Asiriddin Axsikatiy
Асириддин Абул Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир (таҳаллуси: Ахсикатий[1]) — Форсийнавис шоир. Ўн икки минг байтдан ортиқ қасида, ғазал, қитъа, таржиот ва рубоийдан иборат девон тузган ёзувчи[2]. Ироқ ва Озарбайжон шаҳарларида бўлган. Қасиданависликда шуҳрат қозонган. Аксар қасидалари ҳукмдорлар ва таниқли шахсларга бағишланган. Унинг юксак санъат намунаси бўлган 560 та рубоийи ҳам маълум[2].
| Асириддин Ахсикатий | |
|---|---|
| Асл исми | Асириддин Абул Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир |
| Таваллуди |
1108-йил |
| Вафоти |
1198-йил Озарбайжон Халхол шаҳри |
| Тахаллуси | Ахсикатий |
| Ижод қилган тиллари | форс |
Биографияси
Асириддин Ахсикатий 1108—1110-йиллар оралиғида ўша даврда Фарғона вилоятининг пойтахти бўлган Ахсикент шаҳрида (Ҳоирга Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд қишлоғи) таваллуд топган. Шу ерда бошланғич таълим олиб, кейин Балх, Ҳирот ва Марв шаҳарларида илмини яхшилаган. Асириддин Ахсикатий риёзиёт, тиббиёт, кимё, мунажжимлик, астрономия, фалсафа, грамматика каби амалий илмларни ўрганган. Салжуқий ҳукмдори Султон Санжар (1118—1157) ҳукмронлиги тугатилгандан сўнг, Асириддин Ироқи Ажам ҳукмдори Арслон ибн Тўғрул ва Қизил Арслонлар саройида хизмат қилган. Саройда ҳукмдорларга атаб қасида ва мадҳиялар яратган. Тез орада шоир маликушшуорлик даражасига кўтарилади аммо унга қарши фитна-фасодлар уюштирилиб, уни кофирликда айблашади ва натижада Қизил Арслон Асириддинни саройдан қувиб юборади. Кейинчалик моддий-қийин аҳволда ҳаёт кечирган Асириддин Ахсикатий 1196—1198-йиллар орасида Озарбайжоннинг Халхол номли шаҳрида вафот этади[3].
Асириддин Ахсикатий араб ва форс тилларини ва шу халқларнинг адабиётини, Ислом дини ва тарихини яхши билган. Унинг 1343-йили хаттот Абдулмўмин Улвий томонидан нусхаланган қадимий девони ҳозирги кунгача сақланиб қолган ва Лондонда „Индиа Оффиcе“ кутубхонасида сақланади. Девонда шоирнинг саккиз мингга яқин шеърлари жамланган. Улар икки юз йигирма ғазал, бир юз йигирма қасида, саксон рубоий ва қитъа, тўртта таркиббанд-таржи’банд ва йигирма тўртта фарддан ташкил топган[3]. Шоирнинг қасидалари аёлларни васф этиш, ишқни куйлаш, йил фасллари тавсифи, ўзининг ҳолатини баён қилиш, панду насиҳат ва ҳикматлардан таркиб топган.
Асириддин Ахсикатий ижоди Эронда ўрганилган, Лондонда сақланаётган қўлёзма девони 1958-йили Теҳронда чоп этилган. У ҳақида И.Ҳидоятовнинг „Тожик-совет энсиклопедия“сида (758-бет) махсус мақола ёзилган.
Манбалар
- ↑ „«Манбашунослигимиз достонларга таяниб тарих битадиган даражада қашшоқ эмас» - Ахсикент тарихи мунозараси“ (2019-йил 3-ноябр). Қаралди: 10-июн 2023-йил.
- ↑ 2,0 2,1 З. Мунавваров ва бошқалар. Ренессанс олимлари қомуси (ўзбекча, инглизча ва арабча), 2021-йил — 50-бет. ИСБН 978-9943-7557-7-2.
- ↑ 3,0 3,1 Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ. Марказий Осиёда ислом маданияти. Шарқ нашриёти матбаа аксиядорлик компанияси, 2005 — 307-384-бет.