Астрономик соатлар – Астрономик кузатишларда қўлланиладиган аниқ ва хатосиз юрадиган соатлар. Вақтни катта аниқлик билан билиш астронометрияда ва амалий астрономиянинг бир неча бўлимларида жуда зарур ҳисобланади. Қадим замонлардан то ХВ аср гача астрономия ва бошқа эҳтиёжлар учун қуёш, қум ва сув соатларидан фойдаланиб келинган. Механизмли соат астрономияда биринчи марта 1484-йилда қўлланган. 1647-йилда Гюйгенс (Голландия) маятникли соатларни ихтиро қилгандан сўнг улар астрономияга ҳам жорий этилди. Бундай соатлардан ХХ аср ўрталаригача астрономик расадхоналарда фойдаланиб келинди. Денгизда сузиш ва авиацион астрономияда маятникли соатлардан фойдаланиб бўлмаслик хронометрии ихтиро этишга олиб келди. Унинг аниқлиги маятникли соатларникидан кам. Энг кўп тарқалган маятникли Астрономик соатлар „Рифлер“, „Шорт“, „Эталон“ соатларини кўрсатиш мумкин.

ХХ аср 40–50-йилларида астрономияда кварс соатлари ва кейинроқ атом соатлари қўлланила бошланди. Маятникли соатларда тебраниш даврининг ўзгармас бўлишини маятник бажарса, кварс соатларида кварсдан тайёрланган пластинканинг пезоэлектрик тебраниши, атом ёки молекуляр соатларда эса атомларнинг молекуладаги ҳаракати (масалан, азот атомининг аммиак молекуласидаги даврий тебраниши) бошқаради. Атом соатларининг аниқлиги 10-9 – 10-10 сек. Атом соатларининг 00 соат 00 минут 00 секунди жойлардаги ҳар бир сутканинг бошланишига аниқ мос тушиши шарт. Бу масала осмонда олдиндан танлаб олинган бир неча ўн юлдузнинг жойлардаги меридиандан ўтиш вақгини махсус пассаж асбоби ёрдамида аниқлаб ҳал этилади.

Ўзбекистон Фанлар Академияси Астрономия институтида юқорида номлари келтирилган соатларнинг ҳар қайсисидан бор. Улардан „ўз вазифасини бажариб“ бўлганларининг ноёблари мазкур институтда ташкил этилган музейда сақланмоқда[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент 2000-йил

Ҳаволалар