Артрит (юнонча: артҳрон – бўғим, итис – яллиғланиш) – бўғимларнинг яллиғланиши. Асосий касаллик (мас, спондилоартрит) ёки бошқа касаллик (мас, ревматизм) белгиси бўлиши мумкин: бир (моноартрит) ёки бир неча бўғим (полиартрит) зарарланади. Инфексия (тиф, паратиф, сил, бруцеллёз ва бошқалар), моддалар алмашинувининг бузилиши, лат ейиш, сурункали касалликлар (муртак безлари, ўрта қулоқ, бурун ёндош бўшлиқларининг яллиғланиши, касалланган тишлар) ва бошқа сабаб бўлади. Интоксикация (заҳарланиш), совқотиш, одам организмида микробларга қаршилик кўрсатиш қобилиятининг сусайиши натижасида ҳам Артрит рўй беради. Ўткир, сурункали, аллергик, юқумли, ревматик (полиартрит), экссудатли ва бошқа Артритлар фарқ қилинади. Артритларда бўғимлар оғрийди, қизариб шишади, шакли ўзгаради ва ҳаракати чекланади; яллиғланган бўғим соҳасида суюқлик (экссудат) йиғилади. Бемор дармонсизланади, ҳарорати кўтарилади. Касаллик энди бошланаётганда даво (дори-дармон, даво физкултураси, массаж) қилинса, бемор тезда соғайиб кетади[1].

Артрит
КХК-10 М00-М25
КХК-9 710-719
МедлинеПлус 001243
эМедиcине топиc лист

Этиологияси ва патогенези

Йирингли артритга кўпроқ стафилококк, камроқ стрептококк ва пневмокок, энтеробактериялар сабаб болади. Инфексия бўғим бўшлиғига ёнгинасида бўлган йирингли ўчоқдан (остеомиелит, тери ости флегмонаси юз берганда) тўғридан-тўғри ўтиши мумкин; сепсис ёки ўткир тромбофлебит ҳолатларида эса у бўғим бўшлиғига гематоген йўл билан тушади. Камдан-кам ҳолларда бўғимларнинг ўткир яллиғланиш касалликларига спесифик инфексиялар (гонококк, ич терлама таёқчаси) сабаб бўлиши мумкин. Патологик-анатомик манзараси. Жараённинг ривожланиш босқичларига кўра сероз, фибриноз ва йирингли артритлар фарқланади. Яллиғланиш жараёни натижасида бўғим халтачасида тез орада экссудат йиғилади, гиперемия, шиш ва тўқималарнинг инфилтрацияси юз беради. Одатда жараён фақат синовиал пардалар билангина чекланиб қолмай, балки бўғим халтачасининг ҳаммасини қамраб олади, бўғим капсуласи флегмонаси ривожланади. Яллиғланиш бўғим атрофидаги бошқа тўқималарга ҳам ўтади. Касаллик ўтказиб юборилган ҳолларда бўғим тузилиши бутунлай бузилади, кўп миқдордаги йирингли оқмалар пайдо бўлади ва йирингли жараён бўғимнинг суяк сатҳига ўтади.

Клиник манзараси

Тизза бўғими йирингли артрити[2].

Йирингли артрит оғир ўтади. Кўпроқ унга тизза (гонит), тос суяги билан сон суягини туташтирувчи (коксит), елка ва болдир суяги билан товон суягини бириктирувчи бўғимлар дучор бўлади, бемор ҳаракатлари бирдан чекланиб, оғриқ бераётган бўғимдан нолийди. Касалланган оёқ ёки қўл ярим букилган бўлади, мазкур бўғим ҳажми катталашган, териси таранг тортилиб, силлиқлашган бўлади, шиш яққол сезилиб туради. Касалланган бўғимли қўл ёки оёқнинг ҳарорати кўтарилади, баъзан флюктуация борлиги аниқланади. Агар касаллик қўзғатувчининг вирулентлиги ўртача бўлса, экссудат шимилиб кетиши ва соғайиш бошланиши мумкин. Кўпинча яллиғланиш ривожланиб боради, йиринг бўғим капсуласини ёриб чиққан ҳолларда эса, бўғим атрофи флегмонаси пайдо боиади, бўғимнинг бойлам аппарати ва тоғай тўқимаси емирилганда бўғимда патологик ҳаракатчанлик ҳамда бўғим суяклари сатҳи қотиб қолиши (контрактура) пайдо бўлади. Бундай асоратлар бўғим ҳаракати чекланиши ва анкилоз юз бериши билан бирга кечади. Камдан-кам ҳолларда яллиғланиш жараёни умумий йиринг инфексияси билан мураккаблашади. Суякнинг бўғимдан ярми ёки тўлалигича чиқиб қолиши, деформацияланган артрозлар, экзостозлар, бўғимларнинг анкилозлари – йирингли артрит оқибатлари ҳисобланади.

Дифференсиал диагностика

Бўғимларнинг йирингли яллиғланишини тери ости клетчаткаси абссессидан, тери ости флегмонасидан, ўткир остеомиелитдан, бўғим халтаси шиллиқ пардасининг яллиғланишидан, суяк силидан, суяк саркомасидан, шунингдек, ревматик, юқумли ва посттравматик артритдан фарқлаш лозим.

Давоси

Энг аввало касалланган қўл ёки оёқни иммобилизация қилиш зарур. Иссиқ муолажалар, оғриқ қолдирадиган моддалар қўлланади. Бўғим пунксияси ва унинг бўшлиғига антибиотиклар юбориш катта аҳамиятга эга. Бўғим синовиал тузилмаларининг сероз яллиғланиши рўй берган ҳолларда беморнинг соғайиб кетишига эришиш мумкин. Пунксия кетма-кет бир неча ким давомида такрорланади. Беморнинг аҳволи оғирлашган ҳамда йирингли артрит авж олганда бўғим бўшлиғи очилади („артротомиа“), кенг кесишлар қилиниб, бўғим бўшлиғи антисептик эритмалар ва антибиотиклар билан тозаланади, икки бўшлиқли полихлорвинил найчалар ёрдамида дренаж қилинади. Даволашнинг умумий қабул қилинган методлари, шунингдек, антибиотикотерапияни, қон ва қон ўрнини босадиган суюқликларни қўйишни, оксигенотерапияни, яхши овқатланишни ўз ичига олади. Ҳаракат чекланишининг олдини олиш мақсадида ўткир оғриқли давр тугаши биланоқ, функсионал даволашни, даволаш гимнастикасини, массажни, балчиқли, сувли ва бошқа физиотерапевтик муолажаларни бошлаш лозим.

Йирингли артрит асоратларини даволаш учун қўлланадиган жарроҳлик йўли билан даволашлар орасида бўғим резексияси ҳам борлигини эслатиб ўтиш лозим. Бўғим сатҳи ва капсула бутунлай емирилгани аниқланган ҳоллардагина ва ўткир яллиғланиш босилгандан кейингина амалга оширилади, уни болаларга ҳам қўллаш тавсия этилмайди. Кейинги йилларда йирингли артритни даволашда Г. А. Илизаров, О. В. Оганесян ва М. В. Волков, В. К. Қалнберз томонидан таклиф қилинган компресс-дистраксион аппаратларни қўйиш муваффақият билан қўлланилмоқда. Бу метод контрактура ва фиброз анкилозлар ривожланишининг олдини олади[3].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  2. ↑ Хирургик касалликлар Эргашев У.Й. ТошТА 2020. 
  3. ↑ Орипов О.. Умумий хирургия 399-бет Янги аср авлоди 2008.