“Аш-Шифо би та’рифи ҳуқуқ ал-Мустафо” моликий фақиҳ Қози Иёзнинг (ваф. 544/1149) шамоил мавзусида ёзган энг машҳур асаридир. Бу асар “ўхшаши ёзилмаган”, “ўз бобида ҳалигача мисли та’лиф этилмаган фойдали асар”, “машойихлардан мусибат кунларида “аш-Шифо”ни ўқимоқнинг манфаатли иш экани эшитилган” каби мадҳлар қозонган[1]

Аш-Шифонинг 17-асрдаги нусхаси, Марокаш

“Аш-Шифо” асари муқаддима ва 4 қисмдан иборат. Муқаддимада муаллиф асарнинг ёзилиш сабаби ҳақида сўз юритади. Биринчи қисм Аллоҳ таолонинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ша’нини қавлан ва фе’лан улуғлашлиги хусусида. Иккинчи қисм инсонларнинг Пайғамбар алайҳиссалом қаршисидаги вазифалари хусусида. Учинчи қисм Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида ўйланиши ва сўзланиши жоиз ва мустаҳил (мумкин бўлмаган) бўлган ишлар ҳақида. Тўртинчи қисм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тил теккизган ёки у зот борасида хатоликка йўл қўйганларнинг ҳукмлари борасида.

“Аш-Шифо” китоби мусулмон оламида жуда кенг тарқалган. Вақт ўтиши билан эса унга ёзилган кўплаб шарҳ, мухтасар, талҳис, тахрижлар дунёга келган. Ҳожи Халифа “Кашф азуз-зунун” асарида “аш-Шифо” хусусида асар битган 22 та муаллиф ва уларнинг асарлари номларини келтиради. Машҳур аллома Жалолиддин Суютий (ваф. 911/1505) “аш-Шифо”даги хабар ва ҳадисларнинг тахрижига бағишланган “Маноҳил ас-сафо фи тахрижи аҳодис аш-Шифо” номли та’лифотни амалга оширган. Унда жами 1326 та ҳадис ва хабар тахриж қилинган. “Аш-Шифо” га ёзилган шарҳлар сирасида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин:

1. Абдуллоҳ ибн Аҳмад Тижоний – “Ал-Вафо фи шарҳ аш-Шифо”.

2. Тожуддин Яманий – “Ал-Иктифо фи шарҳи алфоз аш-Шифо”.

3. Нуриддин Али ибн Муҳаммад Оқбарс – “Фатҳ ас-сафо ли шарҳи ма’они алфоз аш-Шифо”.

4. Абу Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Тилимсоний – “Куняту аҳл ас-сафо фи шарҳ аш-Шифо”.

5. Шуммуний – “Музил ал-ҳафо ан алфоз аш-Шифо”.

6. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳасаний Тилимсоний – “Ал-Манҳал ал-асфо фи шарҳи ма тамассул-ҳожату илайҳи мин алфоз аш-Шифо”. Хожа Халифа бу асарни “аш-Шифо”нинг энг гўзал шарҳларидан бири эканини қайд этган.

7. Шамсуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Далажий Усмоний – “Ал-Истифо ли баёни маони аш-Шифо”.

8. Мулла Алий Қорий – “Шарҳ аш-шифо фи шамоили Соҳиб ал-истифо”.

9. Шаҳобиддин ал-Ҳафожий – “Насим ар-риёз фи шарҳи Шифо ал-Қози Иёз”.

10. Абулҳасан Алий ибн Аҳмад Фосий Ҳурайший – “Фатҳул-файёз фи шарҳ аш-Шифо ли-л-Қози Иёз”.

“Аш-Шифо”га ёзилган шарҳлар орасида энг машҳури ва кенг тарқалгани Мулла Али Қорий (ваф. 1014/1606)нинг “Шарҳуш-шифо фи шамоили соҳибил-истифо” асаридир. Ушбу шарҳнинг сўнги замонавий нашри Байрутда 2001-йилда 2 мужалладда амалга оширилган. Замонамизнинг таниқли олимларидан Ваҳба Мустафо Зуҳайлий “Аш-шифо” ва Мулла Алий Қорийнинг шарҳи асосида ба’зи ўзгартириш ва қўшимчалар билан “Шамоил ал-Мустафо” асарини ёзган. Мазкур асар 2017-йилда Тошкентда Абдулазиз Мўмин қалами билан ўзбек тилига таржима қилинди. “Аш-Шифо” асарининг тўлиқ ўзбекча таржимаси эса, Жалолиддин Ҳамроқулов томонидан амалга оширган ва ушбу таржима 2022-йилда нашр қилинган.

Манбалар

  1. ↑ ʿАъиша Бинт ʿАбдурраҳман Беwлей, Муҳаммад صلى الله عليه وسلم Мессенгер оф Аллаҳ: аш-Шифаъ оф Қади ʿИяд (Гранада: Мадинаҳ Пресс, 1992)