Anor Mahmudova
Анор (Анора) Мадаминовна Маҳмудова (1942-йил, 2-май, Гурлан тумани, Хоразм вилояти, ЎзССР, СССР) – Ўзбекистон қаҳрамони. Илғор ўзбек педагоги. Халқ таълими тизимининг таниқли намояндаси.
| Анор Маҳмудова (Анора Маҳмудова) | |
|---|---|
| Таваллуди |
Анор Мадаминовна Маҳмудова 1942-йил 2-май |
| Фуқаролиги |
|
| Таълими | Хоразм педагогика институти |
| Касби | педагог |
| Фаолият йиллари | 1964-йилдан ҳозиргача |
| Миллати | ўзбек |
| Унвони |
|
| Турмуш ўртоғи | Азамат Ҳабибуллаев |
| Отаси | Мадамин Маҳмудов |
| Мукофотлари |
|
Ўзбекистон қаҳрамони олий унвони (2004), Меҳнат шуҳрати ордени (1999), Меҳнат фахрийси (1989), Меҳнатдаги жасорати учун (1981) медаллари, Халқ маорифи аълочиси кўкрак нишони (1978), Мустақиллик байрами арафасида бериладиган (2006—2017) ва Ўзбекистон Конституциясига 25 йил (2017) эсдалик нишонлари соҳибаси.
Анор Маҳмудова халқ таълимида қарийб 60 йилга яқин меҳнат қилиб келяпти. Турли йилларда математика ўқитувчиси (1964—1972), ҳунар билим юрти директори (1972—1984), халқ таълими бўлими мудири (1984—1986) лавозимларида фаолият юритган. 1986-йилдан ҳозиргача, узоқ йиллар Гурлан шаҳридаги Ибн Сино номли 5-мактаб директори вазифасида ишлаб келмоқда.
Болалик ва ёшлик йиллари
Анор Маҳмудова 1942-йил 2-майда Хоразм вилоятининг Гурлан шаҳарчасида туғилган[1][2]. Отаси Мадамин Маҳмудов Иккинчи Жаҳон уруши даврида бошланғич синфларга дарс берган. Шу сабабли кичкина Анор болалик чоғларидан педагог бўлишни орзу қилган[3].
Гурлан туманидаги 1-сонли мактабни Олтин медал билан[2] якунлаган Анор 1959—1964-йилларда Хоразм педагогика институтининг (ҳозир Урганч давлат университети) физика-математика факултетида таълим олган. Институтда ўқиш даврида у энг намунали талаба ва ўз даврининг ўзига хос „жамоатчилик фаоли“ бўлади, ўқитувчилар ва талабалар орасида обрў-эътибор қозонади[3], Ленин стипендиясига сазовор бўлиб[1], Полша ва Германияга саёҳат қилади[3]. Институтни имтиёзли диплом билан тамомлайди[2].
Фаолияти
Анор Маҳмудова ўзининг профессионал фаолиятини олий таълимни тугатган 1964-йилдан бошлаб Гурлан туманида, ўзи аввал таҳсил олган 1-мактабда математика ва физика ўқитувчиси бўлиб ишлашдан бошлади. Ҳамкасблари, уни ўзига аввал дарс берган ўқитувчилари професионал фаолияти давридаги илк устозлари ҳам бўлишди[2]. У болалар билан ишлашнинг қизиқарли шакллари ва усулларини ўйлаб топиб машғулотлар ўтказди. Ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг ҳурматига сазовор бўлган Анор Маҳмудованинг фаолияти туман миқёсида қизиқиш уйғотди. Икки йиллик педагогик стажга эга Анор Махмудова 1966-йилда мактаб директорига ўқув-услубий ишлар бўйича ўринбосар лавозимига тайинланди[2], кейин эса ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимига ўтказилди. Вақт ўтиши билан унинг ўқитувчилик касбига бўлган меҳри уни янги марраларга олиб келди[3]. 1978-йилда Халқ маорифи аълочиси кўкрак нишони, 1981-йилда Меҳнат жасорати учун медали билан тақдирланди[1].
1982-йили Гурлан туманида 35-сонли техника билим юрти ташкил қилиниб, Анор Маҳмудовага директорлик вазифаси топширилди[2][3]. Унинг даврида техника билим юрти фаолияти Хоразм воҳасига овоза бўлди. Баъзи бир манбаларга кўра техникум халқ тилида „Анора Маҳмудованинг аспирантураси“ деган ном билан тилга олинади[4].
Гурлан шаҳарчаси шаҳар мақомини олганидан сўнг, Гурлан тумани ҳокимининг саъй-ҳаракатлари билан[4], Анор Маҳмудова 1984-йилда Гурлан шаҳри Халқ таълими бўлимининг биринчи мудири лавозимига таъйинланди[2]. Кейинчалик, мактабдаги ишига қайтмоқчи бўлганлиги сабабли 1986-йилда унинг „Менга касб эмас, мактаб керак“ деган илтимосига биноан Гурлан тумани марказида янги ташкил этилган 6-сонли (ҳозир, 5-сонли[2]) мактабга директор лавозимига тайинланди[3][4].
Анор Маҳмудова 1986-йилдан ҳозиргача Гурлан шаҳридаги Ибн Сино номли 5-сонли мактаб директори вазифасида ишлаб келмоқда. Ўзбекистон СССР таркибидан чиқиб, мустақилликка эришганидан сўнг, Анор Маҳмудова саъй-ҳаракатлари билан, 5-сонли мактаб ўқувчиларининг чет тили бўйича билимларини ошириш мақсадида 1996—2004-йилларда Ўзбекистондаги Тинчлик корпуси билан ҳамкорликда мактабда 4 нафар америкалик кўнгиллилар ўзбек ўқувчиларига инглиз тилидан сабоқ беришади[2].
Анор Маҳмудованинг 2001-йилда ёзган „Миллий истиқлол ғоясини онгимизга сингдириб, қалбимизга пайванд қиламиз“ номли рисоласи вилоят ижодкор ўқитувчилари танловида 1-ўринни олди[2].
2002-йилдан бошлаб 5-сонли мактабнинг 8-9-синфларида информатика фани ўқитилаётган бўлса-да, Анор Маҳмудова бошланғич синфларнинг иқтидорли ўқувчиларига айни фандан тўгарак машғулотлари ўта бошлади, натижада математика-информатика фани ўқитувчиси раҳбарлигида ўқувчилар тўрт йил давомида „Компютер саводхонлиги“ бўйича республикада 1-ўрин соҳиблари бўлишди[2].
У ушбу давр мобайнида Меҳнат фахрийси медали (1989), Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи (1992), Меҳнат шуҳрати ордени (1999), давлатнинг энг олий унвони – Ўзбекистон қаҳрамони, олий нишон – Олтин юлдуз медали, Ўзбекистон Мустақиллигига 15 йил (2006), Ўзбекистон Мустақиллигига 20 йил (2011), Ўзбекистон Мустақиллигига 25 йил (2016) ва Ўзбекистон Конституциясига 25 йил (2017) эсдалик нишонлари соҳибаси бўлди[1][5].
Ўзбекистон қаҳрамони Анор Маҳмудова ўқувчилари билан 2004—2008-йилларда яратган „Оддий касрларни ўрганамиз“ номли электрон дарслик юқори баҳоланди ва 2008-йил 8-октябридан Халқ та’лими вазирлигининг Ахборот таълим порталига жойлаштирилди[2].
Оиласи
Анор Маҳмудова оилали. Турмуш ўртоғи ўзининг синфдоши – Азамат Ҳабибуллаев. Тўрт нафар фарзанди, 16 нафар неваралари бор. Ҳозир фарзандларидан бири фан номзоди ва яна бири фан доктори илмий даражасини олишган. Неваралари ҳам илм йўлини танлашган[4].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 „Анор Мадаминовна Маҳмудова“. Урду.уз. Қаралди: 2022-йил 7-июл.
- ↑ 2,00 2,01 2,02 2,03 2,04 2,05 2,06 2,07 2,08 2,09 2,10 2,11 „Анор Маҳмудова“. Ойина.уз. Қаралди: 2022-йил 7-июл.
- ↑ 3,0 3,1 3,2 3,3 3,4 3,5 „«Нет более священного звука в мире, чем звук школьного звонка!»“. Марифат.уз. 2022-йил 12-августда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 7-июл.
- ↑ 4,0 4,1 4,2 4,3 Ўқитувчиликнинг 56 йили. Ўзбекистон қаҳрамони — Анор Маҳмудова ҳаёти йўли ҳақида. ЁуТубеда
- ↑ „„Ўзбекистон Қаҳрамони“ унвони соҳибаларининг ҳаёти билан танишинг“. Гужум.уз. Қаралди: 2022-йил 7-июл.
Ҳаволалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
- 2-mayda tugʻilganlar
- 1942-yilda tugʻilganlar
- Gurlanda tugʻilganlar
- Oʻzbekiston qahramonlari
- Sovet Ittifoqi mehnat faxriysi medali sohiblari
- Shavkatli mehnat uchun medali sohiblari
- Mehnat shuhrati ordeni sohiblari
- Sovet Ittifoqi xalq maorifi aʼlochilari
- Oʻzbekiston mustaqilligiga 15 yil nishoni sohiblari
- Oʻzbekiston mustaqilligiga 20 yil nishoni sohiblari
- Oʻzbekiston mustaqilligiga 25 yil nishoni sohiblari
- Oʻzbekiston Konstitutsiyasiga 25 yil nishoni sohiblari
- Oʻzbekiston pedagoglari