Андижонсой — Андижон вилоятининг Қўрғонтепа, Жалақудуқ ва Андижон туманларидан оқиб ўтувчи[1], эрамиздан аввалги 2-минг йилликда пайдо бўлган қадимий канал[2]. Андижон вилоятининг кўпгина туманларининг экинзорларини сув билан таъминлашга хизмат қилади[3]. Географ Анатолий Рейнгард Андижонсойни (Шаҳрихонсой билан бирга) сунъий яратилган дарё сифатида характерлагани боис, у кўпинча дарё деб номланади[4].

Андижонсой
Andijonsoyning Andijon shahridan oqib oʻtuvchi qismi
Андижонсойнинг Андижон шаҳридан оқиб ўтувчи қисми
Тавсиф
Узунлиги 76,7
Сув сарфи 45,0 м³/с (сув ўтказиш имконияти)
Сув оқими
Бошланиши Қорадарё
 · Бошланиш жойи Кампирравот тўғони
 · Баландлиги ~800 м
Қуйилиши Катта Фарғона канали
 · Қуйилиш жойи Қорадарё тракти бошига яқин
 · Баландлиги ~460 м
Жойлашуви
Давлат Oʻzbekiston bayrogʻi Ўзбекистон
Туман Андижон тумани

Андижонсой тарихан Ўш маҳаллалари ичидан ўтиб, Андижонга кириб борган[5]. Андижонсойга сув Қорадарёдан қуйилади.

Гидрографик хусусияти

Андижонсойнинг умумий узунлиги 76,7 километр, сув ўтказиш имконияти 45,0 м³/с. Андижон[6] — Жанубий темир йўл стансияси ҳудудидаги оқим тезлиги 0,5 м/с ни ташкил қилади[2][7].

Андижонсой қадимий канал бўлиб, пайдо бўлиши эрамиздан аввалги 2-минг йилликка тўғри келади[2]. Канал Андижон адирларини кесиб ўтувчи водий орқали ўтади[2]. С. Богатирёвнинг таъкидлашича, каналлар номидаги "сой" ўзаги эски дарёлар ва қуриб қолган ирмоқлар негизида барбо этилган дарёларни англатади[8]. Ҳозирги Андижонсой водийси ҳудуди бўйлаб авваллари табиий Акбура дарёси оқиб ўтган[9]. Унинг канали кейинчалик Андижонсой каналига туташа бошлаган (ҳозир Акбура юқори оқимдан ариб ўтмоқда). Сув оқими мавжуд бўлган даврда тектоник кўтарилиш туфайли Андижонсой уч поғонали водий ҳосил қилган[10].

Андижонсой сув қуйилиш жойидан юқори қисмда мустақил дарё сифатида, Қорадарёнинг суви қуйилишидан унчалик ҳам қарам бўлмаган ҳолда ҳаракатланади. Бу ерда Андижонсой асосий шлюз беркилган тақдирда ҳам қуриб қолмайди ва ҳеч қачон музламайди (Қорадарёнинг ўзида қирғоқ бўйлаб қисқа муддатли муз ҳосил бўлиши мумкин)[11].

Канал оқими

Андижонсойнинг Андижон шаҳри шарқий чеккасидан оқиб ўтувчи қисми. Водийнинг жанубий ёнбағири кўриниши

Андижонсой тахминан 800[12] метр баландликдан Андижон сув омборига сув заҳиралаш учун Қорадарёни тўсиб турувчи Кампирравот тўғонидан[13] бошланади[14].

Канал ғарбга томон оқади. Андижон шаҳридан юқорида эса шимоли-ғарбга бурилади, сўнгра шаҳар ҳудудидан шимолий йўналиш бўйлаб ўтади[1]. Шаҳарнинг қуйи қисмида яна ғарбга йўналади, канал тугаш қисмидаги қолган сувлар 460 метр[2][6] баландликда жойлашган Катта Фарғона каналига қуйилади[1][2].

Хўжаликда фойдаланиш

Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Андижон, Олтинкўл туманларидаги экинзорларни сув билан таъминлайди. Шунингдек, каналнинг суви Андижон шаҳрида Андижон биокимё заводининг эҳтиёжи ва гулзорларни суғориш учун ишлатилади[3].

Андижонсойдан Ишкол, Жўрабой, Деҳқон, Янги Кўтарма, Қатортол, Кўк Гумбаз, Хўтан, Қўшариқ, Деривация каби 10 га яқин катта-кичик каналлар ва 30 га яқин майда даҳаналар сув олади. Андижонсойда 6 та йирик сув тақсимлаш иншоотлари қурилган (улардан 3 таси телемеханика воситалари билан жиҳозланган). Андижонсойдан Андижон туманидаги ва вилоятнинг бошқа шарқий ҳамда ғарбий туманларидаги, шунингдек, Ёмонадир мавзеидаги экинзорларга насослар ёрдамида сув чиқарилади[3].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 Андижанская область. Справочная политико-административная карта. Масштаб 1:200 000. Ташкент: Госкомгеодезкадастр, 2007. ИСБН 978-9943-15-054-6. 
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 2,4 2,5 Рыжков О. А. Современные тектонические движения в Фергане // Известия АН УзССР. — 1952. — № 6. — С. 68—73.
  3. ↑ 3,0 3,1 3,2 Андижонсой — Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Тошкент, 2000. 
  4. ↑ Рыжков О. А. Новейшие и современные тектонические движения в Фергане // Труды комиссии по изучению четвертичного периода. — Москва: Издательство АН СССР, 1957. — Т. ХИИИ. — С. 218.
  5. ↑ Заҳириддин Муҳаммад, Бобур. Бобурнома. Тошкент: "Ўзбекистон" НМИУ, 2019 — 13-бет. ИСБН 978-9943-25-707-8. 
  6. ↑ 6,0 6,1 „Советская система разграфки и номенклатуры топографических карт“, Википедия (русча), 2022-12-02, қаралди: 2023-06-15 К-43-109 Андижан. Масштаб: 1 : 100 000. Состояние местности на 1986 год. Издание 1990 г.
  7. ↑ Илйин 1959, с. 26.
  8. ↑ Мурзаев Э. М. Избранная тюркская географическая лексика // Ономастика Востока / Мурзаев Э. М. и др. — Издательство «Наука». Главная редакция восточной литературы, 1980. — С. 81.
  9. ↑ Илйин 1959, с. 136.
  10. ↑ Илйин 1959, с. 154.
  11. ↑ Қорадарё — Ўзбекистон миллий энсиклопедияси, Тошкент, 2000 - 2005. 
  12. ↑ „Советская система разграфки и номенклатуры топографических карт“, Википедия (русча), 2022-12-02, қаралди: 2023-06-15 К-43-111 Джелал-Абад. Масштаб: 1 : 100 000. Состояние местности на 1986 год. Издание 1990 г.
  13. ↑ Кампирравот — Ўзбекистон миллий энсиклопедияси, Тошкент, 2000—2005 — 900-бет. 
  14. ↑ Илйин 1959, с. 134.

Адабиётлар

  • Ильин И. А.. Водные ресурсы Ферганской долины (ру), 1959 — 154-бет. 
  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил