Арматуралар

Арматура (лотинча: арматура – қуролланиш, анжомлар), хусусан темир-бетон конструксиялар арматураси – бетоннинг чўзилишга (камдан-кам сиқилишга) мустаҳкамлигини ошириш учун мўлжалланган таркибий қисми. Асосан пўлатдан ясалган эгилувчан арматура (стержен ёки пайвандланган тўр), баъзан бикр арматура (прокат қўштаврлар, швеллер, бурчаклик) ишлатилади. Мустаҳкамлиги ва пластиклиги бўйича стерженсимон (диаметри 6+90 мм), чивиқсимон (диаметри 3+8 мм) ва зўрикма (900 Мн/см2 ва ундан ортиқ кучга чидайдиган) арматураларга бўлинади. Пўлат арматуралар баъзан ойна орасига ва чўян қуймаларнинг чўзилиш зонасига ҳам қўйилади. Туркистоннинг қадимги бинокор усталари ҳам арматурадан кенг фойдаланганлар. Синчли девор орасига қўйиладиган синч, пахса девор орасига қўйиладиган шох-шабба ва қамишлар, лойга қўшиладиган сомон ўша даврнинг арматураси эди.

Шунингдек арматура атамаси остида машина, конструксия, иншоотларнинг тўғри ишлашини таъминловчи ёрдамчи қурилма ва деталлар тўплами ҳам тушунилади. Масалан, водопровод арматураси (клапанлар, кранлар, сув ўлчагич ва ҳоказо); қозонхона арматураси (термометрлар, манометрлар, сақлагич клапанлари); иситиш тизими арматураси (терморегулаторлар, термостатлар ва ҳоказо); газ тизими арматураси (кран ва клапанлар, редукторлар ва ҳоказо); электр техникаси арматураси (патронлар, ўчириб ёққичлар, розеткалар, қандиллар ва ҳоказо)[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент 2000-йил

Ҳаволалар