Арасту ёки Аристотел (юн.: Ἀριστοτέλης) (/ˈæрɪстɒтəл/) (милоддан аввалги 384/383, Стагира — милоддан аввалги 322/321, Халқида) — қадимги юнон файласуфи, Афлотун шогирди ва Александр Македонский устози бўлган. Физика, метафизика, назм, театр, мантиқ, риторика, сиёсат, этика, биология ҳамда зоологияга оид ишлар ёзиб қолдирган.

Арасту (Ἀριστοτέλης)
Таваллуди тахминан милоддан аввалги 384
Вафоти 7-март, милоддан аввалги 348
Олган таъсирлари Парменид, Суқрот, Афлотун

Ҳаёти

Аристотелнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида жуда кам нарса маълум. Олим шимолий Грециядаги Стагира шаҳрида туғилган. Отаси Никомачус Аристотел болалигида вафот этган ва у васийнинг қўлида тарбияланган. Милоддан аввалги 367-йилда, ўн етти-ўн саккиз ёшида, Афинага бориб, Платон академиясида[1] таҳсил олган. Ўттиз етти ёшгача (милоддан аввалги 347-йил)гача шу ерда қолган. Афлотун вафотидан кўп ўтмай, Аристотел Афинани тарк этган. Милоддан аввалги 343-йилдан бошлаб Македония подшоҳи Филипп таклифи билан шаҳзода Александрга мураббийлик қилган. Милоддан аввалги 335 йилда Афинага қайтиб, ўзининг Ликей мактабини ташкил қилган. Александр вафотидан сўнг 323-йилда худосизликда айбланиб, Эвбея Халқидасига қочишга мажбур бўлган ва умрининг охиригача шу ерда яшаган.

Фаолияти

Арасту қомусий билимлар соҳиби, перипатетика мактаби асосчиси, унинг таълимоти айрим, алоҳида фанларни фалсафий нуқтаи назардан ёритиб берди. Фан соҳаларини таснифлашда фалсафий тизим яратиш билан қилишни севган тафаккурини ривожлантиришга жуда кучли таъсир кўрсатди. Арасту ижоди ўз замонидаги деярли барча билим соҳаларини қамраб олди. Ўзининг „илк фалсафа“ га оид („Метафизика“) асарида Платоннинг ғоялар назариясини танқид қилди. „Платон ғоялари“ моддий предметларнинг оддий нусхаси, айнан ўзи эканини кўрсатди. Арасту айримлик ва умумийликнинг ўзаро муносабати масаласини ҳал этди. Айримлик „бирон-бир жой“дагина ва „ҳозир“дагина мавжуддир, уни ҳис билан идрок этиш мумкин. Умумийлик эса ҳар қандай жойда ва ҳар вақтда („ҳамма ерда“ ва „ҳамма вақт“) мавжуд, у муайян шароитда айрим ҳолда юзага келиб, шу айримлик орқали идрок қилинади. Шунингдек умумийлик — фан предмети, уни ақл воситасида билиб олиш мумкин.

Арасту оламдаги ҳодисалар ва предметларнинг сабабларини тўрт гуруҳга бўлади: 1) моддий сабаб ёки материя; 2) шаклий сабаб ёки шакл; 3) юзага келтирувчи сабаб; 4) охирги сабаб ёки мақсад. Гарчи Арасту материяни дастлабки сабаблардан бири, деб эътироф эца ҳам, уни фақат пассив асос, имконият холос, қолган уч сабабни эса — фаол сабаб, деб ҳисоблайди. Масалан, унинг фикрича, шаклсиз ҳеч қандай нарсанинг бўлиши асло мумкин эмас, шакл — борлиқ моҳиятидир, шакл — абадий, ўзгармас ва моддий сабабдан устунроқдир. Юзага келтирувчи сабаб ҳаракат ёхуд турғунлик манбаидир. Ҳаракат, дейди Арасту, бирон-бир нарсанинг имкониятдан воқеликка ўтишидир. Ҳаракатнинг тўрт тури бор, булар: сифатли ҳаракат ёки ўзгариш; миқдорий ҳаракат ёки кўпайиш ва камайиш; жойни ўзгартириш ёки макондаги ҳаракат; вужудга келиш ва йўқ бўлишдан иборат. Охирги сабаб ёки мақсад — ҳаракат, ўзгариш, инсон фаолиятининг оқибатидир.

Арасту таълимотига биноан, худо — ўз қонунлари бўйича ривожланаётган барча шакллар, табиатдаги жамики ҳодисалар ва ҳамма мавжуд нарсаларнинг олий мақсади, „шаклларнинг шакли“, мақсади, оламни ҳаракатга келтирувчи илк кучдир. Арасту назариясига кўра, ҳар қандай реал мавжуд бўлган айрим нарса „материя“ билан „шакл“нинг бирлигидан иборат, „шакл“ эса нарсанинг ўзига хос „кўриниши“дир, унга ҳам „материя“, ҳам „шакл“ деб қараш мумкин. Шу тариқа бутун воқе олам „материя“дан — „шакл“ га ва „шакл“дан — „материя“га изчил равишда ўтиш жараёнидан иборат.

Арасту билиш ҳақидаги таълимотида „диалектик“ билиш билан „аподиктик“ билишни бир-биридан фарқлайди. „Диалектик“ билиш — тажриба самараси бўлмиш „фикр“ни, „аподиктик“ билиш эса ишончли билимни вужудга келтиради. Аммо Арасту тажрибани ишончли билимнинг олий даражаси, деб ҳисобламайди, унинг фикрича, билимнинг энг олий қонун қоидалари бевосита ақл воситасидагина идрок этилади.

Арасту мантиқ илмининг асосчисидир. Арасту яратган ва „аналитика“ деб номлаган мазкур фан тафаккурнинг тушунча, муҳокама, хулоса каби асосий шаклларидан, айният, қарама-қаршилик ва учинчиси истисно қонунларидан, фикрни исботлаш ёхуд рад этиш услубларидан, бир қанча категориялардан иборат. Мантиқ „илк фалсафа“ („метафизика“) билан биргаликда фан соҳаларининг фалсафий тасниф тизимини ташкил этади. Биология соҳасидаги Арасту илмий хизматларидан бири — ўсимлик ва ҳайвонот турларининг биологик жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги таълимотидир. Ўсимликларнинг уруғдан ўсиб-ривожланиши, ҳайвонлардаги инстинктларнинг мақсадга мувофиқ тарзда юзага келиши, аъзоларининг ўзаро мутаносиб равишда ҳаракат қилиши — табиатдаги мақсадга мувофиқлик намунасидир.

Солиқлар ҳақида „Аристотел солиқларни тўлашни дастурхонга қўйилган ноз-неъматлар сифатида тасвирлаб унда ҳамма турлича деҳқонлар, ҳунармандлар, мулк эгалари тўловларни амалга оширишни айтиб ўтган“.[2]

Арасту жаҳон илм тарихида илк бор ахлоқ фани — этикага асос солди. Унинг ахлоқ соҳасидаги маънавий идеали Худодир, Худо энг олий файласуф ва мутафаккирдир. Арасту ақл-заковатнинг кузатиш, мушоҳада қилишдан иборат фаолиятини барча неъматлардан устун қўяди, уни эзгулик, роҳат ва лаззат манбаи, деб билади. Амалий фаолият эса ҳамиша ҳам ақл ҳукмига бўйсунавермайди, бинобарин кундалик ишларда ҳам ақл, ҳам ҳаётий тажрибани ишга солиб ўрта йўлни танлаган маъқул.

Арастунинг сиёсий қарашлари „инсон — ижтимоий маҳлуқдир“ деган ғояга асосланади, яъни оила, жамият, давлат — инсон ҳаёти ва фаолиятининг асосий соҳаларидир, буларсиз у яшай олмайди. Арасту оилавий ва ижтимоий тарбияни давлат тузумини мустаҳкамлаш воситаси, деб билади, бинобарин мактаб фақат давлатники бўлиши, унда барча фуқаролар (қуллардан ташқари) аввало давлат тузук тартиботидан сабоқ берувчи илмларни эгаллаши шарт. Арасту давлат масаласида ҳар қандай арбоб қулай сиёсий шарт-шароит вужудга келишини кутиб ўтирмай, мавжуд имкониятдан келиб чиқиб, яхши конституция асосида кишиларни бошқара билиши, биринчи галда ёш авлоднинг жисмоний ва ақлий тарбияси ҳақида қайғуриши лозим, деб ҳисоблайди.

Арасту давлатни идора этишнинг учта маъқул ва учта номаъқул шакли мавжуд, деган ғояни олға суради. Яхши бошқарув шакллари амал қилган давлатда ундан ғаразли мақсадларда фойдаланиш имкони истисно этилади, ҳокимият эса бутун жамият хизматида бўладики, булар — монархия (якка подшо ҳукмронлиги), аристократия (аслзодалар ҳукмронлиги) ва „полития“ (ўрта табақа, мўътадил демократия ҳукмронлиги)дир. Аксинча, тирания (золимона ҳукмронлик), соф олигархия (қудратли кишилар тўдасининг ҳукмронлиги) ва охлократия (ҳаддан ошган оломон ҳукмронлиги) — монархия, аристократия ва „полития“ шаклларининг вақт ўтиши билан батамом айниган, юз тубан кетган кўринишидир.

Арастунинг тарбия назарияси замирида ахлоқий ва руҳий қарашлари ётади: тарбиядан мақсад — руҳнинг олий жиҳатлари бўлмиш ақл-заковат ва иродани камол топтиришдир. Тарбиянинг ўзаро чамбарчас боғлиқ уч жиҳати — жисмоний, ахлоқий ва ақлий тарбия — руҳнинг уч турига мувофиқ келади, яъни камолатга эришишнинг ҳаракатлантирувчи кучлари — табиий қобилият, кўникма ва ақл-идрокдан иборат ҳамда тарбия иши айни шу кучларга асосланиши зарур. Арасту ўз иқтисодий таълимотида қуллик — табиий бир ҳодиса ва у доимо ишлаб чиқариш? негизи бўлиши лозим, деган нуқтаи назарга суянади. У товар-пул муносабатларини тадқиқ этиб, натурал хўжалик билан товар ишлаб чиқариш? ўртасидаги тафовутларни англаб этиш даражасига яқин келди. Унингча, бойлик икки турдан иборат: истеъмол қийматлари йиғиндиси сифатидаги бойлик ва товар айирбошлаш қийматлари сифатидаги бойлик. 1-тур бойлик (уни Арасту „табиий бойлик“ деб атайди) манбаи — деҳқончилик ва ҳунармандчилик бўлиб, кишиларнинг туб эҳтиёжларини қондириш учун хизмат қилади. 2-тур бойлик эса (уни Арасту „ғайритабиий бойлик“ деб номлаган) аксинча, бевосита эҳтиёж буюмларидан иборат бўлмай, ўзаро айирбошлаш, муомала негизида вужудга келади. Бойлик 1-турининг миқдори инсон эҳтиёжлари билан чегараланса, 2-турининг миқдорини эса асло чеклаб-чегаралаб бўлмайди. Шунингдек Арасту истеъмол қиймати билан товар қиймати ўртасидаги чегарани биринчи бўлиб белгилаб берди, турли хил товарлари фақат пул воситасида ўзаро қиёслаш мумкин, деб ҳисоблади.

Арастудан жуда бой фалсафий мерос қолган. Улар орасида энг машҳурлари:

Арасту барча замонлар олимлари устоз деб билган буюк аллома. Унинг қомусий асарлари, Шарқ мутафаккирлари ижодида ҳам чуқур из қолдирган. 7-8–асрлардан бошлаб айниқса Ҳорун ар-Рашид ва Маъмун даврида Араб халифалиги ҳудудида Арасту асарлари таржима этилиб ўрганилди, уларга ўнлаб изоҳ ва шархлар битилди. Бу ишда Ўрта Осиёнинг улуғ олимлари катта рол ўйнади. Абу Наср Форобий Арастунинг „Метафизика“, „Жон ҳақида“, „Этика“, „Категориялар“, „Топика“, „Аналитика“ асарларига илмий шархлар ёзиб, „Шарқ Арастуси“ деган унвонга сазовор бўлди. Абу Али ибн Сино ўз устозларининг илғор ғояларини янада ривожлантириб, Арасту ва Форобийдан кейин „Учинчи муаллим“ деб аталди.

Ибн Сино билан Беруний ўртасида Арастунинг „Осмон ҳақида“ ва „Физика“ асарлари тўғрисидаги мунозараси ватанимизда Арасту меросига қизиқиш беназир бўлганидан далолат беради. Араб файласуфи Ибн Рушд ўз салафлари Ҳунайн ибн Ишоқ, Ишоқ ибн Ҳунайн, Матто ибн Юнус ва Яҳё ибн Адий, ал-Киндий каби Арасту ижодини тарғиб этиб, асарларига шарҳлар ёзиб, „Буюк Шориҳ“ деган ном олди. Ўрта аср Шарқида Арасту таълимотини давом эттириб, уни Европага танитиб, етук илмий асарлар яратган файласуфлар бутун дунёда „Шарқ аристотелчилари“ унвони билан машхурдир.

Музаффар Хайруллаэв[2].

Манбалар

  1. ↑ Блиц 1999, сс. 58–63.
  2. ↑ 2,0 2,1 ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил