Ateroskleroz
Атеросклероз (юнонча атҳера – бўтқа ва склероз) – ёғсимон модда (липоид)лар алмашинуви бузилиб, уларнинг артерия ички қаватида тўпланиши ва бириктирувчи тўқиманинг ўсиб кетиши натижасида келиб чиқадиган сурункали касаллик. Атеросклероз қон айланишининг умумий ва маҳаллий бузилиши билан бирга кечади. Артерия девори тўқимаси хужайраларидаги ўзгаришлар, уларда кечадиган био-кимёвий жараёнлардаги бузилишлар атеросклероз пайдо бўлиши ва ривожланишида муҳим рол ўйнайди. Артериялар деворининг айрим соҳаларида фиброз тўқима ривожланиши, шу соҳаларда холестерин ва бошқа моддалар йиғилиши атеросклероз пайдо бўлишига олиб келади. Бу артериал қон босимининг кўтарилиши ёки артериал гипертензияга (қаранг қон босими) бевосита боғлиқ. Атеросклероз авж олишига сабаб бўладиган касалликлардан бири қандли диабетдир. Бундай беморлар врачнинг доимий кузатуви остида бўлишлари лозим. Атеросклерозга мойиллик кейинги авлод вакилларининг маълум бир қисми орасида ирсий йўл билан ўтади; ота-онаси атеросклероз билан оғриган шахслар ирсий мойилликка йўл қўймаслик учун унинг олдини олиш чораларини кўришлари зарур. Атеросклерозда барча артерияларнинг умумий зарарланиши кам учрайди. Асосан, бош мия, юрак, буйрак ва оёқ томирлари зарарланади. Бош мия томирларида атеросклеротик ўзгаришлар авжига чиққанда қон айланишининг ўткир бузилиши – инсулт рўй бериши мумкин. Юрак мускулини қон билан таъминлайдиган томирлар атеросклерози тож томирлар етишмовчилигининг юзага келишига сабаб бўлади. Бундай етишмовчилик оқибатида стенокардия, миокард инфаркти ва юракнинг бошқа касалликлари ривожланиши мумкин. Оёқ артериялари склерозида оёқлар бўшашади, болдир мускуллари оғрийди ва тортишади, юришда ўзгариш кузатилади. Атеросклерознинг олдини олиш учун артериялар деворининг бутунлигини сақлаш ва уларда холестерин йиғилишига йўл қўймаслик мақсадида беморнинг ҳаёт тарзига доир врач маслаҳатлари ва тавсияларини бажариш керак.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |