Асадуллабек — ХИХ асрда Марказий Осиёда яшаган машҳур табиблардан бири. Асадуллабек Қўқон хонлари Саййид Баҳодир Муҳаммад Маллахон, Худоёрхон, Бухоро амири Музаффар, Еттишаҳар ҳукмдори Муҳаммад Ёқуббек Бадавлат, Қўқон хонлиги амирлашкари Алимқул, Марказий Осиё бўйлаб саёҳат қилган биринчи америкалик дипломат Южин Скайлер (1840-1890)лар билан шахсан кўришган, Қўқоннинг турли хонларига шахсий шифокор — хон табиби бўлган.

Асадуллабек
Таваллуди ХИХ аср биринчи ярми
Фуқаролиги аввал Қўқон хонлиги, сўнгра Россия империяси
Касби Табиб - Шифокор
Унвони Хон табиби

Келиб чиқиши

Южин Скайлер маълумотларига кўра, „Тошкентнинг машҳур шифокорларидан бири“ ва аслида Кавказда туғилган, эроний кишидир. Асадуллабек ёшлик даврида Марказий Осиёга келиб қолган бўлиб, келиб қолиш сабабини ошкор қилишни хоҳламайдиган киши бўлган. Асадуллабек Қўқон амирлашкари Алимқул ва Муҳаммад Ёқубхоннинг яқин дўсти. Скайлер унинг қаерда тиббий таълим олганини билмайди ва буни ўзининг асарида қайд этиб ўтади. Асадуллабек рус тилини ҳам билган[1]. У ҳақида маълумотлар фақат Южин Скайлернинг „Туркистон: Россия Туркистони, Қўқон, Бухоро ва Ғулжага саёҳат қайдлари“ (1876) асари орқали етиб келган. Асадуллабек ҳаёти ҳақида Южин Скайлер асаридан бошқа манбаларда маълумотлар учрамайди.

Хон табиби

Асадуллабек Қўқон хони Маллахонга қилинган суиқасд воқеалари гувоҳи бўлади. Асадуллабекнинг хон табиби даражасига чиқиши воқеаларини Южин Скайлерга ҳикоя қилиб беради. Асадуллабек Туркистон шаҳрига 1856-йил келади ва бу ерда бир йил яшайди. Бу пайтда Россия Қўқон хонлигини босиб олиш ҳаракатига тушганди. Жўлакда русларга қарши чиққан Қўқон хонлиги қўшини бошлиқларидан бири яраланган Ботирбекни қўшин қўмондони Хинояцҳох буйруғига кўра даъволайди. Асадуллабек тўрт кунда Ботирбекни ҳушига келтириб, саккиз кунда у анча ўзига келгач, ўн икки тилла мукофат олиб, Хинояцҳох ва Муҳаммад Ёқуббек олдинроқ кетганидан Тошкентда кутиб туриш бўйича буйруқ олади. Бир ҳафта ўтгач Асадуллабекка бир от ва киши берилиб, Маллахон ҳузурига чақирилади. Хоннинг ўзи Ўратепани эгаллаш учун жўнаб кетганлиги учун Тошкентда Асадуллабек Алимқул ва хоннинг жияни Шоҳмуродбек билан танишади. Шундан кейин Асадуллабек Қўқонга жўнаб, у ерда тиббиёт амалиётини бошлайди ва хоннинг табиби бўлади. Кунлик маоши бир тилла этиб белгиланади. Южин Скайлер у билан суҳбатлашганда бир тилла тахминан саккиз шиллинг бўлганини ёзади[2].

Маллахон қатли гувоҳи

Саййид Баҳодир Муҳаммад Маллахон 1862-йил 24-февралда суиқасд натижасида ўлдирилади[3]. Маллахон ўлдирилиши кўплаб манбаларда келтирилган бўлсада, Асадуллабек Маллахоннинг яқин дўсти ва табиби бўлганидан, унинг қандай ўлдирилганлигига ҳам гувоҳ бўлади ва бу жиҳатдан у берган маълумотлар жуда қимматлидир. Асадуллабек маълумотларига кўра, тунда кунбўйи май ичиб, қаттиқ уйқуга кетган хонга қўшни хонадан жой олиб, тунда хоннинг эшиги ташқаридан қулфланганини ва „хон шу ерда“ деган товушларни эшитади. Тунда хоннинг хонасига бостириб кириб, уни калтаклаб, пичоқлари билан зарба беришади. Хон ўзини ҳимоя қилишга уринса-да, аммо сўнгида фитначилар томонидан ўлдирилади. Кейин фитначилар Асадуллабекни ҳам хоннинг энг яқин дўстларидан бири бўлгани учун ўлдиришмоқчи бўлишганини эшитади, бироқ улардан бири Асадуллабекни ёқлаб, унинг ажнабийлиги ва табиблиги, бу ерда вақтинча яшаётгани, ҳеч кимга ёмонлик қилмаётганини айтиб уни ўлимдан сақлаб қолади. Фитначилар сўнгра ўша пайтда Қўқонда яшаган Шоҳмуродни топишиб, кенг одатга кўра оқ кигизга ўтқазиб, уни хон сифатида олқишлашган[1]. „Тарихи жаҳонномайи“да ёзилишича ҳам Маллахон тунда болта билан ўлдирилади[4].
Эрталаб кўчаларда Маллахоннинг ўлдирилганлиги ва Шоҳмурод хон этиб эълон қилинганлиги маълум қилинади. Барча расмийлар ва Қўқоннинг олий табақаси саройга, унинг ҳузурига салом учун жўнайди. Шоҳмуродхон Асадуллабекка сарой табиби бўлишини айтиб, шундан сўнг Асадуллабекга бир сидра уст-бош, салла ва тилла тўла ҳамён берди. Пулни олиб уйига келтиргач, кейинроқ у билан бирга яшаган Ёқуббек билан бўлишиб олади.

Алимқул вафоти ҳақида

Россия томонидан Тошкентга биринчи ҳужум қилинганда Асадуллабек Тошкентда бўлиб, Қўқон амирлашкари Алимқул яраланганида ҳам ёнида бўлади. Алимқулнинг яраланиши ва ўлими унинг атрофдагиларга қаттиқ таъсир қилади. Алимқулнинг кийимлари бирин-кетин ечиб олинганда, табиб уларни ушлаб туриш учун ёнидагиларга беради ва бу орқали вафот этаётган одамга тоза ҳаво бермоқчи бўлади. Бу кийим-кечакларни қабул қилганлар дарҳол олиб кетишди, шунинг учун табиб Асадуллабек уни ўзининг кийими билан ёпишга мажбур бўлади. Тошкент босиб олингандан сўнг, Асадуллабек рус тилини билганлиги сабабли русларга хизмат қилади ва у ерда бир муддат қолди; лекин ниҳоят, генерал Черняевдан ўз ишларини ҳал қилиш ва қолдириб кетган хотинини қайтариш учун Қўқонга боришга рухсат олади[5].

Амир ва хон эътиборида

Қўқонга келганида Скайлер талқинича Бухоро амири Музаффар шаҳарни босиб олган эди ва Асадуллабек дарҳол рус жосуси деб эълон қилинади. У амир ҳузурига олиб келиниб, дарҳол қатл этилмоқчи бўлганида, Асадуллабек Тошкентда Қўқон хонлиги учун жанг қилганини, шу пайтгача Алимқул билан бирга бўлганини айтиб, амирдан раҳм-шафқат сўрайди. Энди руслардан қутулишга муваффақ бўлганини ва умрининг охиригача Қўқонда тинч-тотув яшашни хоҳлаётганини айтади. Унинг сўзларидан кейин амир Музаффар бошидан зардўзли қалпоқчани олиб, унга ташлаб юборади ва у нафақат жонини сақлаб қолишлигини, балки Асадуллабекни сарой табиби қилиб, Бухорога олиб боришини айтади. Амир дарҳол Асадуллабекка кийим ва пул ҳамёнини беришни буюрди. Асадуллабек амир Музаффарнинг таклифини қабул қилишни истамайди, чунки Бухорога боришни хоҳламайди. Асадуллабек амир жўнайдиган кунгача кутиб турди. Амир Бухоро амирлигига қайтаётганда Асадуллабек ва оиласи учун тўртта арава жўнатади, лекин у хотини билан маслаҳатлашиб, аскарларни алдаб қочиб кетади ва амир Қўқонни тарк этгунча яшириниб юради. Сўнгра деярли пулсиз қолгани учун Қўқонга қайтади ва у ерда яшириниб юрди. Лекин хотинини бозорда миршаблардан бири таниб қолади. Илгари Асадуллабекнинг дўсти бўлган миршаббоши унинг олдига келиб, ҳеч нарсадан қўрқмаслик кераклиги, чунки амир кетиб, Худоёрхон Асадуллабекка жуда яхши муносабатда эканлиги хабарини беради. Кейин Асадуллабек Худоёрхон саройига чақирилиб, амир ҳузурига боришга рухсат берилмаслиги ва ҳимоя қилиниши ҳақида хабар берилади. Орадан бир неча кун ўтгач, амир хонга мактуб йўллаб, хондан Асадуллабекни таъқиб қилишни ва Бухорога жўнатиш ва жазолашни талаб қилади. Асадуллабек Қўқонни тарк этишга қарор қилди ва ўта хавфли вазият туфайли хотини билан ажрашиб, уни ташлаб кетишга мажбур бўлади[6].

Тошкентга қайтиш

Асадуллабек тоғлар орасидан ёлғиз ўтиб, Тошкентга етиб боради. Генерал Черняевнинг ўрнига тайинланган генерал Романовский ва унинг зобитлари Асадуллабекни айғоқчи деб ҳисоблашади. Лекин уни кафилликка олиб ҳимоя қилингач, Тошкентда қолиб яшай бошлайди. Гарчи Худоёрхон томонидан Қўқонга, шунингдек, уни бутунлай кечирганини эътироф этган амир Музаффар томонидан Бухорога тез-тез таклиф қилинса ҳам Тошкентни тарк этмайди. Скайлер Тошкентдалиги пайтларида эски дўсти Еттишаҳар ҳукмдори Ёқубхондан элчи орқали Қошғарга боришга ундаган хабар олади, аммо бормай Тошкентда қолади. Тошкентга қайтиб келгач, Қўқон хонининг синглиси Алимқулнинг бева хотинига уйланади, лекин у Скайлер Тошкентдалиги вақтида (1873-йил) аллақачон вафот этган бўлиб, Асадуллабекнинг бу вақтда татар хотини ва болалари бор эди[7]. Асадуллабекнинг кейинги ҳаёти ҳақида маълумотлар аниқланмаган.

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 Скайлер Й. Туркистон: Россия Туркистони, Қўқон, Бухоро ва Ғулжага саёҳат қайдлари. Таржимон З. А. Саидбобоев. -Тошкент:"Ўзбекистон" НМИУ, 2019. 64-65-бетлар.
  2. ↑ Скайлер Й. Туркистон: Россия Туркистони, Қўқон, Бухоро ва Ғулжага саёҳат қайдлари. Таржимон З. А. Саидбобоев. -Тошкент:"Ўзбекистон" НМИУ, 2019. 65-66-бетлар.
  3. ↑ Воҳидов Ш. Қўқон хонлиги тарихи (хонлик тарихи — манбаларда). 1-жилд. -Тошкент, 2014. 22-бет.
  4. ↑ Аваз Муҳаммад Аттор Хўқандий. Тарихи Жаҳоннамойи. Тошкент — 2012. 266-267-бетлар.
  5. ↑ Счуйлер Э. Туркистан нотес оф а жоурней ин Руссиан Туркистан, Кҳоканд, Букҳра, анд Кулджа. Волуме И. Неw Ёрк: Сcрибнер, Армстронг & CО.,1877. 93 п
  6. ↑ Счуйлер Э. Туркистан нотес оф а жоурней ин Руссиан Туркистан, Кҳоканд, Букҳра, анд Кулджа. Волуме И. Неw Ёрк: Сcрибнер, Армстронг & CО.,1877. 93-95-п
  7. ↑ Скайлер Й. Туркистон: Россия Туркистони, Қўқон, Бухоро ва Ғулжага саёҳат қайдлари. Таржимон З. А. Саидбобоев. -Тошкент:"Ўзбекистон" НМИУ, 2019. 67-бет.