Аппарат функсияси — ўлчов асбобининг унда ўлчанган катталикни ўлчангунча бўлган ҳақиқий қиймати билан боғловчи ҳарактеристикам. Кўп ҳолларда спектрофотометрларнинг Аппарат функсиясини билиш талаб қилинади. Ўлчов асбобининг Аппарат функсияси назарий йўл билан ҳисоблаб топилади. Мас, спектрометрнинг Аппарат функсияси ёювчи элемент (призма, дифраксион панжара), коллиматор кўзгуси, тирқишнинг оптик параметрлари ёрдамида ҳисобланади. Спектрометрнинг Аппарат функсияси тажриба йўли билан ҳам аниқланиши мумкин. Бунда спектрометр кириш тирқиши в частотали монохроматик нур билан ёритилади ва спектрометрда частота ўзгартирилганда шу частота атрофидаги ёруғлик оқими тақсимоти ўлчанади, бу тақсимот асбобнинг Аппарат функсияси га мос келади. Тасвир ҳосил қилувчи оптик асбоблар (фотоаппарат, телескоп, микроскоп ва бошқалар)нинг Аппарат функсияси асбоб ҳосил қилаётган чексиз кичик нурланувчи нуқтанинг тасвиридаги ёритилганлик тақсимотини кўрсатади. Идеал оптик асбоб нуқтавий ёритқич тасвирини нуқта шаклида ҳосил қилади ва унинг Аппарат функсияси нуқтадан ташқарида нолга тенг бўлади. Реал оптик асбобларда нуқтавий ёритқич тасвири ёруғ доғ шаклига эга бўлади ва асбобнинг Аппарат функсияси нуқта атрофида нолга тенг эмас. Асбобнинг Аппарат функсияси унинг ажрата олиш қобилиятини ҳам белгилайди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил