Атирқовун (Мелодудаим) – Қовун (Мело) туркумига, қовоқдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўсимлик. Бўйи 30 – 80 см. Барги тўгарак ёки тухумсимон. Гули бир ёки икки жинсли. Меваси думалоқ, диаметри 5,5 – 6 см. Хушбўйлиги билан бошқа қовунлардан ажралиб туради. Атирқовун экилишига қараб июл – сентабр ойларида гуллайди. Ер юзида кенг тарқалган. Уни Ўрта Осиё, Закавказе, Эрон, Афғонистон, Кичик Осиё, Ўрта денгиз бўйи, Америка ва бошқа ерларда учратиш мумкин. Атирқовун Ўзбекистоннинг деярли ҳамма вилоятларида, айниқса, Сурхондарё ва Хоразм вилоятида манзарали ўсимлик сифатида экилади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент 2000-йил