Араби от — салт миниладиган қадимий от зоти; халқ селексияси йўли билан Арабистон ярим оролда милодий 1-минг йилликда чиқарилган. Туркман, Эрон ва Миср сахро отлари билан урчитиш натижасида такомиллаша борган. У чўл шароитига яхши мослашган, очлик ва сувсизликка чидамли, узоқ, масофага яхши югуради (пойгада 1000 м масофани 1 мин. 8,0 секундда босиб ўтади). Араби от жуда чиройли, туси бўз, тўриқ, шерози (кулранг) ёки жигарранг. Бу зотнинг дунёдаги от зотларини етиштиришда ва такомиллаштиришда жуда катта иштироки бор. Араби отнинг қарчиғайигача баландлиги 150 см, кўкрак қафасининг айланаси 175 см, тўпиғи айланаси 18,5 — 19,5 см. Араби от Карпат, Кавказ, Ўрта Осиёдаги тоғ ва тоғ олди минтақаларида маҳаллий от зотларини яхшилашда, от спорти ва сирк томошаларида фойдаланилади. Араби отнинг наслдор айғирлари Ставропол ўлкасидаги Терек от заводида урчитилади. Араби от, шунингдек Ҳиндистон, Миср, Туркия, Франсия, Испания, ГФР, АҚСҲ, Полша ва бошқа мамлакатларда боқилади ва кўпайтирилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил