Ареометр (юнонча: араиос — енгил, сийрак; метрон — ўлчов) — суюқлик ва қаттиқ жисмларнинг зичлигини ўлчайдиган асбоб. Ареометр тузилиши Архимед қонунида асосланган. Бунда ареометр сиқиб чиқарган суюқлик оғирлиги унинг оғирлигига тенг. Ареометр доимий оғирликли ва доимий ҳажмли бўлади. Доимий оғирликли ареометр (1-расм) билан ўлчашда зичлик ареометрнинг суюқликка ботиш даражасига қараб аниқланади. Бу хилдаги ареометрга денсиметрлар (шкаласи зичлик бирликларида даражаланган), эритмаларнинг консентрациясини (қуюқ ёки суюқлигини) ўлчаш учун ишлатиладиган спиртометрлар ва саҳарометрлар (шкаласи оғирлик ёки ҳажмий фоизларда даражаланган) киради. Денсиметрлар шиша ёки металлдан ясалади. Юқори температураларда металл денсиметрлар ишлатилади. Одатда ареометр маълум (асбобда кўрсатилган) температурада даражаланган бўлиб, бошқа температураларда ўлчанган қийматларга тегишли тузатмалар киритилади. Доимий ҳажмли Ареометр(2-расм) билан зичликни ўлчашда асбоб суюкликка ҳалқасимон тамғасигача ботирилади. Шунда суюқлик зичлиги палладан олинган ёки унга қўйилган тошлар қиймати билан аниқланади. Қаттиқ жисмларнинг зичлигини ўлчашда доимий ҳажмли ареометр корпусининг пастки қисмига қўшимча палла бириктирилади (Ареометр тарози).

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил