Ацидоз (юнонча аcидус – Нордон) – Организмда (қон ва суюқликларда) кислота-ишқор мувозанатининг бузилиши: Бунда ишқорий катионлар билан кислота анионлари ўртасидаги нисбат ўзгариб, анионларнинг кўпайиб кетиши томонга силжиш рўй беради. Ацидознинг келиб чиқиш сабабига кўра, газли, газсиз, моддалар алмашинуви билан боғлиқ ва бошқа хиллари фарқ қилинади. Бунда организмда нормал шароитда меъёри билан парчаланадиган ва тезда чиқиб кетадиган кислотали моддалар ортиқча ҳосил бўлиб, қонда ва тўқималарда уларнинг консентрацияси кўпайиб кетади. Ацидоз унча баланд бўлмаса, организм тўқималаридаги реаксия деярли ўзгармайди. Лекин Ацидоз анча зўрайиб кетганда организм заҳарланиб, унда талайгина ўзгаришлар (айниқса оғир кечадиган қандли диабет) рўй беради: беморнинг тобора тинкаси қуриб, боши оғрийди, кўнгли айниб, қайт қилади. Ҳадеб мудрайди, ҳушидан кетади. Ацидоз рўй берганда дарҳол шифокорга мурожаат этиш керак[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент 2000-йил