Анестезия (юн. ан — инкор қўшимчаси ва аистҳесис — сезги, ҳис этиш) — сезгини йўқотиш, оғриқсизлантириш. Сунъий анестезия кўпинча жарроҳликда ва бошқа ҳолларда қўлланиладиган оғриқсизлантиришдир. Анестезиянинг умумий ҳамда маҳаллий турлари бор. Умумий анестезия — умумий наркоз; кимёвий моддалар, электр токи ёки руҳий таъсирот ёрдамида беморни ухлатиб оғриқсизлантириш. Маҳаллий анестезия дорилар, физик ёки механик омиллар ёрдамида периферик нерв системасининг бирор бўлагига таъсир қилиб, уни оғриқ сезмайдиган қилиб қўйишдир. Нерв толаларини сиқиш йўли билан ҳам оғриқсизлантириш мумкин.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил