Авторитар шахс — обрўли шахсларга сўзсиз итоаткорлик ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш хусусияти билан тавсифланадиган шахс тури. Концептуал жиҳатдан авторитар шахс атамаси Эрих Фромнинг асарларидан келиб чиққан бўлиб, одатда ўз қўл остидагиларига нисбатан қаттиқ ва зулмкор шахсни намоён этадиган эркаклар ва аёлларга нисбатан қўлланади.

Баъзи инсонлар эрта ижтимоийлашув оқибатида стереотип фикрлаш ва проексияга ўта мойил бўлиб қолишлари эҳтимолдан ҳоли эмас. Бунга бостирилган хоҳишлар сабаб бўла олади. АҚШда 1940-йилларда Теодор Адорно томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижасида олимлар томонидан авторитар шахс деб аталган шахс тури истеъмолга киритилди. Адорно сохта фикрлаш даражасини ўлчаш учун бир неча махсус шкалалар ишлаб чиқди. Респондентлардан бир қатор қолоқ ғояларга, масалан, антисемитизмга фикр билдиришлари сўралди. Бир шкалага кўра, сохта фикрлаш даражаси юқори бўлган одамда бу кўрсаткич бошқа шкалада ҳам юқори бўлди. Яҳудийларга нисбатан салбий фикрда бўлган одамлар одатда бошқа майда миллатларга ҳам шундай муносабатда бўлганлар. Тадқиқотчилар шуни аниқладиларки, авторитар шахслар одатда қатъий конформистлар, ўзидан юқорида турадиганларга итоаткор бўлиб, пастдагиларни назарга илмайдилар. Бундай инсонлар шунингдек ўзининг диний ва жинсий ҳаётида ҳам ўта қатъийдирлар[1].

Адорно ва унинг ҳамкасабаларининг фикрича, авторитар шахсга хос хусусиятлар унинг тарбиясидан, ота-онасининг болага севгисини ифода эта олмаслиги ва ўта талабчанлигидан келиб чиқади. Бундай инсон улғайиб турли хавотирлардан азият чекади ва рақобатгина қатъий консерватив дунёқарашни қабул қилиб, бундай хавотирни енга олади. Бу кашфиёт респондентларнинг баъзи бир-бирига зид ғояларга бўлган реаксиясини ўрганиш натижасида юзага келди. Масалан, қуйидаги ғоялар таклиф этилган:

  • Яҳудийлар ҳанузгача Америка жамияти учун ёт унсурдир, чунки улар ўз ҳаёт изчилликларини сақлаб қолиб, америкача ҳаёт тарзига қарши чиқмоқдалар.
  • Яҳудийлар ўзларининг келиб чиқишини яшириб юрадилар ва исмини ўзгартириш, бурнини тўғрилаш ва христиан урф-одатларга тақлид қилиш каби ўта қатъий чораларга қўл урадилар.

Биринчи фикрга қўшилганларнинг аксарияти иккинчисига ҳам қўшилдилар. Худди шу тарзда, яҳудийлар ўта зиқна ва катта бизнесни назорат қиладилар, деган фикрга қўшилганлар, яҳудийлар бизнесга ишонмайдилар ва унга катта зарар етказадилар, деган фикрга ҳам розилик билдирганлар.

Бу тадқиқот ва унинг натижасида чиқарилган хулосалар кўп танқидий фикрларга сабаб бўлди. Баъзилар ўлчов шкалаларининг ҳақиқатни акс эттиришига шубҳа билан қарадилар, бошқалар авторитарлик шахсий хусусият эмас, балки жамиятдаги кичик маданиятларнинг ва рисоладаги муносабатларнинг кўрсаткичи деган фикрни илгари сурдилар. Эҳтимол, бу тадқиқотнинг қиймати маълум бир шахс турини аниқлашда эмас, умуман авторитар фикрлашни тушунишга уринишдадир. Қандай бўлса ҳам, олинган натижалар ва бошқа тадқиқотлар натижалари ўртасидаги ўхшашлик аниқ кўзга ташланади. Масалан, Южин Ҳартлининг миллатлар борасида олиб борган тадқиқоти шуни кўрсатадики, бир этник гуруҳга салбий муносабатда бўлган одам одатда бошқаларига шундай муносабатда бўлади. Валлонлар, пиренстликлар ва данирейликларни ҳеч ким яҳудий ёки қора танлилардан кўра кўпроқ ёқтирмас эди. Келтирилган биринчи уч миллат аслида мавжуд эмас. Бу номларни Ҳартли одамларни ўзи билмаган миллатга қарши қай даражада салбий муносабатда бўлишини аниқлаш учун тўқиб чиқарган эди[2][3].

Манбалар

  1. ↑ Адорно W. Тҳеодор. Тҳе Аутҳоритариан Персоналитй. Неw Ёрк, 1969. 
  2. ↑ Ҳартлей Э.. Проблемс ин Прежудиcе. Неw Ёрк, 1946. 
  3. ↑ Антҳонй Гидденс. Соcиологй. Политй Пресс, 2006.