Атараксия (юн. атарахиа – хотиржамлик) – юнон этикасида руҳий осойишталик, хотиржамликни билдирувчи тушунча. Демокрит та’лимотида Атараксия ҳаёт ташвишларидан, ўлим, қўрқув ва ҳар қандай руҳий ҳаяжондан холи бўлган, кишида эҳтирослар устидан ақл ҳукмронлик қиладиган ҳолатни англатади. Атараксияга оид ғоялар кейинчалик Эпикурнинг ахлоқий та’лимотида ривож топди. Унинг фикрича, Атараксия ҳаётнинг энг олий идеали бўлган донишманд шахснинг ички ва ботиний эркинлик ҳолатидир. У ҳаёт қувончларидан лаззатланишга ва ҳузур қилиб ором олишга ундайди. Скептиклар (масалан, Пиррон) фикрича, инсон бахти – ҳаёт воқеаларига бепарво қараш, хотиржам ҳаёт кечиришга ўрганишдир. Тиббиётда Атараксия беморнинг хотиржам, тинч ва безовта бўлмасдан дам оладиган ҳолатини ифодалайди. Шу сабабли шифокорлар унга муолажанинг ма’лум қисми сифатида ҳам қарайдилар.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил