Антициклон (юн. анти… ва сиклон) — атмосферада юз берадиган ҳодиса; ҳаво оқимлари ҳаракатидан ҳосил бўладиган жуда катта атмосфера гирдоби. Шимолий ярим шарда соат мили йўналишида, Жанубий ярим шарда эса унга қарама-қарши ҳаракатланади. Антициклон марказида ҳаво босими максимал бўлиб, четларига томон аста-секин пасайиб боради. Антициклоннинг диаметри 3 — 5 минг километргача, ҳаракат тезлиги 30 — 40 километр/соатга етиши мумкин. Ўрта Осиёдаги антициклонлар Ер юзининг бошқа ҳудудларига қараганда тезроқ: ёзда соатига 50 километргача, қишда эса 60 — 65 километр ҳаракатланади. Антициклон доирасида ҳаво юқоридан пастга қараб силжийди. Антициклон эгаллаган майдонда ҳавонинг пастга тушиши ва исиши туфайли эркин атмосферада ҳарорат аста-секин кўтарилади ва натижада об-ҳаво кўпинча очиқ ёки кам булутли бўлади. Қишда ва кечаси ер юзасида ҳавонинг совуши натижасида, антициклоннинг пастки қатламида инверсиялар, булутлар ва туманлар вужудга келиши мумкин. Антициклоннинг Ўрта Осиё ҳудуди орқали ўтиши совуқ ҳаво массаси бостириб келишининг охирги даврига тўғри келади. Антициклон кам булутли об-ҳавони вужудга келтиради. Сибир Антициклони жануби-ғарбий қисмининг Ўрта Осиё ҳудудига тарқалиши очиқ ҳавога сабабчи бўлади.

Адабиётлар

Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил