Andijon teatri
Андижон театри, Йўлдош Охунбобоев номидаги Андижон вилоят мусиқали драма ва комедия театри — тўнғич ўзбек профессионал театрларидан. 1919-йил ноябр-декабрида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бошчилигида „Ягона труппа“ номи билан расман иш бошлаган. Труппанинг ташкилий, ижодий такомилида Т. Жалилов, А. Азимов (Оташ), Б. Файзиев, Орифжон Тошматов (Ориф Гармон), М. Нажмиддинов, Ишоққори Каримов каби созанда, бастакор ва ҳофизлар, шунингдек С. Зиёэв, М. Каримов, Б. Машрабий, А. Исроилов, Ф. Бойбеков сингари ижодкорлар муносиб ҳисса қўшганлар. 1924-йил театр „Умид“ труппаси номи билан Андижон маориф бўлими ихтиёрига олинади. Труппага А. Исматов, Қ. Охунов, Ҳожи Зуннун каби актёрлар қўшилади. Дастлаб репертуар асосини маърифий руҳдаги ҳажман катта бўлмаган асарлар ташкил этилган. Труппа сафида созанда ва овозли актёрларнинг борлиги жамоага соф драма қатори мусиқали драма спектаклларини яратиш имконини берди. „Ҳинд ихтилочилари“ (А. Фитрат), „Падаркуш“ (М. Беҳбудий), „Ёрқиной“ (Чўлпон), „Фидоий муҳаббат“ (Ш. Расулзода), „Эрк болалари“, „Етим ва етима“ (Ғ. Зафарий), „Лолахон“ (К. Яшин) каби спектакллар мусиқавий ифодага, халқ қўшиқларига 506бойлиги билан томошабин эътиборини қозонди. Ҳамзанинг „Заҳарли ҳаёт“, Уйғурнинг „Туркистон табиби“ каби асарлари ҳам ўрин олди. Театрга тажрибали режиссёрлардан М. Тожизода, Али Ардобус, Х. Қориев — Ўғизлар таклиф этидси. 1920-йиллар репертуаридан рус босқинчилигига қарши оҳанг билан суғорилган баъзи песаларнинг учраши алоҳида эътиборга лойиқ. К. Рамзийнинг „Ватан қаҳрамони“, занжирбанд этилган она тимсолида „олами Турон“ образини ифода этувчи „Она Ватан“, Беҳбудийнинг „Падаркуш“ каби асарлари шулар жумласидандир. 1927-йилда театр Андижон шаҳри давлат труппаси номи билан қайта тузилади. Унга этнографик — консерт ансамблидан М. Қориёқубов, Тамарахоним, Г. Раҳимова, Қўқон театри артистларидан М. Қўлдошев, Л. Саримсоқова, С. Хўжаев, У. Абдуллаев, 1929-йил Ҳ. Носирова, М. Азизова, Ш. Раҳимова каби санъаткорлар келиб қўшилади. К. Яшин адабий эмакдош, Т. Жалилов мусиқа раҳбари этиб тайинланади. „Ҳалима“ (Ф. Зафарий), „Лайли ва Мажнун“ (Хуршид), „Аршин мол олон“ (У. Ҳожибеков), „Икки бойга бир малай“ (К. Голдони), „Ҳужум“ (В. Ян), „Маликаи Турандот“ (К. Гоцси) каби спектакллар труппанинг профессионал саҳна маҳорати ошишида, ўз ижодий қиёфасига эга бўлишида муҳим рол ўйнади. 1931-йилда театрга Й. Охунбобоев номидаги Иккинчи ўзбек давлат драма театри номи берилди. Театрнинг 30-йиллардаги ижодий ривожида бадиий раҳбар И. Каримов, директор М. Қориёқубов, мусиқа раҳбари Т. Жалилов, адабий эмакдош С. Абдулла, режиссёр Р. Султоновлар фаолияти алоҳида эътиборга молик бўлди. Бош ролларни ўйнаган А. Бакиров, Ҳ. Аминова („Номус ва мухаббат“, „Макр ва муҳаббат“да Ғулом, Онахон, Фердинанд, Луиза), А. Исматов („Рустам“да Рустам), Ш. Раҳимова, М. Юнусов, А. Иброҳимов („Ойхон“, „Гулсара“да) ва бошқа йирик драма актерлари сифатида ижод этдилар. 1937-йил Ишоқ қори Каримов, Р. Султонов, С. Сайфий, Р. Раҳимий халқ душмани сифатида қораланиб, ҳибсга олиндилар ва 1939-йилга қадар биронта ҳам спектакл қўйилмади. 1940-йил В. Азимов саҳнага қўйган „Тоҳир ва Зуҳра“ спектакли театр ҳаётида янги босқичга айланди. У. Шекспирнинг „Ромео ва Жулетта“ фожиасининг илк бор Андижон театрида қўйилиши театрнинг улкан имкониятларга эга эканлигини кўрсатди. „Шоҳи сўзана“ (А. Қаххор), „Юрак сирлари“ (Б. Раҳмонов), „Нурхон“, „Равшан ва Зулхумор“ (К. Яшин), „Қароқчилар“ (Ф. Шиллер), „Чин мухаббат“ (О. Ёқубов), „Алишер Навоий“ (Уйғун, И. Султон), „Холисхон“ (Ҳамза) каби спектакллар ўнлаб истеъдодли актёрлар етишиб чиқишида ўзига хос мактаб бўлди. А. Аминова, М. Убайдумаева, 60- 70-йилларда Ҳ. Охунова, У. Нуралиев, Ҳ. Олимжонов, С. Улуғов, М. Қодиров, М. Бойматова ва бошқа актёрларнинг театрга келиб қўшилиши репертуарнинг бойишига, жаҳон драматургиясининг йирик намуналарига ўрин беришга имкон яратди. „Қирол Лир“, „Ричард ИИИ“ (У. Шекспир), „Меҳробдан чаён“ (А. Қодирий), „Сув келтирган азиз“ (Н. Сафаров), „Юракдаги тош“ (3. Муҳиддинов), „Она қизим“ (Шуҳрат), „Бобур“ (З. Муҳиддинов), „Бой ила хизматчи“ (Ҳамза), „Фарғона тонг отгунча“ (М. Исмоилий), „Тошболта ошиқ“ (Ҳ. Ғулом), „Темир хотин“ (Ш. Бошбеков), „Нодира“ (Ҳ. Раззоқов), „Чорраҳа“ (А. Жаббор), „Алла“ (Т. Минуллин), „Зебуннисо“ (Уйғун) ва бошқа театрда қўйилган энг яхши спектакллардир. Театрда А. Аминова, Ҳ. Олимжонов, О. Саидбурҳонов, Ф. Ҳожиқулов, М. Бойматова, Н. Ҳакимова, М. Йўлдошева, С. Умаров, О. Махмудова, Х. Солиев, Х. Юнусов, Ш. Тожибоева каби санъаткорлар фаолият кўрсатмоқдалар. Театрнинг бош режиссёри ва бадиий раҳбари — Толибжон Ҳамидов (1997).Сотимбой Турсунбоев.
|
| |
| Тури | Театр |
|---|---|
| Саноат | Маданият |
| Ишга тушган санаси | 1919-йил |
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |