Aureliyalar
Аурелиялар – Денгиз ликопчалари (Аурелиа) – сифомедузалар синфи дискомедузалар туркумига мансуб медузалар уруғи. Танаси соябон шаклида, диаметри 5–10 см, баъзан 40 см гача. Соябони атрофида жуда кўп калта пайпаслагичлари, улар асосида 8 та статоцистлари жойлашган. Оғзи соябонининг остки қисмида, квадрат шаклида. Оғиз атрофидан 4 та оғиз бўлаклари осилиб туради. Аурелияларнинг шаффоф танаси орқали ошқозон деворида жойлашган 4 та қизғиш тақасимон жинсий безлари кўриниб туради. Аурелиялар соябони девори мускулларининг қисқариши туфайли секин сузади. У ҳаёт сиклида жинсий медуза босқичини жинссиз полип босқичи билан алмаштириб туради. 7 тури маълум. Қора, Болтиқ, Баренс, Оқ денгизларда Аурелиялар аурита кенг тарқалган, баъзан сув юзасида жуда кўп миқдорда пайдо бўлади. Узоқ Шарқ денгизларида бу тур билан бирга аурелиялар лимбата учрайди. Аурелиялар баликларга озиқ бўладиган майда планктон организмлар ва балиқ чавоклари билан озиқланиб, балиқчиликка зиён келтиради[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ҳайвон ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |