Антимонидлар — сурма элементининг металлар билан ҳосил қилган бирикмалари. Эриш температуралари нисбатан юқори бўлган қаттиқ моддалар. Водород антимонид (стибин) ниҳоятда заҳарли газ. Металл Антимонидлар ўз хоссалари билан нитридларга ўхшайди. Даврий системанинг биринчи, иккинчи ва қисман учинчи гуруҳларидаги асосий гуруҳ элементларнинг Антимонидларида сурма уч валентли бўлади. Қўшимча гуруҳ металларининг Антимонидларида сурманинг валентлиги учдан ортиқ ёки кам бўлиши мумкин. Алюминий, галлий ва индий металларининг Антимонидлари яримўтказгич хоссасига эга. Баъзи металларнинг Антимонидлари юмшоқ материалларнинг қаттиқлик ва мўртлигини ошириш мақсадида саноатда қўлланади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил