Авитаминоз (юнонча „а“ — инкор қўшимчаси ва витаминлар) — организмда витаминлар етишмаслиги натижасида пайдо бўладиган касаллик. Масалан, витамин C етишмаслиги лавша (синга), витамин Б, етишмаслиги бери бери, витамин Д етишмаслиги рахит, витамин РР етишмаслиги пеллагра касаллигига сабаб бўлади. Ҳомиладорликда, кўпинча туққандан кейин рўй берадиган чиллашир касаллиги ҳам авитаминоз натижасидир. Битта витамин етишмаса моно, кўп витамин етишмаса полиавитаминоз келиб чиқади. Биринчи марта 1880-йилда рус врачи Н. И. Лунин авитаминозни тажриба йўли билан ҳосил қилган. Авитаминознинг олдини олиш учун витаминга бой сабзавот ва меваларни кўпроқ истеъмол қилиш, витаминли маҳсулотларни яхши сақлаш, овқат пиширганда витаминларнинг парчаланиб кетишига йўл қўймаслик, қаттиқ қовурмасдан қайнатиб истеъмол қилиш керак.

Белгилари

Авитаминоз касаллигида беморларда асосан рангпарлик, умумий ҳолсизлик, соч тўкилишига мойиллик, тиш ва тирноқлар мўртлиги, милкларда қонаш каби белгилар кузатилади.

Давоси

Авитаминозни даволашда витаминга бой таомлар буюрилади ёки организмда қайси витамин етишмаса, ўша витамин препаратлари берилади. Авитаминоз ҳайвонларда ҳам учрайди. Бундай ҳайвон кўпинча қисир қолади ёки бола ташлайди. Янги туғилган боласи яхши ўсмайди, ҳатто тез кунда нобуд бўлади. Касалликнинг олдини олиш учун ҳайвонларни, айниқса ёш ҳайвон ва паррандаларни сервитамин озуқалар билан боқиш керак[1].

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Авитаминоз“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (А-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.