Антропонимика (юнонча: ἄνθρωπος — „одам“ ва ὄνομα — „ном“) — ономастиканинг бўлими. Одамлар исмини, уларнинг тарқалгани, келиб чиқиши, жамиятда амалда қўлланишини ва бундан ташқари антропонимик тизимлар тузилиши ҳамда ривожланишини ўрганади.

Атоқли от турлари, тахаллус, лақаб, нисба ва шахсни аташликнинг турли усуллари ҳам антропонимика тадқиқот манбаидир. Масалан, Соҳибқирон Амир Темур Тарағай Баҳодир Кўрагоний. Бунда фақат Темур шахснинг хос исми, Амир — ҳукмдорлик даражасини англатади, Соҳибқирон — Темурга замондошлари томонидан берилган сифат (аср, давр соҳиби деган маънони билдиради), Тарағай — отасининг исми (фамилия ҳисобланади), Баҳодир — отасининг лақаби, Кўрагон — хонга куёвлик нисбаси.

Дунёдаги турли халқларда турлича антропонимик тизим мавжуд бўлган. Масалан, Қадимги Римда ҳар бир эркак хос исми олдидан келадиган номга — авлоддан авлодга ўтадиган уруғ номига эга бўлган, бу уруғнинг шажарасини тавсифлаган. Ҳозирги Испания ва Португалияда бир киши бир неча хос (католик черкови рўйхатидан олинадиган) исмга, отаси ва онасининг фамилиясига эга бўлиши мумкин. Исландияда ҳар бир киши, бир неча хос исмга 566 (чекланган рўйхатдан олинган) ва фамилия ўрнида отасининг исмидан ҳосил бўлган номга эга бўлади. Хитой, Корея, Ветнамда киши номи бир бўғинли фамилиядан (турли даврда улар 100 дан 400 гача бўлган) ва хос (одатда иккита бир бўғинли морфемадан ташкил топган) исмга эга бўлади, хос исмлар миқдори чекланмайди.

Антропонимика тизимида кипокористика (эркалатиб, кичрайтириб аташ — масалан, Лазиз(жон), Дилобар(хон), Ҳомид(ча), Аҳмад(ча) ва ҳоказо) алоҳида ўрин тутади. Антропонимика маълумотлари тилшуносликнинг бошқа соҳалари учун, жамияцҳуносликда, халқлар тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга[1].

Ўзбекча исмлар

Ўзбекларда ҳозирги антропонимик модел уч қисмдан иборат: исм, отасининг исми ва фамилия.

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Антропонимика“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (А-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.