Avtobachi
Автобачи – Кармана-Навоий ва Бухоро воҳалари оралиғидаги плато. Зарафшон дарёсининг шимолида жойлашган. Автобачи Зарафшоннинг қадимги аллювий ётқизикларидан ташкил топган. Аллювиал ётқизиқларни Зарафшон дарёси кесиб ўтиб, шимолида Автобачи ва жанубида Қизилтепа платоларини ҳосил қилади. Автобачи ён-атроф текисликларидан 4–5 м кўтарилган. Эчкили дашти деб аталган ғарбий қисми бора-бора Қизилқумга туташиб кетган. Автобачининг усти ясси текислик, унда ётиқ ён бағирли ва ясси тубли пастқамликлар мавжуд бўлиб, бир вақтлар сув оққан ўзанларнинг излари сақланган. Туби тақирли ботиқлар ҳам бор. Автобачи неоген даврининг қум-тош, гил, мергел жинслари, Зарафшон дарё-сининг қадимги силлиқланган шағал тошларидан иборат қисқа антиклинал устида таркиб топган. Шагал тошлар 20 м чуқурликкача, я’ни конгломератларгача сементлашган, қатламлар орасида қумтошнинг юпқа қатламчалари учрайди. Шағал тошларнинг юқори қисми (2 м чуқурликкача) гипслашган. Улар устида сергипс қумоқ ва қумлоқлар мавжуд. Грунт сувлари конгломератларда 10 – 25 м чуқурликда шўрланган (1 л сувда 10–12 г туз бор), дарё водийсига яқинлашган сари су-вининг шўрлиги камаяди. Автобачида шўртоб бўз-қўнғир тупроқлар тарқалган, таркибида гипс миқдори кўп (20–30% ва ундан зиёд). Биюрғун, боялич, шувоқ ва бошқа чўл ўсимликлари ўсади. Яйлов чорвачилигида фойдаланилади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |