиндистон ярим орол шарқида, Бенгалия қўлтиғи соҳилида, 1956-йил телугу (андҳра) халқи яшайдиган вилоятлардан ташкил қилинган. Майдони 277 минг км². Аҳолиси 66,4 млн. киши (1991). Аҳолисининг асосий қисми ҳиндуизм динида; мусул-монлар 10% чамасида. Маъмурий маркази ва энг йирик шаҳри — Ҳайдаробод. Мамлакатнинг муҳим деҳқончилик раёни. Асосан Декан ясси тоғлигида жойлаш-ган. Соҳил қисми пасттекислик. Шимолида Гат тоғлари тармоқлари бор (бал. 1680 м). Иқлими тропик муссонли. Ёғин асосан ёзда ёғади. Аҳолининг 70%дан кўпроғи деҳқончилик билан машғул. Ерлар майда деҳқонлар қўлида. 10-11 миллионга ер (штат майдонининг 40% часи) ишга солинган. Шундан 1/4 қисми суғорилади. Асосий озиқ-овқат экини — шоли. Штат тамаки, канакунжут етиштиришда етакчи ўринда. Шунингдек шакарқамиш, ер ёнғоқ, пахта ва бошқа экилади. Чорвачилик ёрдамчи аҳамиятга эга (қорамол, асосан от-улов ўрнида ишлатилади). Штатнинг ер ости бойликлари анчагина бўлса ҳам, кўп қисми ишга солинмаган. Вишакҳапатнам шаҳри яқинида марганес, Неллуру вилояти яқинида слюда, Сингарени шаҳри ёнида кўмир қазиб чиқарилади. Графит конлари мавжуд. Вишакҳапатнамда кемасозлик корхонаси ва нефт заводи, озиқ-овқат ва тўқимачилик корхоналари, қоғоз фабрикаси, семент заводлари бор. Кимё-фармацевтика препаратлари ишлаб чиқарилади. Ўрмон бойликларидан фойдаланилади. Ҳунармандчилик ривожланган. Андҳра-прадеша темир йўл транспорта яхши ривожланган. Асосий денгиз портлари — Вишакҳапатнам (мамлакатнинг асосий портларидан бири), Какинада, Мачилипатнамдир.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил