Ақлий далил-Ақида ва усулул фиқҳ илмида бирор шар’ий масалада мужтаҳиднинг ақлини ишга солиб, билими ва тафаккури даражасида ижтиҳод қилишига ақлий далил дейилади. Ақлий далилларга қиёс, масолиҳул мурсала, истиҳсон, истишоб каби шариат манбаларини киритиш мумкин.Ақлий далил нақлий далил билан чамбарчас боғлиқдир.Нақлий далилга суянилмаган ижтиҳод қабул қилинмайди. Чунки, ақлнинг ўзи билан шар’ий ҳукм чиқариб бўлмайди. Шунингдек, шар’ий далилдан ҳукм чиқариш ақл юритиш, тафаккур ва чуқур ўрганишга муҳтож. Я’ни, ақлсиз нақлий далилларни тушуниб бўлмайди ва улардан биро нҳукм чиқариб ҳам бўлмайди. Ақлий далиллар асосан калом, мантиқ, фалсафа, жадал, мунозара, табиий фанлар каби илмларда кенг қўлланилган. Аҳли сунна вал-жамоадаги мўтадил ақидавий мазҳаблар бўлган мотуридий ва аш’арийлик, фақатгина ақлга таянувчилар билан фақат нақл ва унинг зоҳирига э’тибор берувчила рўртасидаги мўтадил та’лимот бўлиб, уларда нақл ақлдан устун қўйилган ҳамда ақл - бу нақлни тушунишдаги бир восита, деб қаралган. Э’тиқодий масалаларни баён этишда ақл ва нақлдан биргаликда фойдаланганлар. Калом илмидаги энг йирик фирқалардан бири мўтазилийлар эса ақлни нақлдан устун қўйганлар. Ақлий далил билан нақлий далилнинг биргаликда истифода этилишига мисол: Қур’они каримда: “Кўзлар Уни идрок этмас. Кўзларни У идрок этар. У Латиф (дақиқ нарсаларни билувчи) ва Хабир (хабардор)дир” (Ан’ом,103), дейилган. Мўтазилийлар ушбу оятни далил қилиб, инсонлар Аллоҳни ҳеч қачон кўрмайди, дейдилар. “Аҳли сунна” (мотуридия ва аш’ария) э’тиқодига кўра, бу оят Аллоҳни кўриб бўлмаслик учун далил бўла олмайди. Зеро, бу ерда Аллоҳни кўриш эмас, барча жиҳатдан Уни идрок ва иҳота этиш мумкин эмас, дейилмоқса. Зотан, кўриш - бу, кўрилувчи тўғрисида ҳар томонлама ма’лумот ҳосил қилиш дегани эмас. Аллоҳнинг жамолини кўриш жоизлигига доир оят ва ҳадислар кўп. Фақат Аллоҳни кўриш бу дунёда эмас, охиратдажаннат аҳлига насиб этгай. Аллоҳни охиратда кўриш жоизлиги ҳақида яна “Юнус” сурасининг 26-ояти, “Қиёмат” сурасининг 22,23-оятларида зикр этилган. Ҳадисда: “Яқинда Раббингизни ўн тўрт кунлик ойни ко'ргандек кўрасизлар. О'шанда сизларда мутлақо шак-шубҳа қолмагай”, дейилган. Буюк мужтаҳид олим ва ҳанбалий мазҳабининг асосчиси Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам тушларида Аллоҳ таолони бир неча бор кўрганлари манбаларда келтирилган[1].

Манбалар

  1. ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 58.

Адабиётлар

  • Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.