Абу-л-Аббос ас-Саффоҳ (арабча: أبو العباس السفاح‎‎ — Абу-л-Аббос Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн ал-Аббос ибн Абдулмутталиб, тахминан 100-108/718-726-йил, Ҳумайма — 136/754-йил, Анбор) — илк аббосий халифа (750-754-йиллар).

Абу-л-Аббос Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн ал-Аббос ибн Абдулмутталиб
Шахсий маълумотлар
Таваллуди тахминан милодий 718-726-йил (ҳижрий 100-108-йил)
Вафоти милодий 754-йил (ҳижрий 136-йил)
Дини Ислом
Танилган соҳаси илк аббосий халифа

Халифа сифатида байъат олиши

Умавийларга қарши аббосий қўзғолонини бошлаган Имом Муҳаммад ибн Алининг ўғли бўлган Абу-л-Аббос ас-Саффоҳ болалик ва ўсмирлик чоғларини Ҳумаймада оиласи билан бирга ўтказган. Оғабеги Имом Иброҳим, умавий халифаси Марвон ИИ томонидан қўлга олиниб Ҳарронга олиб кетилаётганда ўз оиласига укаси Абу-л-Аббос ас-Саффоҳни [[[валиаҳд]] этиб тайинлаганини айтади ва унга байъат этишларини сўрайди. Абу-л-Аббос ас-Саффоҳ инқилобчиларнинг Куфага кирганларидан бир ой кейин 132-йил сафар/749-йилнинг октябр ойида оиласи билан бирга Куфага келади. Бироқ улар шаҳарда яхши кутиб олинмайдилар. Куфада вазиятга ҳоким бўлиб турган ва Алининг авлодини қувватлаганини ҳануз очиқ ошкор этмаган Абу Салама ал-Халлол, Али авлоди истиқомат қилаётган ерни хуросонликлардан ҳимоя қилиб, келишувларни кута бош­лади. Ҳануз Ироқнинг маркази Восит ва умавий хонадонининг маркази бўлган Шом итоат остига олинмаганидан, устига-устак қўзғолоннинг натижаси аниқ бўлмаганидан Абу Салама янги халифанинг тан олинишини кечиктиришга ҳаракат қилаётган эди. Абу Муслим Хуросонийнинг ишончли одамларидан Абу-л-Жаҳм ибн Атийя ал-Боҳилий, Абу Саламанинг чалғитувчи хийласини англаб, Ҳаммом-Аъёндаги Хуросон қўшинига вазиятни хабар қилади. Натижада 12 киши дарҳол Куфага йўл олиб Абу-л-Аббос ас-Саффоҳга байъат қилади. Қўзғолоннинг тайёрланишида ва муваффақият қозонишида ҳеч қандай роли бўлмаган Абу-л-Аббос ас-Саффоҳ 132-йилнинг 12 -рабиъул-охирида (749-йил ноябр) жума куни Куфа масжидида илк аббосий халифа сифатида байъат олади. Минбарда хутба ўқиб, ҳокимият аббосийларнинг ҳаққи эканини айтади. Хутбасида аббосийлар ва ироқликлар орасидаги манфаат бирлиги ҳақида гапиради.

Абу Саламанинг бартараф этилиши

Абу-л-Аббос ас-Саффоҳ халифа сифатида байъат олишига қарамай, умавий халифалиги ҳали тугалланмаган ва ўлканинг катта бир қисми умавийларнинг назорати остида эди. Ироқда вазият ҳануз номаълум эди. Ироқнинг маркази Воситда умавий волийси Ибн Ҳубайра (Абу Холид Язид ибн Умар) таслим бўлмасдан қурашаётган эди. Аббосийларга қарши Али авлодини қувватлашини очиқчасига айтган Абу Салама Абу Муслимнинг дастаги билан бартараф этилади (132/750-йил).

Шомнинг эгалланиши

Шомга юриш қилган Абу-л-Аббос ас-Саффоҳнинг амакиси Абдуллоҳ ибн Али ибн Абдуллоҳ қўмондонлигидаги аббосий қўшинини умавий халифаси Марвон Дажла қирғоқларидан саналган Буюк Зоб дарёси соҳилида қарши олади (132-йил 2 жумодул-охир ойи/750-йил 16-январ). Ўн кун давом этган урушда Марвон енгилади. Шундай қилиб, аббосийларга Шомнинг эшиклари очилади. 132-йил рамазон ойининг 14-кунида (750-йил 26-апрел) умавийларнинг маркази — Дамашқ шаҳри аббосийлар қўлига ўтади. Марвон Мисрга қочаётганда Юқори Мисрдаги Бусийр деган жойда қўлга олиниб ўлдирилади (750-йил август). Шундай қилиб, умавийлар тарих саҳнасидан ўчирилади ва аббосийлар ҳокимият устига чиқадилар.

Исёнлар

Бироқ ҳануз Ислом дунёсида том маънода ҳокимият барпо қилинмаган эди. Таслим бўлмасдан курашаётган Восит волийси Ибн Ҳубайра Ҳасан ибн Қаҳтаба томонидан қуршаб олинди. Ҳасаннинг натижага эриша олмаганидан хабардор бўлган халифа Абу-л-Аббос ас-Саффоҳ укаси Абу Жаъфарни ёрдамга юборади. Шундай бўлса-да, қуршов ўн бир ой давом этади. Ниҳоят, Марвон ўлимининг хабари келгач, 750-йилнинг охирларида Ибн Ҳубайра келишувга рози бўлади ва таслим битими имзоланади. Бироқ шаҳар таслим бўлганидан сўнг, келишув шартларига амал қилмасдан Ибн Ҳубайрага қўшиб бир неча кишилар қатл қилинади. Умавийлар хонадонига мансубларнинг золимона шаклда маҳв қилиниши Шом ва ал-Жазира шаҳарларида баъзи исёнларнинг чиқишига сабаб бўлди. Қайс Айлон қабиласидан Зуфар ибн Ҳорис­нинг набираси Абу-л-Вард ибн Кавсарнинг бошқарувида Қиннасрийн­да исён кўтарилди. Тадмур ва Ҳимс шаҳарлари ҳам бу исёнда иштирок этдилар. Улар ўзларига раҳбар этиб Муовиянинг наслидан бўлган Абу Муҳаммад ас-Суфёнийни тайинладилар. Исёнчилар Қиннасрийн яқинида 751-йил июлида Абдуллоҳ ибн Али томонидан мағлуб этилдилар. Абу-л-Вард ва исённинг қўрбошилари жанг майдонида вафот этадилар. Абу Муҳаммад аввал Тадмурга, у ердан Ҳижозга қочади, бироқ қўлга тушиб қатл қилинади. Мазкур йилда Ишоқ ибн Муслим ал-Уқайлий қўмондонлигидаги ал-Жазира араблари Ҳарронни ўраб оладилар. Исённи бос­тириш вазифасини олган Абу Жаъфар Ҳаррон яқинига келади. Ҳаррон волийси Мусо унга қўшилиш учун шаҳардан чиққанида шаҳар исёнчиларининг қўлига ўтади. Бир оз вақтдан сўнг, исёнчилар Самсатга (Сумайсот) чекинадилар. Халифанинг укаси Абу Жаъфар билан амакиси Абдуллоҳ ибн Али Самсатни ўраб олган бўлсалар-да, шаҳарни қўлга кирита олмайдилар. Етти ой давом этган қамал, исёнчи Ишоқ ибн Муслим Марвоннинг ўлганига ишонч ҳосил қилганидан сўнг охирига етди. Бу воқеадан сўнг Абу Жаъфар ал-Жазира ва Озарбайжон волийлигига тайинланди.

Аббосийларнинг бошқарувга келиши на арабларни, на эронликларни мамнун этди. Ўлканинг шарқий вилоятларида ҳам исёнлар юзага келди. 130-йил (750-51-йил)да Бухорода Шарик ибн Шайх ал-Маҳрий бошчилигида Али авлоди фойдасига бошланган жуда таҳликали исён, Абу Муслим юборган Зиёд ибн Солиҳ томонидан бостирилади. Шаҳар уч кун талон-торож қилинади. Асирлар шаҳар эшикларига осиб қўйилиб, халққа намойиш қилинади.

Али авлодини қўллаб-қувватлаган Абу Салама бартараф этилган эди. Бироқ қўзғолоннинг ҳақиқий бошлиғи бўлган Хуросон волийси Абу Муслимнинг борлиги Абу Жаъфар бошчилигидаги аббосийларни безовта қилаётган эди. Абу Жаъфарнинг фитна қўзғаши натижасида халифа Абу-л-Аббос ас-Саффоҳ, Абу Муслимнинг волийлари Сибў ибн Нўмон ал-Аздий ва Зиёд ибн Солиҳ ал-Хузоийларни Абу Муслимга қарши яширин исёнга ташвиқ этади. 135-йил (752-53-йил)да бошланган исёнда исёнчилар кўп қаршилик кўрсата олмайдилар. Сибў Омулда қўлга олиниб, қатл қилинади. Зиёд эса ўз қўшини томонидан тарк этилганидан сўнг, ҳузурида яширинган Боркас деҳқони томонидан ўлдирилиб, боши Абу Муслимга юборилади. Аббосий халифалигига қарши Бас­рада хорижийлар, Форсда Бассом ибн Иброҳим ва Синдда Мансур ибн Жумҳурнинг бошлаган исёнлари ҳам осонгина бартараф қилинди.

Чин давлати билан уруш

Халифа Абу-л-Аббос ас-Саффоҳ даврининг тарихий жиҳатдан энг муҳим воқеаси — Чин қўшини билан юз берган ва хитойликларнинг мағбулияти билан ниҳоясига етган Талас жанги ҳисобланади (751-йил июл). Бу жанг билан Хитойнинг Ғарбий Туркистон устидаги сиёсий бошқаруви батамом охирига етади.

„Саффоҳ“ унвони

Абу-л-Аббос ас-Саффоҳ ички зиддиятларга барҳам бериш билан мусулмонларнинг сиёсий бирлигини таъминлаган, Андалус ва Шимолий Африканинг ғарбий қисмларидан ташқари бутун Ислом оламида халифа сифатида тан олинди. Куфада ўқиган илк хутбасида ўзини „Саффоҳ“ (қон тўкувчи) унвони билан танитган Абу-л-Аббос ас-Саффоҳнинг умавийлар ва тарафдорларига қарши қўллаган қаттиқ сиёсати мазкур унвонининг шахсиятига уйғун эканини кўрсатади. Унинг даври ҳақида сўз борганда илм-фан ва бунёдкорлик фаолиятлари борасида баҳс юритиш мумкин эмас. Манбаларда Абу-л-Аббос ас-Саффоҳ мард, виқорли шахс сифатида зикр қилинади[1].

Вафоти

Халифалик марказини Куфадан Ҳошимияга, у ердан эса Анборга кўчирган Абу-л-Аббос ас-Саффоҳ, беш йил халифа бўлганидан сўнг, чечак касали оқибатида 136-йил зулҳижжа ойининг 13-куни (754-йил, 9 июн) Анборда вафот этади. Ундан сўнг укаси Абу Жаъфар ал-Мансур халифа бўлади[2].

Адабиётлар

  1. Халифа ибн Хайёт. Тарӣх. 324, 327, 328, 330-341;
  2. Яъқубий. Тарӣх. ИИ, 332, 345, 346, 349-363, 365;
  3. Ат-Табарий. Тарӣх. ИИИ, 23-88;
  4. Масъудий. Мурӯж аз-заҳаб. ИИИ, 233-237, 247, 248, 251-280;
  5. Ибн ал-­Асир. Ал-Кāмил. В, 406-416, 421, 425-427, 450-454, 458-468;
  6. Аз-Заҳабий. Сияр. ВИ, 77-80;
  7. М. А. Шабан. Исламиc Ҳисторй. — Cамбридге: 1976. И, 185-189; ИИ, 1-5;
  8. Ҳаккı Дурсун Йıлдıз. İслâмиет ве Тüрклер. — İстанбул: 1976. 32-38;
  9. Бартолд. Туркистан. 210-213;
  10. Аҳмет Çэлеби. Аббасîлер Деври. Доğуşтан Гüнüмüзе Бüйüк İслâм Тариҳи. — İстанбул: 1986. ИИИ, 25-62;
  11. Аҳмад Закий Сафват. Жамҳара ар-расāил ал-’араб. — Байрут: „Ал-Мактаба ал-­’илмийя“. 9-10;
  12. Ҳ. Ф. Амедроз. „Он тҳе Меанинг оф тҳе Лақаб ал-Саффâҳ“. ЖРАС (1907). 660-663;
  13. С. Мосcати. „Ле Массаcре дес Умайядес“. Ар. О. ХВИИИ (1950). 88-115;
  14. С. Мосcати. „Абуъл-ʿАббāс ал-Саффāҳ“. ЭИ2 (Фр.). И, 106;
  15. К. В. Зеттéрстеэн. „Эбуъл-Аббâс“. İА. ИВ, 66-67;
  16. Ҳакки Дурсун Йилдиз. „Эбü’л-Аббас эс-Сеффâҳ“. ТДВ İА. — İстанбул: 1994. Х, 283-284.

Манбалар

  1. ↑ Шодмон Воҳидов ва Алишер Қодиров. „Шарқнинг машҳур сулолалари“. 
  2. ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.