Авесто (парфиёнча: апастак — матн; кўпинча, „Зенд-Авесто“, яъни „тафсир қилинган матн“ деб аталади) — жаҳон маданиятининг, жумладан, Марказий Осиё ва Эрон халқлари тарихининг қадимги ноёб ёдгорлиги; динининг Муқаддас китоблари тўплами.

Авесто

Зардушт динига амал қилувчиларнинг муқаддас китоби сифатида Ягона Тангрига топиниш шу таълимотдан бошланган. Бу китоб таркиби, ифода услуби ва тимсоллар тизими билан адабий манбаларга яқин туради. „Авесто“да тилга олинган жой номлари (Варахша, Вахш)дан келиб чиқиб, унинг Амударё соҳилларида яратилгани аниқланган. Шу асосда унинг ватани Хоразмдир деган қараш мавжуд.
„Авесто“ оромий ва паҳлавий ёзувлари асосида яратилган махсус алифбода дастлаб тўққизта ҳўкиз терисига ёзилган. Илк нусхалари асосида сосонийлар (милоддан аввалги ИВ-ВИИИ-аср) даврида 21 китоб ҳолида йиғилган, бизгача уларнинг чорак қисми (4 дан 1 қисми) етиб келган. Тикланган матнга „Занд“ номи билан шарҳлар битилган.

„Авесто“ тўрт қисмдан иборат:

  • Ясна („Диний маросимлар“),
  • Яшт (маъно жиҳатдан Яснага яқин),
  • Виспарад („Барча Илоҳлар ҳақидаги китоб“),
  • Вендидад („Ёвуз руҳларга қарши қонунлар мажмуаси“).


Ясна таркибига кирган мадҳлар „Гатлар“ (айрим манбаларда „гоҳлар“) деб номланиб, уларни Зардуштнинг ўзи ёзган деб тахмин қилинади. Гатлар таркибида Жамшид (Йима), Гершасп, Афросиёб (Алп Эртўнга) каби афсонавий қаҳрамонлар ҳаёти лавҳалари учрайди.
„Авесто“ инсоният сивилизация тарихининг илк саҳифаларини ташкил этгани учун жаҳон олимларининг эътиборини тортган. У ҳақда Ф.Ницше, Ф. Шпигел, А. Майллет, В. Бартолд, Э. Бертелс, Ян Рипка, О. Маковелский, И. Брагинский ва бошқа хорижий олимларнинг тадқиқотлари мавжуд.

Ўзбекистонда „Авесто“ни ўрганиш қадимдан бошланган. Абу Райҳон Беруний, Абу Жафар Табарий, Абу Бахр Наршахий асарларида „Авесто“ таълимотига ва унда тилга олинган тимсолларга мурожаат мавжуд. Бу нодир илмий асарларнинг қўлёзма ва босма нусхалари ЎР Фанлар Академияси ШИ жамғармасида сақланади. Ҳозирги ўзбек олимлари А.Қаюмов, Ҳ. Ҳомидов, М. Ис’ҳоқов, Н. Раҳмонов ва бошқаларнинг илмий тадқиқот ва мақолалари эътиборли.

Ўзбекистон Республикаси ҳукуматнинг қарори билан 2001-йилда „Авесто“нинг 2700-йиллиги нишонланди. „Авесто“ ватани Хоразмда боғ барпо қилинди, асарнинг ўзбек тилидаги таржималари чоп этилди, у ҳақида янги тадқиқотлар юзага чиқди.

Кўпчилик тадқиқотчилар фикрига кўра, А. Ўрта Осиёда, хусусан Хоразмда милоддан аввалги 1-минг йилликнинг 1-ярмида вужудга келган. А.да келтирилган географик маълумотлар ҳам буни тасдиқлайди. Масалан, Худо яратган ўлкалар санаб ўтилар экан, бойлиги ва кўркамлиги жиҳатидан қадимги Хоразм, Гава (Суғд), Марғиёна (Марв), Бақтрия (Балх) биринчи бўлиб тилга олинади, Орол денгизи (Ворукаша ёхуд Вурукаша) ва Амударё (Даити) тавсифланади. А.даги халқнинг дастлабки ватани Сирдарё, Амударё этаклари ва Зарафшон водийси бўлган. А. узоқ вақт мобайнида шаклланган. Унда келтирилган маълумотларнинг энг қадимги қисмлари милоддан аввалги 2-минг йиллик охири– 1-минг йиллик бошига оид бўлиб, оғзаки тарзда авлоддан-авлодга ўтиб келган. Кейинги асрларда таркибига турли диний урф-одатлар баёни, ахлоқий, ҳуқуқий қонун-қоидалар ва ҳоказо қўшилиб борган. А.ни Зардушт диний асар сифатида бир тизимга солган. Дастлабки ёзма нусхаси эса 12 минг мол терисига битилган деб ривоят қилинади. У Персеполаа сақланган. Александр (Македониялик Искандар) Эронни забт этганда, бу нусха куйдириб юборилган. Аршакийлардан Вологес И даври (51–78)да қайта китоб қилинган, лекин у сақланмаган. Сосонийлар даври (ИИИ–ВИИ аср)да яхлит китоб ҳолига келтирилган. А. 21 наск (қисм)дан иборат бўлган. А. ҳажми катта китоб бўлганлиги сабабли диндорлар кундалик фаолиятида фойдаланиш учун унинг ихчамлаштирилган шакли — „Кичик А.“ (Хурдак А.) яратилган. Араблар Эронни фатҳ этгач (ВИИ аср) Зардушт дини руҳонийларининг бир қисми Ҳиндистонга кўчиб ўтган. Уларнинг авлодлари (парслар) Бомбай шаҳрида ўз жамоаларида ҳозиргача А.нинг асл нусхасини сақлаб келади. Франсуз тадқиқотчиси Анкетил Дюперрон Зардушт издошлари жамоасида яшаб, А. тилини ва ёзувини урганиб, уни таржима қилиб нашр этган (1771). А.нинг бу нусхаси 27 жилддан иборат бўлиб, асарнинг еттидан бир қисмидир. У Ясна, Висперед, Вендидад, Гатлар ва Яштлар номи билан юритиладиган китобларни ўз ичига олади. А.да баён этилган ғояларга кўра, олам икки асоснинг, икки ибтидонинг, яъни ёруғлик билан зулматнинг, яхшилик билан ёмонликнинг тухтовсиз курашидан иборат. Яхшилик ва эзгулик Худоси Аҳурамазда ер, ўсимлик ва бошқа ҳамма табиий бойликларни яратган. Ёмонлик ва ёвузлик тимсоли Анхрамайну Аҳурамаздага қарши тўхтовсиз курашади, аммо уни енгишга ожизлик қилади. Бу кураш абадий давом этади. Яхшиликни ифодаловчи кучлар осмонда, ёмонликни ифодаловчи кучлар ер остида жойлашган, ер сатҳи эса кураш майдонидир. Ҳаётдаги турфа ўзгаришлар қайси кучнинг ғалаба қилишига боғлиқ. Инсон ҳам тана ва руҳнинг, ахлоқ эса яхши ва ёмон хулқнинг ўзаро курашидан иборат. Чексиз, абадий фазо ва вақт ҳам икки қарама-қарши қисмдан: яхшилик ва Аҳурамазда ҳукмрон бўлган абадий ёруғлик билан ёмонлик ва Анҳрамайну ҳукмрон бўлган абадий зулматдан ташкил топади. А. таълимотига кўра, биринчи инсон Говамард (ҳўкиз-одам; форсча Қаюмарс) бўлиб, ундан барча кишилар тарқалган. Биринчи шоҳ Йима даври олтин давр ҳисобланган, чунки унда ўлим бўлмаган, Аҳурамазда доимий баҳор яратган. Кишилар бекаму куст, бахтиёр яшаган. 900 йил утгач шоҳ Йима ғурурга берилиб, ман этилган сигир гўштини ейди ва ёвузлик рамзи Анҳрамайну ҳукмидаги кучлар бош кўтаради. Оламни музлик қоплайди. Йима Аҳурамазда амри билан одамлар ва ҳайвонларни совуқдан сақлаб қолиш учун қўрғон (вар) қуриб, унга ҳар бир жонзотдан бир жуфтини жойлаштирган. Инсоният тарихининг илк олтин даври тугагач, Ҳайр билан Шарр (яхшилик ва ёмонлик) ўртасидаги кураш даври бўлган иккинчи давр бошланган. Учинчи даврда Аҳурамазда ғалаба қилиб, эзгулик салта-нати барқарор бўлади, ўлганлар тирилади. А.нинг ахлоқий-фалсафий моҳияти „эзгу фикр“, „эзгу сўз“ ва „эзгу амал“ Муқаддас учлик (ахлоқий триада)да ўз ифодасини топади. Зардушт издошларининг ибодат олдидан айтиладиган нияти, сўзлари шу 3 ибора билан бошланади. А. ўзбек, умуман Ўрта Осиё, Эрон, Озарбайжон халқларининг қадимги даврдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, диний қарашлари, олам тўғрисидаги тасаввурлари, урф-одатлари, маънавий маданиятларини ўрганишда муҳим ва ягона манба. „Бу нодир китоб бундан 300 йил муқаддам икки дарё оралиғида, мана шу заминда умргўзаронлик қилган аждодларимизнинг биз авлодларига қолдирган маънавий, тарихий меросидир“ (И. А. Каримов, „Адолатли жамияцари“. Т., 1998, 39—40-бетлар). Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббуси билан ЙУНЕСКО Бош конференсияси 30-сессияси „Авесто“ яратилганининг 2700-йиллигини дунё миқёсида нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди (1999-йил ноябр). „Авесто“нинг жаҳон маданияти ва динлар тарихида тутган ўрнини ҳисобга олган ҳолда ҳамда юқоридаги қарордан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси махсус қарор эълон қилиб (2000-йил 29-март), „Авесто“нинг 2700-йиллигини нишонлаш тадбирларини белгилади. Унга кўра 2001-йилнинг октабр ойида Ўзбекистонда халқаро илмий кон-ференсия ва тантанали байрам тадбирлари ўтказилади. Ад: Кадиров М., Отривки из Авести (перевод), Материали по истории обше-ственно-философской мисли в Ўзбекистане, Т., 1976; Маковелский А. О., Авеста, Баку, 1960;Сагдуллаев А. С.,Қадимги Ўзбекистон илк ёзма манбаларда, Т., 1997.Муҳаммаджон Ҳодиров[1].

Нашр қилинган адабиётлар

  • Авесто. Ўзбекча таржима (Асқар Маҳкам тарж.)-Т.:2001.
  • „Авесто“дан (тарж. М. Ишоқов). Ўзбек тили ва адабиёти журнали, 1999, # 2-4

Илмий адабиётлар

  • Абу Райҳон Беруний. Ал-осорул-боқия ан-ал қарунул-ҳолия.-Т.:1969
  • Абу Баҳр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий. Бухоро тарихи. — Т.: 1966
  • А. Қаюмов. Қадимият обидалари. — Т.: 1971
  • Ҳ. Ҳомидов. „Авесто“ файзлари. — Т.: 2001
  • Н. Раҳмонов. „Авесто“нинг пайдо бўлиши. — „Ўзбекистон овози“ газ., 2001, 26-май.
  • Н. Раҳмонов. „Авесто“: Замин, ватан демакдир. — „Ўзбекистон овози“ газ., 2001, 25-сентабр.

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар