Анимализм, зоолатрия (лот. анимал — ҳайвон) — бирор ҳайвонни илоҳийлаштириш билан боғлиқ бўлган эътиқод ва тасаввурлар мажмуи. Анимализмнинг келиб чиқиши овчилик эътиқодларига (ҳайвонлар ўлгандан кейин тирилишига ишониш унинг ҳарактерли хусусиятидир), тотемизмта бориб тақалади. Қадимги одамлар овчилик билан тирикчилик қилган даврларда ўлжани қўлга киритиш учун ов олдидан ҳайвонларни сеҳрловчи турли маросимлар қилганлар (палеолит ғорларидаги расмлар шундан дарак беради). Ҳайвонларни эъзозлаш кўп халқларда учрайди. У одамнинг ҳайвондан келиб чиққанлиги ҳақидаги мифлар (кейинроқ у урғочи ҳайвонлар одамлар авлодини боқиб тарбиялаган, деган тасаввурлар шаклини ҳам олган) да, у ёки бу ҳайвонни истеъмол ёки ов қилишнинг ман этилишида, бирон қабила, уруғни ҳайвонлар номи билан аталиши ва бошқаларда кўринади. Шимолий Осиё ва Шимолий Америкада айиқнинг, Ҳиндистонда сигирнинг, Австралияда кенгурунинг муқаддас ҳисобланиши анимализм қолдиғидир.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил