Автомат линия – маҳсулот ишлаб чиқариш даги ҳамма амалларни маълум технология жараёнларига мос тартибда автоматик тарзда бажарувчи машиналар, асосий ва ёрдамчи жиҳозлар мажмуи. Автомат линия мавжуд ускуналарни автоматлаштириш асосида ёки махсус автоматлар, ярим автоматлар ва агрегат станоклар қуриш асосида вужудга келтирилади. Автомат линия авиация, автомобил, трактор заводлари ва бошқа кўплаб маҳсулот ишлаб чиқарадиган заводларда силиндрлар блоки, вал, поршен каби деталлар ишлаб чиқаришда, йиғув жараёнида қўлланилмоқда. Масалан, Тошкент қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводида, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводида, Асака (Андижон)даги „ЎзДЕУ авто“ корхонасида, „Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси“ давлат аксиядорлик жамиятида автомат линия ишлаб турибди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил