Ароматик бирикмалар (юн. арома – хушбўй, муаттар) – молекуласи бир ёки бир неча бензол ядроларидан ташкил топган органик бирикмалар ва уларнинг ҳосилалари. Энг оддий вакиллари – бензол (С6Н6) ва унинг ҳосилаларидир. Бензол ядросидаги қўшбоғларнинг оддий боғлар орқали боғланишидан ҳосил бўлган бензол ҳалқалари тизими туфайли Ароматик бирикмалар ароматик хусусият касб этган ва шунинг учун улар алифатик бирикмалар ҳамда алициклик бирикмалардан катта фарқ қилади. Ароматик бирикмалар электрофил ва нуклеофил алмашиниш реаксиялари (галогенлаш, нитролаш, сулфолаш, алкиллаш, ариллаш ва бошқалар)га осон киришади. Масалан, нитрат кислота таъсирида бензол нитробензолга айланади. Бир пайтлар Ароматик бирикмалар дейилганда фақат муаттар табиий бирикмалар (ўсимликлардан олинадиган эфир мойлари, балзамлар, смолалар ва бошқалар) тушуниларди. Бу бирикмаларга „ароматик“, яъни хушбўй деган ном ҳам ўша вақтда берилган. Ҳозир эса Ароматик бирикмалар сўзи ўз маъносини йўқотган, чунки хушбўй бирикмалар ҳар хил синфга кирувчи органик бирикмалар орасида ҳам мавжуд. Кўпчилик Ароматик бирикмалар қўланса ёки деярли ҳиди йўқ. ХИХ аср ўрталаридан Ароматик бирикмалар кимёси жуда тез ривожлана бориб, улар техника ва лаборатория ишларида қўллана бошлади. Ароматик бирикмалар барқарор моддалардир. Уларни бошқа синф бирикмаларидан қатъий шароитлардагина ҳосил қилиш мумкин. Мас, бензолни 650°да ацетилендан фаол кўмир иштирокида ёки сиклогексанни дегидридлаб олиш мумкин. Ароматик бирикмалар алифатик бирикмаларни дегидроцикллаш, по-лимерлаш ёки конденсатлаш йўли билан олинади. Бу реаксиялар ароматлаш реаксияси дейилиб, улар ўсимлик, ҳайвон организмлари ва микроорганизмларда ҳам рўй беради. Бензин ҳам саноатда ароматлаш реаксиясидан ўтказилади, натижада бензиннинг хусусиятлари яхшиланади. Тошкўмирни кокслаб ёки нефтни термик ва каталитик крекингга учратиб ҳам Ароматик бирикмалар ҳосил қилиш мумкин.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил