Архангелск — шаҳар (1613-йилгача Новохолмогори), Россия Федерацияси Архангелск вилояти маркази. Архангелск Россиядаги энг йирик денгиз ва дарё портларидан бири. Аҳолиси 410 мингдан зиёд (1999). Йирик темир йўл тугуни. Архангелскнинг асосий қисми Шимолий Двина дарёсининг соҳилларида ва делтасидаги оролларда жойлашган. Архангелск 1584-йилда бунёд этилган, 1613-йилдан архангелск деб аталган. 1898-йилда архангелск билан Москва орасида темир йўл қурилган. Архангелск ўрмон саноати бўйича ва ёғоч-тахта экспорт қилишда Россияда энг йирик шаҳар, унда ўнлаб тахта тилиш, селлюлоза-қоғоз комбинатлари, гидролиз кукуни заводи бор. Кемасозлик ва кема тузатиш саноати ривожланган. Механика заводи, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати корхоналари ва бошқа мавжуд. Архангелскда 3 олий ўқув юрти, 3 театр, 2 музей бор.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил