Антропометрия (антропо ва юн. метрео — ўлчайман) — антропологиянинг текшириш усулларидан бири. У одам организми аʻзоларининг ҳамма белгилари (узунлиги, эни, қалинлиги, шакли, ранги ва ҳоказо) ўзгариб туришини миқдорий томондан тавсифлаб беради. Олинган маʻлумотлар организмнинг айрим бўлаклари (бош, бўйин, кўкрак қафаси, қорин ва чаноқ қисмлари, қўл ва оёқлар)га таққосланиб, ўсиши ёки ўзгариши кузатиб борилади. Узунлик, кенглик ва бурчак белгилари Антропометрия асбоблари (учи дўмбоқ сиркул, сирғанувчи сиркул, координатали сиркул, одам бўйини ўлчовчи антропометр, бурчакни ўлчовчи гониометр ва жағни ўлчовчи мандибулометр ва ҳоказо) ёрдамида ўлчанади. Тана, айниқса бош, юз, бурун, лабнинг ўлчаш мумкин бўлмайдиган белгилари — ранг ва шакллари махсус ишлаб чиқилган шкала ва эталонларга қараб аниқланади. Антропометрия маʻлумотларидан криминалистикада жиноятчиларни тавсифлаш ва аниқлашда ҳам фойдаланилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил