Armais Akovbyan
Армаис Аристагесович Аковбян (1900-йил, Табриз, Форс (Эрон) — 1974, Тошкент) — атоқли совет олими, дерматолог-шифокор, венеролог, тиббиёт фанлари доктори (1937), профессор (1940). Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган фан арбоби (1960). Ўзбек дерматовенерологлар мактабининг асосчиси.
Таржимаи ҳол
А.А.Аковбян 1900-йил 2-мартда Табриз (Эрон) шаҳрида хизматчи оиласида дунёга келади. Аср бошида унинг оиласи Ашхободга ўтказилади, у ерда Армаис Аристагесович ўзининг болалиги ва ёшлиги, хотирасига кўра, ҳаётидаги энг ёрқин ва завқ-шавқли паллаларини хотирлайди. Шундай бўлдики, у Ашхобод шаҳридаги эркаклар классик гимназиясида исте’додли ва ғайратли ўқувчилар билан бир синфда ўқийдилар: бастакор С.А.Баласанян, гематология профессори М.Г.Абрамов, машҳур шарқшунос олим М. Г.Асланов, биринчи пушт-русча луғат муаллифи, Фарғона водийсида эндемик бўқоқ касаллигининг сабабини аниқлаган жарроҳ, профессор С.А.Ма’сумов ва бошқалар. Буларнинг барчаси А.А.Аковбяннинг характери ва шахсиятининг шаклланишига та’сир қилмасдан қолмасди. У мусиқани хуш кўрар, гимназия оркестрида карнай чалар, гимназия театрининг ҳаваскор спектаклларида иштирок этган, немис ва лотин тилларини мукаммал билган.
1919-йилда гимназияни тугатгач, Армаис Аристагесович ўз истаги билан Қизил Армия сафига қўшилди, 1920-йилда Туркистон Давлат университетининг янги ташкил этилган тиббиёт факултетининг биринчи курсига ўқишга кирди. Ташкилотчилар ва биринчи ўқитувчилар Россиядан келган дунёга машҳур олимлар ва шифокорлар: П.Ф.Боровский, В.Ф.Войно-Ясенеский, А.Н. Крюков ва бошқалар эди.
1926-йилда университетни тугатгандан сўнг, А.А.Аковбян танлов асосида тери-таносиллар шифохонасига ординатур сифатида қабул қилинди. 1930-йилдан бошлаб тери-таносиллар кафедрасига ассистент этиб сайланди ва у ерда 44 йил шифокор бўлиб ишлади.
А.А.Аковбяннинг тери-таносил касалликлари бўйича мутахассиси бўлиб шаклланишида профессорлар И.С.Милман ва А.И.Картамишевлар меҳнати ётади. Россияда ва хорижда мукаммал та’лим олган бу олимларнинг ҳар иккиси ҳам унинг нафақат етук мутахассис, балки юксак маданиятли, дунёқараши кенг ва лебералликка эга шахс сифатида ҳам ҳаётда ва ҳам фанда тарбияланишида ҳал қилувчи из қолдирган. 1935-йилда тиббиёт фанлари номзодлигини ёқламаса ҳам ҳонорис cауса илмий даражаси берилди. 1937-йилда А.А.Аковбян „Иммунодиагностика ва шанкрнинг иммунотерапияси“ мавзусида докторлик диссертасиясини ҳимоя қилди.
1938-йилда А. А.Аковбян Марказий дерматовенерология институтининг дерматология бўлимида ва Биринчи Москва тиббиёт институтининг дерматовенерология кафедрасида ижодий хизмат сафарида эди. Кафедра мудири проф. П.С.Григорев ёш фан докторига кафедрада ассистент ўрнини таклиф қилди, аммо у бунинг уддасидан чиқолмади. 1938-йил май ойида Тошкентга қайтиб келгач, А.А.Аковбян “халқ душмани ва аксилинқилобий яширин тузилмалар ташкилотчиси” деган туҳмат билан ҳибсга олинди. Сўроқ ва қийноқлар бу ниҳоятда хушмуомала ва мулойим одамни синдира олмади: у на бир қоғозга имзо қўйди, на бошқаларга ҳам қарши гувоҳлик берди.
А.А.Аковбян ҳаётининг ушбу қийинчилик даврида тақдир уни яна устозларидан бирини бир камерада юзма-юз қилди: архиепископ Лука (дунёда проф. В.Ф.Войно-Ясенеский) 7-сонли камерада сақланган. Айнан унинг собитқадамлиги, ҳар кунги суҳбатлари ва дуолари маҳбусларнинг кўпчилиги мусулмон бўлишига қарамай, уларнинг руҳини синдирмасликка далда берди. 20 ой ўтгач, сил касаллигига чалинган А.А.Аковбян далил йўқлиги сабабли тергов ҳибсхонасидан озод қилинди ва кейинчалик тўлиқ соғломлаштирилди.
1940-йилда А.А.Аковбян Тошкент Давлат тиббиёт институтининг тери-таносил касалликлари кафедраси профессори этиб сайланди. Ўша пайтда кафедра мудири проф. С.А.Кристанов, Испаниядаги фуқаролар урушидан қайтган, у ерда халқаро бригадаларнинг санитария хизматини бошқарган эди.
1945-1971-йилларда профессор А.А.Аковбян Тошкент тиббиёт институтининг тери ва таносил касалликлари кафедраси мудири бўлди. Етук шифокор А.А.Аковбяннинг илмий изланишлари жуда кенг ва турлича эди. Дерматологияда мамлакатда биринчи марта витилиго (мохов) билан касалланган беморларни даволаш учун анжир баргларидан олинган экстрактлар шаклида фуранокумаринларни, шунингдек қизилмия илдизидан олинган глисиретик кислота препаратларини Экзема, нейродерматит ва бошқа дерматозларни даволаш учун ишлата бошлади. Гипноз техникасини билган ҳолда, у лишай, экзема, эшак еми, нейродерматит ва бошқа дерматозлар билан оғриган беморларни даволашда жуда муваффақиятли фойдаланган.
Энг муҳими венерологияга қўшган ҳиссаси эди. Монографиялари шанкрни даволаш, сифилисни арсенидлар билан даволашда асоратларни олдини олиш ва даволаш, Ўзбекистонда сифилисга қарши курашнинг ташкилий масалаларига бағишланган. А.А.Аковбян раҳбарлик қилаётган кафедра сифилисни пенисиллин, экмоновосиллин, бисиллинлар билан даволашнинг янги усулларини синовдан ўтказиш бўйича мамлакатда тан олинган марказга айланди.
А.А.Аковбян раҳбарлигида 5 та докторлик ва 16 та номзодлик диссертасиялари тугатилди, 100 га яқин илмий ишлар ва 3 та монография чоп этилди. 20 йил давомида Ўзбекистон ССР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош дерматовенерологи, узоқ йиллар республика дерматовенерологлар илмий жамияти раиси бўлган.
Талабалар илмий жамиятига 15 йилдан ортиқ раҳбарлик қилган ажойиб лектор, мулойим ва ҳамдард инсон Армаис Аристагесович талабалар орасида катта обрў, ҳурмат-э’тиборга эга инсон эди.
1971-йилда А.А.Аковбян кафедранинг илмий маслаҳатчиси лавозимига ўтди. 1974-йилда узоқ давом этган хасталикдан сўнг оламдан ўтди ва Тошкентдаги эски насроний қабристонига қўйилди.
Мукофот ва унвонлар:
- “Меҳнат Қизил Байроқ”ордени
- “Шон-шараф белгиси” ордени ва 10 дан ортиқ медаллар
- Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган фан арбоби фахрий унвони
- Бутуниттифоқ дерматовенерологлар илмий жамиятининг фахрий а’зоси
Адабиётлар
- Капкаев Р. А. Профессор А. А. Аковбян (К 100-летию со дня рождения): биография отдельного лица / Р. А. Капкаев, Л. А. Абальянц // Вестник дерматологии и венерологии : Научно-практический рецензируемый журнал. — 2000. — Н2. — С. 62-63. — ИССН 0042-4609