Асака тумани — Андижон вилоятидаги туман. Вилоятнинг марказий қисмида жойлашган. 1926-йил 29-сентабрда ташкил этилган (1962-йил 24-декабрда Марҳамат тумани билан бирлаштирилган, 1970-йил 7-декабрда қайта тузилган). Андижон вилоятининг Шаҳрихон, Марҳамат, Андижон, Олтинкўл, Булоқбоши туманлари ва Фарғона вилоятининг Қува тумани билан чегарадош. Майдони 0,27 минг км² (2023). Аҳолиси 347,5 минг киши (2023). Асака туманида 1 шаҳар (Асака) ва 77та маҳалла фуқаролар йиғини бор. Маркази — Асака шаҳри.

Асака тумани
Асакинский район
туман
Таркибида Андижон вилояти
Маъмурий маркази Асака (шаҳар)
Йирик шаҳари Асака
Асос солинган санаси 1926-йилда
Ҳоким Мўминов Насибулло Набиевич [1]
Расмий тиллар Ўзбек
Аҳоли 347.5 минг киши
Динлар таркиби мусулмонлар
Майдони 0.27 км²
Вақт минтақаси УТC+5
Телефон коди +99874
Почта индекси 170200
Интернет домени уз
Автомобил рақами коди 60-69
Харитада
Asaka tumani xaritada

Табиати

Релефи текислик, жарликлар, қир ва нисбатан баланд адирлардан иборат. Шимоли-шарқида Андижон, Асака адирлари ва қирлари жойлашган. Иқлими континентал. Июлнинг ўртача температураси 26, Г, январники — 2,9°. Йилига ўртача 180 — 190 мм ёғин тушади. Вегетация даври 220 кун. Туманнинг шимолий ва шимоли-шарқидан Катта Фарғона канали, Шаҳрихонсой, жанубидан Оқбўйра ва Аравонсойлар оқиб ўтади. Асака ташламаси ва Обиҳаёт суғориш маши-на канали бор. Тупроқлари, асосан, бўз тупроқ, адирлари арзиқ тупроқ бўлиб, суғориб деҳқончилик қилинади. Ёввойи ўсимликлардан шувоқ, шўра ва бошқа ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан тулки, бўри, чиябўри, қуён яшайди. Аҳолиси, асосан, ўзбеклардан иборат. Тожик, рус, татар, қирғиз, уйғур ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. 1 км² ўртача 679 киши тўғри келади (2000).

Хўжалиги

Асака туманида мотор таъмирлаш заводи, Асака дон маҳсулотлари аксиядорлик жамияти, нефт маҳсулотлари таъминоти корхонаси, пахта тозалаш заводи, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш, ёғочсозлик „Турон“ хусусий корхонаси, 3 паррандачилик фабрикаси бор. Шунингдек, хусусий тадбиркорлик ҳам ривожланган. Туманда 431 кичик корхона фаолият кўрсатади (2000). Асака тумани даги жами экин майдони 11070 га. Шундан 5995 га ерга пахта, 3902 га ерга буғдой, 47 га ерга сабзавот экилади; ем-хашак экинлари 1114 га, мева ва токзорлар қарийб 2000 га ерни ишғол қилади (2000). Туманда 2 жамоа хўжалиги (Бобур номидаги жамоа хўжалиги, „Шарқ ҳақиқати“), 8 ширкат хўжалиги („Янги ҳаёт“, „Навбаҳор“, „Ўзбекистон“, „Ғалаба“, „Ўзбекистон мустақиллиги“, „Наврўз“, „Асака“, Ғулом Ёқубов номидаги ширкат хўжалиги) ва „Соҳибкор“ мева-токчилик ширкатлар уюшмаси бор. Асака туманида 2000-йилда 19,0 минг т пахта, 30,0 минг т ғалла етиштирилди. Асака туманида Андижоннинг энг фусункор ва сўлим гўшаларидан Асака чўнтаги жойлашган. Чўнтак Тошканбой Эгамбердиев номидаги маданият истироҳат боғининг тепа, чекка қисмига туташган. Шаҳрихонсойдан бошланган Ёв ариғи 6 км масофада юқорилаб оқиб, Чўнтакка етганда адир ён бағрилари бўйлаб чойхона сўрилари остидан оқиб ўтади. Ариқда радиуси 6,5 м ли, 110 кўрачаси бўлган чархпалак айланиб туради. Ушбу чархпалак бу ердаги 3 улкан чархпалакнинг энг каттаси бўлиб, унинг ёрдамида боғнинг юқори қисми суғорилади. Асака Чўнтаги атрофга нисбатан анча баланд. Шунинг учун бу жой ёз палласида хушҳаво, оромбахш масканга айланади. Туманнинг барча қишлоқларида ободонлаштиришга эътибор кучайтирилган. Қишлоқлар ва маҳаллалар марказида савдо ва маиший хизмат шохобчаларига эга бўлган гузарлар ташкил қилинган. 1999/2000 ўқув йилида 51 умумий таъим мактабида 37,6 минг ўқувчи, 1 гим-назияда 205 ўқувчи, 2 академик лицейда 360 ўқувчи таълим олди. 1999-йилда Асака қишлоқ хўжалиги коллежи (300 ўқувчи), 2000-йилда Асака ижитмоий-иқтисодиёт ва педагогика коллежи (600 ўқувчи) ишга туширилди. 500 оммавий кутубхона, 15 клуб, 4 киноқурилма, маданият уйи, музей, 885 ўринли 4 касал-хона ва диспансер, 4 тиббиёт пункти бор (2000). 1930-йилдан „Асака ҳаёти“ туман 681газетаси чиқади (адади 2900)[2].

Тарихи

Асака тумани 1926-йил 29-сентабрда куни ташкил қилинган. 1962-йил 24-декабрдан 1970-йил 7-декабрга қадар Марҳамат тумани таркибида бўлган. 1992-йилга қадар Ленинск тумани деб аталган.

Маъмурий бўлиниши

Асака тумани Андижон вилоятининг Шаҳрихон, Марҳамат, Андижон, Хўжаобод туманлари ва Фарғона вилоятининг Қува тумани билан чегарадош. Майдони — 0,26 минг километр квадрат.

Асака туманида 77та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд.

Аҳолиси

Тумани аҳолиси сони — 345.5[3] минг киши. Аҳоли зичлиги — 1 квадрат километрга 533 киши. Аҳолининг асосий қисмини ўзбеклар, шунингдек, руслар, қирғизлар, татарлар, тожиклар, уйғурлар ва бошқа миллат вакиллари ташкил этади.

Ҳокимлар

  1. Тохир Шоввозов — 2017-йилга қадар.
  2. Эркинжон Ёқубов — 2017-йилдан 2020-йилга қадар
  3. Иномжон Мамадалиев — 2020-йил мартидан сентябр ойига қадар.
  4. Мансурбек Алиханов — 2020-2022-йилларда.
  5. Бекзод Умматов — 2022-2023-йилларда.
  6. Насибилло Мўминов — 2023-йилдан ҳозирги вақтга қадар.

Туғилган машҳурлар

  1. Шерали Жўраев — Ўзбекистон халқ артисти.
  2. Аваз Охун — қизиқчи.
  3. Санобар Раҳмонова — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.
  4. Илҳом Жўраев — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.

Ҳаволалар

Манбалар

  1. ↑ Асака туманига янги ҳоким тайинланди
  2. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  3. ↑ „Аҳоли сони энг кўп бўлган туман ва шаҳарлар топ ўнталиги маълум қилинди“ (2022-йилнинг 1-октябр ҳолатига). Қаралди: 2023-йил 27-сентябр.