Антропоген омиллар, муҳитнинг антропоген омиллари — одам ва унинг хўжалик фаолиятининг ўсимлик, ҳайвон ва бошқа табиат компонентларига таъсири билан боғлиқ омиллар гуруҳи. Одам табиатга таъсир кўрсатиб, уни ўз эҳтиёжларига мослаштириб, Ернинг беқиёс кенг ҳудудларида фауна ва флорани ўзгартиради, бу эса ўсимликларнинг камайиши, айрим ўсимлик ва ҳайвон турларининг қириб юборилиши, ўсимликлар интродуксияси ва бошқаларга олиб келади. Одамнинг табиатга билвосита таъсири иқлимни, атмосфера ва сув ҳавзаларининг физик ҳолати ва кимёвий таркибини, ернинг устки қатламини, тупроқ структураси ва бошқаларни ўзгартириш йўли билан амалга оширилади. Қўриқерларни ўзлаштириш, монокултурали (бир экинли) агроценозлар барпо этиш ва бошқа тадбирлар табиий биоценозларнит ўзгаришига катта таъсир кўрсатади. Атом саноатининг ривожланиши, айниқса атом қуролларини синаш, сув, атмосфера ва тупроқни ифлослантирувчи саноат чиқиндиларининг кўпайиб бориши муаммолари муҳим бўлиб бормоқда. Одам маданий ўсимликлар ва уй ҳайвонлари учун маълум даражада янги шароит яратди, уларнинг зотларини яхшилади ва маҳсулдорлигини оширди, экинзорларнинг ҳосилдорлигини жуда кўпайтирди, лекин табиат қонунларини чуқур билмасдан табиий мувозанатда бузилишларга олиб келадиган фаолият кутилмаган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Экинларни нотўғри суғориш ернинг шўрланиши ва эрозияга олиб келади; ерни ортиқча қуритиш ўсимликлар қопламини ўзгартиради. Ҳозирги замон фани ва техникаси инсоннинг табиатга кенг миқёсда аралашишига қулай шароитлар яратиб бериб, ўз навбатида атроф муҳитни муҳофаза қилишни муҳим муаммога айлантирди. Антропоген омиллар инсон фаолиятининг табиатга таъсири натижасида юзага келади

Адабиётлар

  • Зикирёев, Абдукарим. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000.
  • Алибеков Л., Қишлоқ хўжалигини химиялаштириш ва атроф-муҳит, Тошкент, 1986
  • Эгамбердиев Р., Экология, Тошкент, 1993.