Andijon neft koni
Андижон нефт кони — Фарғона водийсининг жануби-шарқидаги конлардан бири. Андижон шаҳридан 14 км жанубида. Биринчи қидирув ишлари 1932-йилдан бошланган. 1935-йилда бошланган бурғулаш натижасида 1937-йил 3-горизонтдан кунига 35 тонна нефт чиқа бошлади. Кейинги қидирув ишлари натижасида 5-горизонтдан (1940), сўнгра 1-горизонтдан нефт топилди. Андижон нефт кони к. 1937-йилда фойдаланишга топширилган. Андижон нефт кони к. антиклинал бурма билан боғлиқ бўлиб, бу бурманинг уз. 23 км, эни 6 км. Бурманинг шимоли-ғарбий қанотида қатламлар оғиши 10°дан ошмайди, жануби-шарқининг баъзи жойларида 30-35° гача етади. Бурманинг марказида неоген ётқизиқлари ер юзасига чиқиб қолган. Уларнинг остида умумий қалинлиги 3000 мдан ортиқ бўлган палеоген ва бўр ётқизиқлари жойлашган. Антиклинал бурма кўндаланг узилмалар бўйича блокларга бўлинган. Бир неча майда узилма ва сурилмалар ҳам учрайди. Саноат аҳамиятига эга бўлган нефт неогеннинг бақтрия ётқизиқларидаги 1-горизонтда ва палеогеннинг 3-, 5-, 6-, 7-горизонтларида учрайди. 1-горизонт бақгрия ярусининг остки қисмида ётади ва қумтошдан иборат. Унинг қалинлиги бурманинг жанубий қанотида 7-12 м ва шимолий қанотида 40 м га етади. 1-горизонт остки массагет ярусининг ётқизиқларига номувофиқ ётади. Массагет ётқизиқлари орасида ғовак қумтош қатламлари бўлиб, бу қатламларда ҳам баъзан нефт учрайди. 3-горизонт сумсар яруси гил қатламларининг устки қисмида бўлиб, қумтошдан иборат. Умумий қалинлиги 18-21 м, нефтли қисмининг қалинлиги 10 м. Букилманинг энг юқори қисмида озгина газ учрайди. Дастлабки вақтларда ҳар қайси қудуқдан (бурғу ковагидан) бир кеча-кундузда 14-70 т нефт чиққан. Нефтнинг софт оғирлиги 0,859. 5-горизонт Туркистон қатламларида бўлиб, қумли оҳактош ва оҳакли қумтошдан иборат. Умумий қалинлиги 14 м, нефтли қисмининг қалинлиги 9 м. Дастлабки вақтларда ҳар бир қудуқдан бир кеча-кундузда 15-120 т нефт чиққан. 6-горизонт, асосан, анги-дрит ва остки қисми қумтошдан иборат. Нефт 6-горизонтда сурилма остидаги қанотда бўлиб, таркиби 5-горизонт нефтига ўхшаш. 7-горизонт олай ярусидаги доломитли оҳактошдан иборат бўлиб, нефт оз. Ғарбий, марказий ва шарқий блоклардаги нефт деярли бутунлай олиб бўлинган. Горизонтнинг умумий қалинлиги 42 м, нефтли қисмининг калинлиги 20 м. Дастлабки вақтларда ҳар бир қудуқдан бир кеча-кундузда 40-90 т нефт олинган.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |