Арам Илич Хачатурян (арманча: Արամ Եղիայի Խաչատրյան,6-июн 1903-йил, Тбилиси ёнидаги Кожори кишлоғи — 1-май 1978-йил, Москва, Ереванда дафн этилган) — композитор, дирижёр. Миллати арман. Халқ артисти (1954), Меҳнат Қаҳрамони (1973), Арманистон (1938), Россия (1944), Ўзбекистон (1967)да хизмат кўрсатган санъат арбоби. Москва консерваториясини тугатган (1934). Гнесинлар номидаги Мусиқапед. институти ҳамда Москва консерваториясида (1950 йилдан) даре берган (1952 йилдан профессор). Хачатурян мусиқаси ўта жўшқинлиги, ҳаётбахшлиги, куйлар жозибадорлиги, гармония ва оркестр бўёқларининг рангбаранглиги билан ажралиб туради. Ижодида Кавказ халқлари (айниқса, арман) мусиқа (гусанлар, ошиқлар санъати ва бошқалар) анъаналарини замонавий композиторлик ижодиёти тамойиллари билан узвий боғлаб, ўзига хос услубини яратишга эришган. Фортепиано (1936), скрипка (1940), виолончел ва оркестр учун (1946) консертлари, „Гаяне“ (1942, биринчи миллий балети) ва „Спартак“ (1954) балетлари, симфоник сюиталар („Маскарад“, 1944 ва бошқалар) дунёга машҳур. Шунингдек, Хачатурян 3 симфония (1934—47), 3 консертрапсодия (1961—68), камер асарлар, қўшиклар, спектакл ва кинофилмларга мусиқа ва бошқа муаллифи. Ўзбек ва Кавказ халқ куйлари асосида трио (1932), „Раке сюитаси“ (1933) ни яратган. Италия, Германия ва бошқа санъат академияларининг фахрий аъзоси. Дирижёр сифатида Европа, Америка, Шимолий Африка, Осиё мамлакатларида гастролда бўлган.

Манбалар